28.10.2023

САЛОМЛАШИШ ОДОБИ

Аллоҳ таоло башарият отаси Одам алайҳиссаломни яратган вақтда унга салом беришни таълим берган. Салом сўзи ана шу тарзда шариатга кириб келган ва инсонлар қалбида муҳим ўрин тутган.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб айтади:

فَإِذَا دَخَلْتُمْ بُيُوتًا فَسَلِّمُوا عَلَى أَنْفُسِكُمْ تَحِيَّةً مِنْ عِنْدِ اللَّهِ مُبَارَكَةً طَيِّبَةً كَذَلِكَ يُبَيِّنُ اللَّهُ لَكُمُ الْآَيَاتِ لَعَلَّكُمْ تَعْقِلُونَ  

“...Бас, қачонки, уйларга кирсангиз, бир-бирларингизга Аллоҳ ҳузуридан бўлган муборак, покиза саломни айтингиз (яъни “Ассалому алайкум” денг!) Сизлар ақл юргизишларингиз учун Аллоҳ ўз оятларини сизларга мана шундай баён қилур”. (Нур сураси, 61-оят)
Бошқа бир оятда Ҳақ таоло Салом бериш ва саломга қайтариладиган алик чиройли суратда бўлиши ҳақида марҳамат қилиб айтади:

وَإِذَا حُيِّيتُمْ بِتَحِيَّةٍ فَحَيُّوا بِأَحْسَنَ مِنْهَا أَوْ رُدُّوهَا

“Қачон сизларга бирор саломлашиш (ибораси) билан салом берилса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олингиз ёки ўша (ибора)ни қайтарингиз...”. (Нисо сураси, 86-оят)
Саломлашиш борасида Пайғамбар алайҳиссаломдан жуда кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Биз шу ўринда уларнинг айримларини келтириб ўтиш билан чекланамиз.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жоним қўлида бўлган Зот ила қасамки, мўмин бўлмагунингизча, жаннатга кирмассиз. Бир-бирингизни яхши кўрмагунча, мўмин бўлмассиз. Сизни агар (амал) қилсангиз, бир-бирингизни яхши кўргизадиган ишга далолат қилайми? Орангизда саломни кенг тарқатинг», дедилар». (Абу Довуд, Термизий ва Муслим ривоят қилганлар).

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ: لِيْ يَا بُنَيَّ إِذَا دَخَلْتَ عَلَى أَهْلِكَ فَسَلِّمْ يَكُنْ بَرَكَةً عَلَيْكَ وَ عَلَى أَهْلِ بَيْتِكَ. رَوَاهُ الْإمَامُ التِّرْمِذِي

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй ўғлим, қачонки уйингга кириб борсанг, аҳли оилангга салом бериб киргин. Шунда сенга ҳам аҳли оилангга ҳам барака бўлади», дедилар (Имом Термизий ривояти).
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамларнинг Аллоҳга энг яқини уларга энг аввал салом берганидир”, дедилар”. 
.
عَنْ ثَابِتِ بْنِ عُبَيْدٍ قَالَ: اَتَيْتُ مَجْلِسًا فِيهِ عَبْدُاللَّهِ بْنُ عُمَرَ فَقَالَ: إِذَا سَلَّمْتَ فأَسْمِعْ، فَاِنَّهَا تَحِيَّةٌ مِنْ عِنْدِ اللَّهِ مُبَارَكَةُ طَيِّبَةُ. رَوَاهُ الْبُخَارِي

Собит ибн Убайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Абдуллоҳ ибн Умар ўтирган масжидга кeлдим. У киши: «Қачон салом бeрсанг, эшиттириб бeр, чунки салом Аллоҳ таоло томонидан кeлган муборак, пок такбирдир», дeдилар”. (Имом Бухорий ривояти)
Бошқа бир ҳадисда айтилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Қайси амал энг яхши амалдир?” деб сўралганда, У зот: “Таниган ва танимаган одамингга таом улашмоғинг ва салом бермоғинг”, деб жавоб берганлар.
Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб: «Ассалому алайкум», деб салом берди. У зот алик олдилар. (Ҳалиги одам) ўтирди. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўнта», дедилар. Кейин бошқа бир киши келиб: «Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳ», деб салом берди. У зот алик олдилар. (Ҳалиги одам) ўтирди. Сўнгра у зот: «Йигирмата», дедилар. Кейин бошқа бир киши келиб: «Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ», деб салом берди. У зот алик олдилар. (Ҳалиги одам) ўтирди. Сўнгра у зот: «Ўттизта», дедилар».
Бундан саломни тўлиқ айтган ва аликни тўлиқ қайтарган кишилар савобни тўлиқ олишлари келиб чиқади. Ким салом-аликка тўлиқ савоб олишни истаса, «Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу» деб, тўлиқ салом берсин.

عَنْ أَبِيْ هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللّهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ: يُسَلِّمُ الرَّاكِبُ عَلَى الْمَاشِيْ وَ الْمَاشِيْ عَلَى الْقَاعِدِ وَ الْقَلِيلُ عَلَى الْكَثِيْرِ. رَوَاهُ الْإمَامُ مُسْلِمُ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уловдаги киши пиёдага, юриб кетаётган киши ўтирганга, озчилик кўпчиликка салом беради», дедилар”. (Имом Муслим ривояти).
Бошқа бир ҳадиси шарифда айтилишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом:

يُسَلِّمُ الصَّغِيْرٌ ععَلَى الْكَبِيْر،ِ وَ الْمَارُّ عَلَى الْقَاعِدِ، وَ الْقَلِيْلُ عَلَى الْكَثِيْرِ. (رَوَاهُ الْإمَامُ مُسْلِمُ

«Кичик каттага, юрган ўтирганга, озчилик кўпчиликка салом беради», деганлар. (Имом Бухорий ривояти).

عَنْ اَسْمَاءِ بِنْتِ يَزِيدٍ رَضِيَاللَّه عَنْهَا أَنَّ رَسُواللَّه صَلَّى اللَّه عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَرَّ فِي الْمَسْجِدِ يَوْمًا وَ عصْبةٌ مِنَ النِّسَاءِ قُعُودٌ فَأَلوى بِيَدِهِ بِالتَّسَلُّمِ رَوَاهُ الْإمَامُ التِّرْمِذِي

Асмо бинти Язид розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам кунларнинг бирида масжиднинг ёнидан ўтаётганларида бир неча аёл ўтирган эди. Уларга қўллари ила ишора қилиб салом бердилар». (Имом Термизий ривояти)
Кимки фитнадан омонда бўлишга кўзи етса, аёлларга салом бериши жоиз. Агар салом бериш фитнага сабаб бўлса, у ҳолда салом бермаслик билан чекланади.
Ҳусайн Воиз Кошифий бундай ёзадилар: «Агар «Саломга жавоб бериш одоби қайси?» деб сўрасалар, «Бунинг еттита шарти бор», деб айт. Биринчидан, саломга хурсанд бўлиб алик олиш. Иккинчидан, салом берганга «Раҳмат», дейиш. Учинчидан, Ислом миллатига мансуб бўлмаган одам салом берса ҳам алик олиш. Тўртинчидан, саломга алик олувчининг ҳам таҳоратли, пок бўлиши. Бешинчидан, кўп киши турган бўлса, ораларидан бир одам саломга жавоб қайтарса кифоялиги. Олтинчидан, саломга ишорат ёки имо билан эмас, овоз чиқариб алик олиш. Еттинчидан, саломга алик олганда салом берган кишининг эшитиши зарурлиги».
Саломни янада тўлиқ ва маънодор қилиш учун «Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ», яъни «Сизга тинчлик-омонлик, Аллоҳнинг раҳмати ва баракоти бўлсин», дейилади. Алик олиш ҳам саломга яраша чиройли ва мукаммал бўлиши керак.
Салом тўлиқ, сўзларини бузмай, одоб билан берилади, у «салом», «сомалайкум», «ассалом», «салом бердик», «привет», «хайрли кун» каби бузуқ шаклларда бўлмаслиги лозим.
Салом бериш Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатлари, унга алик олиш эса Аллоҳ таолонинг буйруғи, яъни вожиб амаллардан ҳисобланади. Демак саломга алик олмаган киши вожибни тарк этгани учун гуноҳкор бўлади.
Сўзимизни машҳур саҳоба Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг қуйидаги сўзларибилан якунламоқчимиз: «Ҳар бир нарсанинг ниҳояси бор, саломнинг ниҳояси баракотдир». Демак, салом-алик қилиб юрган кишининг устидан Аллоҳ таолонинг баракаси ёғилади. Зеро салом сўзи Аллоҳ талонинг муборак исмларидан биридир.

Абдулбосит Раҳимов,
Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударриси,
Осиё Халқаро Университети магистранти