Арафа кунини қандай ўтказмоқ керак?
АРАФА КУНИНИ ҚАНДАЙ ЎТКАЗМОҚ КЕРАК?
Арафа куни Зулҳижжа ойининг 9-куни саналади. Эртаси кун, яъни Зулҳижжа ойининг 10-куни эса Қурбон ҳайити кунидир. Арафа куни ҳожилар Арафот водийсида бўлиб ҳажнинг асосий фарзларидан бирини адо этишади. Бу кун ҳадиси шарифда ниҳоятда улуғланган. Хусусан, бу муборак кунни зикр, дуо ва тоат-ибодатда ўтказиш ниҳоятда марғуб амаллардан саналади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дуонинг энг яхшиси Арафа кунида қилинган дуодир. Мен ва мендан илгари ўтган пайғамбарлар дуода айтган энг яхши сўзлари «Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъала кулли шай-ин қодийр», деганлар (Термизий ривояти).
Дуонинг маъноси: «Яккаю ёлғиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. Унинг шериги ҳам йўқ. Мулк Уникидир. Унга ҳамд бўлсин. У ҳар бир нарсага қодирдир».
Ибн Абдул Барр раҳматуллоҳи алайҳи: «Мазкур ҳадис Арафа кунининг дуоси кўпинча мақбуллиги ва энг афзал зикр «ла илаҳа иллаллоҳ» эканлигига далилдир», деганлар.
Хаттобий айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу гаплари билан «Одатда мен дуо қилишимдан муқаддам Аллоҳ таолога айтадиган ҳамду саноларим ичида энг афзали шу сўзлардир», демоқчи бўладилар. Негаки дуо қилувчи даставвал Аллоҳ таолога ҳамду сано айтиб, ундан кейингина ҳожатини сўрай бошлайди. Шу боис, сано ҳам дуо номини олган…»
Пайғамбар алайҳиссаломнинг ушбу ҳадисларидан келиб чиқиб айтишимиз мумкинки, Арафа кунида кўпроқ дуо қилиш даркор. Бу кундаги дуоларни Аллоҳ таоло шаксиз қабул қилади.
Аллоҳ таоло нафақат дуоларни қабул қилади, балки бандаларни дўзахдан озод этади ҳам.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Арафа кунидан кўра Аллоҳ таоло бандаларини дўзахдан кўпроқ озод қиладиган бирор кун йўқдир», дедилар» (Муслим ривояти).
Бу куннинг фазилатларидан яна бири шуки, Арафа куни тутилган рўзанинг савоби минг куннинг савобига тенг, у икки йиллик гуноҳга каффорат бўлади.
عَنْ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَنْ صَامَ يَوْمَ عَرَفَةَ غُفِرَ لَهُ ذَنْبُ سَنَتَيْنِ مُتَتابِعَتَيْنِ. رَوَاهُ الطَّبَرَانِيُّ.
Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Арафа куни рўза тутса, кетма-кет икки йиллик гуноҳлари мағфират қилинади», дедилар» (Табароний ривояти).
Ҳар бир банда бу кунни ҳадиси шарифда айтиб ўтилганидек, Пайғамбар алайҳиссалом ҳамда салафи солиҳларимиз ўтказганидек қарши олса, улуғласа, қадрига етса, нур устига нурдир.
ЭРКИН ҚУДРАТУЛЛОҲ,
Мир Араб ўрта махсус
ислом билим юрти мударриси