18.07.2023

Эшитган нарсани гапиравериши кишининг гуноҳкор бўлишига кифоя.

Динимизда мўминнинг сўзи амали каби эътиборлидир. Тилнинг тоати ҳам, исёни ҳам катта бўлади. Масалан, имон келтириш – тилнинг тоати ва куфр келтириш – тилнинг исёнларидан биридир. Ҳар бир эшитганини гапиравериши кишининг гуноҳкор бўлишига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло бандаларининг ҳар бир сўзи ҳисобда эканини бизга билдириб, шундай дейди:
مَا يَلْفِظُ مِنْ قَوْلٍ إِلَّا لَدَيْهِ رَقِيبٌ عَتِيدٌ
(سُورَةُ ق الْاَيَةُ-17)
яъни: “У бирор сўзни талаффуз қилса, албатта, унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (сўзни ёзиб олувчи фаришта) бордир” (Қоф сураси, 17-оят).
Демак, фаришталар одамлар гапираётган, амалга ошираётган савоб ёки гуноҳ сўз ва амалларни ёзиб борадилар ҳамда бу китоб қиёмат кунида ўқиб кўриши учун кишининг ўзига тақдим этилади.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз ибн Жабалга динимизда ишнинг боши, асоси ва чўққиси нима эканини айтиб, мана шу яхшиликларнинг асли тилни сақлаш билан бўлишини баён қилдилар. Муоз разияллоҳу анҳу бундан ажабланиб: “Ҳали гапирган нарсаларимиздан ҳам жавобгар бўламизми?” деганларида Пайғамбаримиз шундай дейдилар:  
… ثَكِلَتْكَ أُمُّكَ، وَهَلْ يَكُبُّ النَّاسَ في النَّارِ على وُجُوهِهِمْ إِلاَّ حَصَائِدُ ألْسِنَتِهِمْ
(رَوَاهُ الْاِمَامُ التِّرْمِذِيُّ)
яъни: “…Онанг сенга йиғласин, одамларни дўзахга юзлари билан йиқитадиган нарса фақат тилларининг ҳосилидир” (Имом Термизий ривояти).
Мана шу ҳадисдан билинадики, тилни сақлаш барча яхшиликларнинг аслидир. Чунки тилнинг исёнига: энг катта гуноҳ бўлган ширк, Аллоҳ таоло ҳақида билмаган нарсасини гапириш, ёлғон гувоҳлик бериш, сеҳр, бўҳтон, ғийбат, чақимчилик ва бошқа сўзга боғлиқ гуноҳлар киради.
Тилни сақлаш тўғрисида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар:
…وَمَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ فَلْيَقُلْ خَيْرًا أَوِ لْيَصْمُتْ
(رَوَاهُ الْاِمَامُ الْبُخَارِيُّ)
яъни: “…Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирса, яхши (гаплар)ни гапирсин ёки жим турсин” (Имом Бухорий ривояти).
Ғийбат  ҳам тил офатларининг каттаси ва жамиятда кенг тарқалганидир. Ғийбат – бир кишини йўқлигида унга ёқмайдиган гап (сифат) билан ёдга олишдир. Ғийбатни Қуръони каримда вафот этган биродарининг гўштини ейишга ўхшатилади:
وَلَا تَجَسَّسُوا وَلَا يَغْتَبْ بَعْضُكُمْ بَعْضًا أَيُحِبُّ أَحَدُكُمْ أَنْ يَأْكُلَ لَحْمَ أَخِيهِ مَيْتًا فَكَرِهْتُمُوهُ
وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ تَوَّابٌ رَحِيمٌ
(سُورَةُ الْحُجُرَاتِ اَلْاَيَةُ-12)
яъни: “(Ўзгалар айбини қидириб) жосуслик қилмангиз ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирор киши ўлган биродарининг гўштини ейишни хоҳлайдими?! Уни ёмон кўрасиз-ку, ахир! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи ва раҳмли зотдир” (Ҳужурот сураси, 12-оят).
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам одамлар айбини ахтариб, ғийбат қилиб юришнинг ёмон оқибатидан огоҳлантирдилар:
يَا مَعْشَرَ مَنْ آمَنَ بِلِسَانِهِ وَلَمْ يَدْخُلِ الإِيمَانُ قَلْبَهُ ، لاَ تَغْتَابُوا الْمُسْلِمِينَ ، وَلاَ تَتَّبِعُوا عَوْرَاتِهِمْ فَإِنَّ مَنْ تَتَبَّعَ عَوْرَةَ أَخِيهِ تَتَبَّعَ اللهُ عَوْرَتَهُ ، وَمَنْ تَتَبَّعَ اللهُ عَوْرَتَهُ يَفْضَحْهُ فِي جَوْفِ بَيْتِهِ
(رَوَاهُ الْاِمَامُ اَبُو دَاوُدُ وَالْاِمَامُ اَحْمَدُ)
яъни: “Эй тили билан имон келтириб, қалбига имон кирмаганлар! Мусулмонларни ғийбат қилманглар. Уларнинг айбларини ахтарманглар. Ким биродарининг айбини ахтарса, Аллоҳ ҳам унинг айбини ахтаради. Аллоҳ кимнинг айбини ахтарса, уни уйида бўлса ҳам, шарманда қилади” (Имом Абу Довуд ва Имом Аҳмад ривояти). “Уйида бўлса ҳам” дегани, мени ҳеч ким кўрмайди, деб уйини ичида қилган гуноҳини ҳам ошкор қилиб қўяди, маъносидадир.
Бўҳтон ва асоссиз хабар тарқатиш, миш-миш тарқатиш жамиятимизга катта зарар етказади. Жамият аъзолари ўртасида келишмовчилик, бир-бирини ёмон кўриш, буғзу адоват уруғларини экади. 
Аллоҳ таоло барчамизни тилини Ўзи буюрган ибодатларга ишлатадиган, фақат яхши гапни гапирадиган, ўрни келганда чиройли сукут сақлайдиган солиҳ бандаларидан қилсин.
А. Мустафоев
Билим юрти мударриси.