Қурбонликнинг вақти
Ҳаётда шундай ибодатлар борки, уларнинг вақти таъйин қилинмаган, хоҳлаган пайтда бажарилса ўз ўрнига тушади, амални бажарган кишига савоб ёзилаверади. Масалан, таҳорат, тиловат, зикр, салавот, сабр, шукр, яхшилик ва ҳоказолар. Бу амалларни хоҳлаган пайтда бажарган киши ажр-мукофотга эга бўлаверади.
Яна шундай ибодатлар ҳам борки, у учун вақт таъйин қилинган. Белгиланган вақтидан олдин ёки кейин адо этилса, ўз ўрнига тушмай қолади. Масалан, намоз, рўза, ҳаж, ифторлик, саҳарлик ва ҳоказолар. Буларнинг ҳар бири учун белгиланган ўз вақти бор. Вақтидан олдин адо этилса ёки ортга сурилса, кўзланган мақсад ҳосил бўлмай қолади.
Ана шундай ибодатлардан бири қурбонликдир. Фуқаҳоларимиз қурбонликнинг истилоҳий маъносини таърифлаб, «Қурбонлик бу – махсус ҳайвонни махсус вақтда сўйишдир», деганлар.
Қурбонлик шариатга ҳижрий иккинчи санада киритилган. Ҳанафий мазҳаби бўйича ҳур, балоғат ёшига етган, оқил, муқим, яъни сафарда бўлмаган ва закот нисобига эга бўлган мусулмон шахсга қурбонлик қилиш вожиб бўлади. Қурбонлик қилишнинг вақти ҳайит намози адо этилгандан ҳайитнинг учинчи куни қуёш ботгунга қадар давом этади. Ундан олдин сўйилса ёки кейинга қолдирилса, у қурбонлик ўрнига ўтмайди.
عَنْ الْبَرَاءِ بْنِ عَازِبٍ قَالَ قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "اِنَّ اَوَّلَ مَا نَبْدَاُ بِهِ فىِ يَوْمِنَا هَذا اَنْ نُصَلِّىَ ثُمَّ نَرْجِعَ فَنَنْحَرَ فَمَنْ فَعَلَ فَقَدْ اَصَابَ سُنَّتَنَا وَمَنْ ذَبَحَ قَبْلَ الصَّلاَةِ فَاِنَّمَا هُوَ لَحْمٌ قَدَّمَهُ لِاَهْلِهِ لَيْسَ مِنَ النُّسُكِ فىِ شَيْءٍ .رواه البخارى.
Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дарҳақиқат, бугунги кунда аввал бошлайдиган ишимиз ийдул азҳо (қурбон ҳайити) намозини ўқиш, сўнгра (уйларимизга) қайтиб қурбонлик қилишдир. Ким шундай қилса, демак у суннатимизга мувофиқ иш қилибди. Ким ҳайит намозидан олдин сўйса, у қурбонлик эмас, балки ўз аҳли учун тақдим қилган гўштдир», дедилар» (Имом Бухорий ривояти).
Кейинги ҳадис ҳам бу фикрни тасдиқлайди.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга сўйиш куни, намоздан кейин хутба қилиб: «Ким намозимизни ўқиса, қибламизга юзланса ва қурбонлигимизни қилса, намоз ўқилмасдан олдин сўймасин!» дедилар» (Термизий ривояти).
Эътибор берадиган бўлсак, ҳар иккала ҳадисда қурбонлик ҳайит намози адо этилгандан кейин амалга оширилиши айтиб ўтилмоқда. Ким агар шошиб, намоздан олдин сўйиб қўйса, у қурбонлик эмас, балки оддий гўшт ўрнига ўтиб қолар экан. Бундай кишиларнинг зиммасидан қурбонлик соқит бўлмайди. Улар яна бошқатдан сўйишлари керак бўлади.
Шунинг учун биз ҳар қандай ибодатни ўз ўрнига туширишга астойдил ҳаракат қилмоғимиз керак. Акс ҳолда ибодатимиз оддий одатга айланиб қолиши ҳеч гап эмас.
ЭРКИН ҚУДРАТУЛЛОҲ,
Мир Араб ўрта махсус
ислом билим юрти мударриси