03.07.2023

ЭКСТРЕМИЗМ - ЖАМИЯТ УЧУН ЗАРАР

Бугун ер юзида ҳукм сураётган ўта мураккаб ва  таҳликали замонда экстремизм ва терроризмнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш ва унга қарши курашиш жаҳон ҳамжамияти учун энг долзарб масалалардан бирига айланди. 
Экстремизм атамаси лотинча сўздан олинган бўлиб, “ақл бовар қилмас даражада”, “ҳаддан ошиш” деган маъноларни англатади. Бир сўз билан айтганда у жамиятда қабул қилинган қонун-қоидаларга зид бўлган, кескин радикал қарашлар ва ҳаракатларни билдиради.
Экстремизм – жамият учун анъанавий бўлган удум, қадрият ва ақидаларни рад этиш, тан олмаслик, қарши чиқиш, уларга зид бўлган турли ёвуз ғояларни алдов ва зўрлик йўли билан тарғиб қилишга асосланган йўналишдирдир.
Аслида ислом бунга қарши. Бунинг билиш учун унинг маъносига эътибор қаратишнинг ўзи кифоя.
“Ислом” сўзининг луғавий маъноларидан бири “тинчлик” бўлиб, у ҳеч қачон бузғунчиликка, ёвузликка, худбинликка, қотилликка ундамаган ва ундамайди ҳам. Экстремизм йўлидаги гуруҳлар эса қабиҳлик, разолат, бузғунчилик ва қотиллик, одамларни даҳшатга солиш, таҳликага туширишни ўзларининг асосий мақсадларига айлантириб олганлар.
Қуръони Каримдаги Ҳуд сурасининг 113-оятида айнан шундай ҳолатлар ҳақида “Зулм қилганларга мойил бўлманглар. Яна сизни дўзах олови тутмасин…” дейилган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам: “Мусулмон дегани бошқа мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган кишидир”, деб марҳамат қилганлар.
Бошқа бир ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким зарар етказса, Аллоҳ унга зарар етказади. Ким машаққат туғдирса, Аллоҳ уни машаққатга қўяди”, деганлар.
Диний-экстремистик оқимларнинг жамиятимиз барқарорлигига таҳдиди республикамиздаги ижтимоий сиёсий вазиятни беқарорлаштириш, издан чиқариш, динлараро ва миллатлараро муносабатларни кескинлаштириш, фуқароларни, айниқса, ёшларни қуролли тўқнашувлар рўй бераётган ҳудудларда фаолият юритаётган террористик гуруҳларга жалб қилиш, уларни қўллаб-қувватлаш каби ҳаракатларда, шунингдек, мамлакатимизда террорчилик ҳаракатлари содир этиш учун суқилиб киришга уринишларда намоён бўлмоқда.
Экстремизм қандай номланмасин, қандай аталмасин ёки қандай кўринишга эга бўлмасин, унинг асосий мақсади жангари гуруҳларни шакллантириш орқали ҳокимиятни қўлга киритишдир.
Шунинг учун огоҳлик, ҳушёрлик, илму маърифат ҳосил қилиш экстремизм ва террорчилик балосини таг-томири билан тугатишнинг энг самарали ва мақсадли йўли ҳисобланади. 
Ислом жаҳолатнинг ҳар қандай кўринишига қарши. У одамлар қалбига тартибсизлик, душманлик, бузғунчилик, ёвузлик ва нафрат уруғини сочадиган кимсаларнинг хатти-ҳаракатларини ҳеч қачон қўллаб-қувватламайди.
Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: “Мўминларни ўзаро бир-бирларига дўстликда, меҳрибонликда ва яхшилик кўрсатишдаги мисоллари, гўёки бир жасад кабидирки, унинг битта аъзоси бетобликдан оғриса, қолган аъзолари бедор ва нотинч бўлади” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Шундай экан биз асло аҳилликни, ҳамжиҳатликни, ҳушёрлик ва огоҳликни қўлдан бой бермайлик. Экстремистик гуруҳларнинг алдовига тушиб қолмайлик. Қолаверса ёш авлодимизни ҳам уларнинг тузоғига тушиб қолишларидан кўз қорачиғимиздек асрайлик.

Мақсуд Акрамов
Мир Араб ўрта махсус ислом 
билим юрти мударриси