05.08.2023

МАЗҲАБСИЗЛИК – МУСУЛМОНЛАР БИРЛИГИГА УЛКАН ТАҲДИД

“Мазҳаб” сўзи араб тилидаги “заҳаба” феълидан олинган бўлиб, ўзбекчада “йўл” деган маънони ифода этади. Истилоҳда эса тўртта фиқҳий мазҳаб имомларининг йўлларидир. 
Ҳанафий мазҳаби аҳли сунна вал жамоа йўналишининг тўрт фиқҳий мазҳаблари орасида асрлар оша эргашувчиларининг кўплиги, мустаҳкам асослари ва қулайлиги билан ажралиб туради.
Ҳанафийлик мазҳаби фақат Имом Абу Ҳанифанинг ижтиҳодлари асосидагина шаклланмаган. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ Ироқ фиқҳий мактабининг ёрқин вакили ҳисобланади. Ироқ фиқҳий мактаби асослари Куфада яшаган Ҳазрати Али розийаллоҳу анҳу, Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу бошлиқ бир минг беш юздан ортиқ саҳобага таянади.
Ҳанафийлик мазҳаби қоидалари мўътадиллиги, юмшоқлиги, қулайлиги, ибодат масалаларида бошқа мазҳаблардан фарқли ўлароқ, кўпроқ имтиёзларга йўл очиб бергани ва халқларнинг маҳаллий анъаналарини эътиборга олганлиги сабабли кенг ёйилган. Кичик Осиё, Болқон, Шимолий Кавказ, Қора денгиз, Волгабўйи, Ўрта Осиё, Афғонистон, Ҳиндистон ва Хитойгача кенгликларда тарқалган. Дунё мусулмонларининг қарийб ярми ҳанафийлик мазҳаби кўрсатмалари асосида амал ва ибодат қиладилар.
Мазҳабсизлик -  шариатимизга таҳдид соладиган хатарли бидъат.  Мазҳабсизлик жамият ҳаётида ихтилоф ва жанжалларни келтириб чиқаради ва бунинг натижасида турли радикал оқимларга мойил “кадрлар” етишиб чиқади. Бирдамлик ва барқарорликка салбий таъсир этади. Бугунги кунда мазҳабсизликнинг олдини олишнинг маънавий, диний ва маърифий асосларига алоҳида аҳамият бериш лозим.
Тўрт мазҳабдан бирини маҳкам тутиш вожиб саналади. Бунга барча мусулмонлар уммати ижмоъ қилган. Ҳатто Муҳаммад Саид Рамазон Бутий ҳазратлари: “Мазҳабсизлик диндан чиқишга олиб борадиган кўприкдир”, деганлар.
Имом Заҳабий айтадилар: «Ҳозирги кунимизда фақат шу тўрт мазҳабгина қолди, лекин шуни ҳам лозим бўлганидек тушунадиган одамлар саноқлигина, мужтаҳид бўлишни қўявер».
Деҳлавий айтадилар: «Мазҳабни тутиш керак эканига бутун уммат ижмо қилган, хоссатан, бизнинг бу нафслар шаҳватга мойил бўлиб кетган кунларда».
Доктор Мустафо Хон айтадилар: “Бугунги кунимиздаги муаммо бу, мазҳаб имомлари мазҳабни ўзлари тўқиб чиқаришган деган гумон. Ваҳоланки воқеликда Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ ўз имоми Ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга эргашади.
Имом Молик Ибн Умар ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳумоларга эргашади, Имом Шофеъий ҳам ана шу саҳобаларга эргашади. Саҳобаларни Аллоҳ таоло Муҳаммад Мустафо соллоллоҳу алайҳи васаллам етказган омонат ва рисолатни ўз зиммасига олиш ва етказиш учун танлаб олган”
Бирор-бир мазҳабсиз муҳаддис, муфассир ёки усули олимни тарих зар варақларидан топа олмайсан. Байҳақий, Хатиб Бағдодий, Ибн Ҳажар Асқалоний, Ибн Асокир, Ибн Салоҳ, Суютий, Жассос, Байдовий, Заркаший, Ибн Ҳожиб, Ибн Жавзий, Ибнул Ҳумом, Сарахсий, Баздавий, Бағовий, Ғаззолий, Субкий, Широзий, Имом Нававий ва бошқа етук ислом уламоларининг барчаси албатта бирор мазҳабга мансуб ва бир мазҳабни маҳкам ушлаганини кўрасан.
Ақидаси бузуқ кишилар ўзларини ҳақ йўлда деб биладилар. Бундай кимсаларнинг турмушлари ёмонлик, ҳар бир сўзлари жамият орасида фитна уруғи бўлиб сочилади, қаерга бормасинлар, ўзларидан албатта, бирон-бир ихтилоф қолдириб кетадилар.
Демак, бугунги кунгача ва ҳозирда ҳам катта жамоат – Имом Мотуридий ва Имом Ашъарийларнинг ақидада тутган йўллари ҳамда фиқҳда тўрт мўътабар мазҳаб (Ҳанафий, Моликий, Шофеий ва Ҳанбалий)ларга мувофиқ келади. Мана шулар аҳли сунна вал жамоани ташкил этади. Аҳли сунна вал жамоа ичида булардан бошқа эътиқодий ва фиқҳий мазҳаблар мавжуд эмас.
Хулоса қилиб айтганда ислом динидаги мазҳабларнинг турли туманлиги ноқис ҳолда бўлмасдан балки бир ҳикматдир. Бу умматларга енгиллик ва осонликдир. Аммо бу ҳикматни тушунмасдан ихтилоф чиқариш эса катта мусибатдир.

Мақсуд Акрамов
Мир Араб ўрта махсус ислом 
билим юрти мударриси