21.06.2023

МАЗҲАБНИ МАҲКАМ УШЛАНГ!

Исломда эътиқодий жиҳатдан бир-бирлари билан аҳил-иноқ, ҳамжиҳат ва бирдам бўлган аҳли сунна вал-жамоа деб аталмиш тўрт фиқҳий мазҳаб бор. Яъни, ҳанафийлик, моликийлик, шофеъийлик ва ҳанбалийлик мазҳаблари. Сон-саноқсиз Ислом олимлари Қуръон ва суннатга энг мувофиқ фиқҳий мазҳаблар деб, айнан уларни аҳли сунна вал-жамоа дейишга иттифоқ қилишган. Киши мужтаҳидлик даражасига етмаган бўлса, унга шу тўрт мазҳабдан бирига эргашишни шарт қилишган. Бу асосга бир неча асрлар давомида оғишмай, ҳеч қандай ихтилофсиз  амал қилиниб келинган. Бу тўрт фиқҳий мазҳаб имомларини деярли барча Ислом уламолари тан олишган. Уларга эргашиш Қуръон ва суннатга эргашиш кабидир деб билишган.
Тўрт фиқҳий мазҳаблардан бирига эргашиш борасида бир қанча олимлар фикрларини келтирамиз.
Буюк муҳаддис олим Абдулҳақ Деҳлавий роҳматуллоҳ “Шарҳу сафарус-саъада” китобида: “Ислом динининг тўртта йўли – мазҳаби бор. Ким шу йўллардан бошқасини тутса, батаҳқиқ адашибди”, деганлар.
Мингдан ортиқ китоб таълиф қилган ҳанафий мазҳабининг буюк олимларидан бири Ашраф Али Таҳонавий роҳматуллоҳ “Малфузот” китобида: “Мен йигирма беш йиллик илмий тажрибам асосида шуни билдимки, ҳозирги даврда бирор мазҳабни тутмаслик охир-оқибат динсизликка олиб борар экан”, деганлар.
Ўз навбатида “бемазҳаб” атамасидан шу тўрт мазҳабдан бирортасида субути бўлмаган мусулмонлар кўзда тутилади. Атама салбий маъно касб этиб, хоҳ тўрт мазҳабдан бирортасига алоқаси йўқ йўналишлар бўлсин, ёки шу тўрт мазҳаб ичида бетайинлик ила айрим масалада ҳанафий, яна бошқа масалада ҳанбалий ва ҳоказо амал қилувчилар бўлсин барига нисбатан “бемазҳаб” атамаси қўлланаверади.
Бугунги кунда баъзи бир сохта салафийлар, яъни бемазҳаб тоифалар раҳнамолари томонидан, мужтаҳид уламоларимиз, хоссатан мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳимаҳуллоҳ шаънларига турли-туман буҳтонлар қилиб, соф динимиз таълимотларига, фиқҳий масалаларга жоҳилона тарзда ҳеч таб тортмасдан тош отмоқдалар.
Бизу сиз мўмин-мусулмонлар, бундай бемазҳаб тоифаларнинг кирду корларидан доим огоҳ бўлиб, мазҳабимиз йўлида ҳамжиҳат бўлиб, соф ислом таълимотини келажак авлодга етказмоғимиз лозим.
Хулоса қилиб айтганда, айнан кўпчиликка эргашиш, мазҳабга эргашишдир! Уни инкор қилиш эса шаръий кўрсатмаларга ва бутун Ислом уламоларига қарши чиқиш ҳисобланади. Зеро, Ислом тарихида бирор муфассир ёки муҳаддис ёхуд фақиҳнинг бемазҳаб бўлгани маълум эмас. Фақатгина мужтаҳид бўлган кишилар бундан мустасно холос.
Абдулбосит Раҳимов
Мир Араб ўрта махсус ислом 
билим юрти мударриси