МУТААССИБЛАРДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ!
«Мутаассиб» деган сўз аслида араб тилидан олинган бўлиб, «ўта берилган», «чуқур кетган», «қаттиқ киришган» деган маъноларни англатади.
Умумий ҳолатда у салбий маънода ишлатилиб, нотўғри нарсага кўр-кўрона ишониш, шу нарсада қайсарлик билан оёқ тираб туриб олиш, нотўғри йўл, қинғир иш ва хато фикрга ёпишиб олиш, ноҳақ душманлик қилишга айтилади. Халқимизда бундайларга «мутаассиб», «қайсар» ва «кўр-кўрона эргашиб кетувчи гумроҳ» дейилади.
Минг афсуски, ҳозирги кунда кўплаб мутаассиб оқимлар диний аҳкомларни билиб-билмай, тушуниб-тушунмай, чала-чулпа ўзлаштириб ўзларича талқин қилишмоқда. Бу билан нафақат ўзларини балки бошқаларни ҳам тўғри йўлдан адаштирмоқдалар.
Баъзан одамлар орасида диний ахкомларни нотўғри тушуниш, унга ҳаддан ошиш, Ислом аҳкомларига нисбатан эътиқод қилишда мутаассиблик йўлини тутадиган кишилар учраб туради.
Уларнинг даъвосича асрлар оша ота-боболаримиз амал қилиб келган ва айни пайтда биз ҳам бажариб келаётган кўплаб ишлар хато эмиш. Мутаассибларнинг айтишича: «Солиҳ амаллар савобини оламдан ўтганлар¬га бағишлаш жоиз эмас», «Қабрларни зиёрат қилиш мумкин эмас», «Дунёдан ўтганларнинг руҳига бағишлаб Қуръон тиловат қилиш кечирилмас гуноҳ», «Бенамоз кишининг таомини емаслик керак», «Пайғамбаримиз ва саҳобалар фойдаланмаган нарсалардан фойдаланилмайди». Бу каби мисолларни кўплаб келтиришимиз мумкин.
Ҳашр сурасининг 10-оятида айтилганидек, ўтганлар ҳақига: «Эй Роббимиз, Ўзинг бизларни ва биздан илгари иймон билан ўтганларни мағфират қилгин», деб дуо қилиш Аллоҳ таолонинг биз бандаларга кўрсатган илоҳий йўриғидир.
Шунингдек, Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Май¬йитни дафн қилгандан кейин унинг ҳақига истиғфор айтиб, собит туришини сўранглар. Чунки у ҳозир ҳисоб-китоб қилинади», деганлар.
Ислом дини мутаассибликни батамом қоралайди, балки инсонларни бағрикенгликка, бошқаларга нисбатан тўғри фикрда бўлишга, аҳил-иноқликка чақиради. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта дин енгилдир. Ким динга қаттиқ киришса, албатта (дин) уни енгиб қўяди», деб марҳамат қилганлар.
Бошқа бир ҳадисда: «(Дин арконларини) енгил қилиб кўрсатинглар, (тағин) оғир қилиб кўрсатманглар. (Диндаги) яхши, хушхабар нарсаларни айтинглар, (одамларни) диндан нафратлантириб қўйманглар», дейилган.
Оиша онамиз айтадилар: «Бани Асад қабиласига мансуб бир аёл ҳузуримда ўтирган эди. Шу пайт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйга кириб келиб: «Бу аёл ким?» деб сўрадилар. «Бу – ўша, кечаси ухламай намоз ўқиб чиқадиган аёл», дедим. Сўнг, ўша аёлнинг қанақа намоз ўқиши ҳақида сўзлашдик. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бундай қилманглар, солиҳ амалларни қурбингиз етганича адо этинглар, қанча ибодат қилсангиз ҳам Аллоҳ таолога малол келмайди-ю, бироқ ўзингизга малол келиб қолмасин!» дедилар».
Хулоса қилиб айтганда, мутаассиб шахслар ўзларининг нопок мақсадларини амалга оширишда динимиз кўрсатмаларидан нотўғри фойдаланиб, обод ва озод юртимиз, фаровон ва бахтиёр ҳаётимизга хавф солиб, асрлар давомида шаклланиб улгурган диний ва миллий қадриятларимизни поймол этмоқдалар.
Биз уларнинг алдовига учмаслик, ҳақиқатни теран мушоҳада этишимиз учун аввало илму маърифатимизни янада ошириб, динга кўр-кўрона эмас, балки борича, софлигича амал қилишимиз мақсадга мувофиқ бўларди.
Эркин ҚУДРАТУЛЛОҲ,
Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударриси