02.08.2023

СУННАТНИ ИНКОР ЭТМАНГ!

Бугунги кунда суннатни инкор қилувчилар жамоаси суннатни тарк этиб фақат Қуръондан ҳукм олиш керак деган фитналари билан мусулмонлар орасини бузишга ҳаракат қилмоқда. Уламоларимизнинг бу ҳақда билдирган фикрлари ва келтирган далиллари уларнинг тутаётган йўллари нақадар нотўғри эканига далолат қилади. Биз шу ўринда диннинг мукаммаллиги Қуръон ва Суннат билан намоён бўлиши борасида айрим мулоҳазаларни билдириб ўтмоқчимиз.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда бизни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилишга буюриб шундай марҳамат қилади:
وَمَا آتَاكُمُ الرَّسُولُ فَخُذُوهُ وَمَا نَهَاكُمْ عَنْهُ فَانتَهُوا  وَاتَّقُوا اللَّهَ  إِنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ 
“Пайғамбар сизларга келтирган нарсани олинглар ва нимадан қайтарган бўлса ундан қайтинглар. Аллоҳдан қўрқинглар. Албатта, Аллоҳ азоби шиддатли Зотдир”  (Ҳашр сураси 7-оят).
Бунинг мисолини қуйидаги ҳадиси шарифда ҳам кўришимиз мумкин:
قال عليه الصلاة والسلام: «ألا إني أوتيت القرآن ومثله معه، ألا يوشك رجل شبعان على أريكته يقول: عليكم بهذا القرآن، فما وجدتم فيه من حلال فأحلوه، وما وجدتم فيه من حرام فحرموه  ألا وإن ماحرم رسول الله مثل ماحرم الله“ 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Албатта менга Қуръон берилди ва у билан унинг мисли (суннат) ҳам бор. Огоҳ бўлинг, албатта бир тўқ киши келиб: “Бу Қуръонни маҳкам тутинглар. Ундаги ҳалол нарсаларни ҳалол сананг. Ҳаром нарсаларни ҳаром сананг”, дейди. Огоҳ бўлинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаром қилган нарсалар Аллоҳ ҳаром қилган нарсалар кабидир». (Абу Довуд ва Термизий ривояти).
Зеро Қуръоннинг ўзи ҳам набавий суннат Аллоҳ таолонинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга туширган ваҳийси эканини таъкидлайди:
وَما يَنْطقُ عَن الهَوى، إنْ هُوَ إلا وَحْيٌ يوحَى  
“У ҳаводан нутқ қилмас. У ваҳйдан ўзга нарса эмас”. (Нажм сураси 3-4 оятлар).
Бу оятларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шариат ҳукмлари тўғрисида нима деган бўлсалар ўзларидан эмас, балки Аллоҳ таолодан келган ваҳий эканлигига очиқ далил бор. Буни тасдиқлаб, унга амал қилиш комил иймон белгисидир.
Аллоҳ таоло Қуръони Карим оятларида суннати набавийя ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоатни тарк қилишнинг оқибатини зикр қилиб ўтган:
مَّن يُطِعِ الرَّسُولَ فَقَدْ أَطَاعَ اللَّهَ وَمَن تَوَلَّىٰ فَمَا أَرْسَلْنَاكَ عَلَيْهِمْ حَفِيظًا
“Ким Пайғамбарга итоат қилса Аллоҳга итоат қилган бўлади. Ким юз ўгирса, Биз сизни уларга қўриқчи қилиб юборганимиз йўқ”. (Нисо сураси 80-оят).
Ҳасан Басрий айтадилар: “Имрон ибн Ҳусайн биродарлари билан ўтирган эди. Шунда улардан бири: “Бизга фақат Қуръон билан гапиринглар”, деди. Имрон ибн Ҳусайн унга: “Яқин кел”, деди. У яқин келди.  Имрон ибн Ҳусайн: “Сен ва дўстларинг Қуръонга мурожаат қилиб Пешин намозини тўрт ракаат эканини, Асрнинг тўрт ракаат эканини ва Шомнинг уч ракаатлигини топа оласизларми? Сен ва дўстларинг Қуръонга мурожаат қилиб Тавоф етти марта эканини, Сафо ва Марва тавофи қанчалигини топа оласизми?” деб сўради. Улар лом-мим деёлмай қолишди”.
Яъни бу билан Қуръон ҳукмларини суннат билан тўлиқ билиб олишга ишора қилган.
Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ: “Суннат Қуръоннинг тафсири, таърифи ва баёнидир”, деганлар.
Замонамиз олимларидан Мустафо Зуҳайли: “Ким шариатни ҳадиссиз ўрганишни даъво қилса у шариатни нуқсонга бурибди. Агар у шариатни Қуръонсиз ўрганишни даъво қиладиган бўлса шариатнинг томирини кесибди”, деганлар.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳдан «Суннатни инкор қилган одам диндан чиқадими?» деб сўралганда, у зот шундай жавоб берган эдилар: «Мутавотир ҳадис ила собит бўлган ҳукмни инкор қилган киши кофир, бундай ҳукмни эътироф этса-ю, лекин унга амал қилмаган одам эса, гуноҳкори азим бўлади. Ким машҳур ҳадис орқали собит бўлган ҳукмни инкор қилса, фосиқ бўлади. Унга амал қилмаса, гуноҳкор бўлади. Ҳадис билан собит бўлган фарз амалларнинг мисоли намозда Қуръон қироат қилишдир. Бундоқ тарзда собит бўлган ҳукмни адо қилиш лозиму лобуддир. Уни бажарган одам улкан савобга эришади. Қилмаган одам эса гуноҳкор бўлиб, икки дунё иқобига учрайди. Мазкур ҳукмни инкор қилган одам эса кофир бўлади».
Хулоса ўрнида шуни айтамизки, суннатни инкор этиш нақадар гуноҳ. Бу нарса уммат орасига суқилиб кирган фитна. Аллоҳ таоло бу каби фитналардан Ўзи асрасин, ҳидоят йўлидан асло адаштирмасин. Барча умматларга суннатни мустаҳкам ушлаб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларини насиб этсин!!!

Дийдоржон Аскаров,
Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударриси,
Осиё халқаро университети магистранти