Қуръон умматни бирликка чақиради
Исломий бирлик тушунчасини Қуръон энг гўзал, энг мукаммал кўринишда гавдалантирган. Агар бу ҳақидаги оятларни тадаббур қилиб кўрсак, бунга амин бўламиз. Аллоҳ таоло биз мусулмонларга хитоб қилиб: “(Эй инсонлар), сизларнинг миллатингиз-динингиз ҳақиқатда бир диндир (яъни Исломдир). Мен эса (барчаларингизнинг) Парвардигорингиздирман. Бас, Менгагина ибодат қилинглар!” ("Анбиё" сураси, 92-оят).
Қуръон уммат бирлиги тушунчасини бизга кўрсатиб беради ва унинг муҳимлигини таъкидлайди. Буюк мақсадларга етиш, Аллоҳнинг калимасини олий қилиш, мусулмонлар азиз бўлишлари учун бугунги кунда ҳар бир мусулмон бунинг аҳамиятини англаши лозим. Ҳар қачонгидан кўра бугун уммат буни амалга оширишга муҳтож. Қуръон Ислом умматини бир неча хил услубларда бирликка чақиради.
1. Аллоҳ таолонинг арқонини маҳкам ушлаш.
Қуръони карими уммат бирлиги тушунчасини турли йўллар билан тушунтиради. Гоҳида очиқ – ойдин унга чақирса: “Ва барчангиз Аллоҳнинг арқонига (Қуръонга) боғланингиз ва бўлинмангиз! Ҳамда Аллоҳнинг сизларга берган неъматини эсланг: бир-бирингизга душман бўлган пайтларингизда дилларингизни ошно қилиб қўйди-ю, сизлар Унинг неъмати сабаб биродарларга айландингиз. Ва дўзах чоҳининг ёқасида турган эдингиз, сизларни ундан халос қилди. Ҳақ йўлни топишингиз учун Аллоҳ сизларга ўз оятларини мана шундай баён қилади”. ("Оли Имрон", 103-сураси).
Қуртубий ушбу оят тафсирида: Аллоҳ таоло дўстликка, бирдамликка чақиради, бўлиниб кетишдан қайтаради. Фирқаларга бўлиниш ҳалокат, жамоат бўлиш эса нажотдир, дейди.
Ибн Муборак: Жамоат Аллоҳ таолонинг арқонидир, ушбу мустаҳкам арқонга ким яқинлашса мустаҳкам ушласин, деган.
2. Ўзаро алоқаларни ислоҳ қилиш.
Гоҳида Қуръон бирликка восита бўладиган нарсаларни келтириб, унга даъват этади. Биродарлар орасини ислоҳ қилиш, ўзаро алоқаларни ислоҳ қилиш каби. Булар мусулмонлар орасидаги бирликни қайта қуришга замин ҳозирлайди: “Мўминлар ҳеч шак-шубҳасиз оға-инилардир. Бас, сизлар икки оғаинингизнинг ўртасини ўнглаб қўйинглар! Аллоҳдан қўрқинглар — шояд У зот томонидан бўладиган раҳматга эришсангизлар”. ("Ҳужурот", 10-оят).
Аллоҳ таоло айтади: “Бас, Аллоҳдан қўрқингиз ва ўз ораларингизни ўнглангиз! Агар мўмин бўлсангизлар, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига бўйсунингиз!” ("Анфол" сураси, 1-оят).
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Бир-бирингизга ғазаб қилманглар, бир бирингизга ҳасад қилманглар, бир бирингизга душманлик қилманглар, Аллоҳ таолонинг биродар бандалари бўлинглар. Мусулмонга биродари билан 3 кундан ортиқ гаплашмаслиги ҳалол эмас", дедилар.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам доимо ўзаро муҳаббатга буюрадилар. Мўминларни ўзаро тортишишдан, ғазаблашишдан қайтарадилар. Доимо уларни елкама-елка туришга чақрирадилар. Узотниниг суннатлари муаммоларнинг ечимини бирга излашни тақозо қилади. Дўппи тор келганда “Мен айтгандимку..”, “Нега ундай қилмадинг”, “Нега бундай қилмадинг?” дейиш у зотнинг суннталарига зид.
3. Бўлинишда, ихтолоф қилишдан қайтариш.
Бирликка даъват этадиган Қуръоний услублардан бири очиқчасига бўлиниш, ихтилоф қилишдан қайтаришдир. Аллоҳ таоло айтади: “Ва Аллоҳ ҳамда Унинг пайғамбарига итоат қилингиз ва (ўзаро) талашиб тортишмангизки, у ҳолда сустлашиб, куч-қувватингиз кетур. Сабр-тоқат қилингиз! Албатта, Аллоҳ сабр қилгувчилар билан биргадир”. ("Анфол" сураси, 46-оят).
Аллоҳ таоло яна айтади: “Аниқ ҳужжатлар келганидан кейин бўлиниб кетган ва бир-бирлари билан ихтилоф қилиб, талашиб-тортишган кимсалар каби бўлмангиз! Ана ундайлар учун улуғ азоб бордир”. ("Оли Имрон" сураси, 105-оят).
4. Мусулмонлар бир бирларига дўст бўлишлар.
Шунингдек, Қуръон дўстликка, яқинлашишга буюриб, умматни бир бўлишга чақиради. Мусулмонлар бир бирларига дўст бўлишлари, бир бирларини яхши кўришлари зарур. Шунда уларнинг устига Аллоҳ таолонинг раҳмати нозил бўлади, муҳаббатлари, дўстликлари, бирликлари учун осмондаги Барака эшикларини очади. Аллоҳ таоло айтади: “Мўмин ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан тўхтатадилар, намозни тўкис адо этадилар, закотни (ҳақдорларга) ато этадилар, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоат қиладилар. Ана ўшаларга Аллоҳ раҳм қилур. Шак-шубҳасиз, Аллоҳ қудратли, ҳикматлидир”. ("Тавба" сураси, 71-оят).
Ушбу оятларнинг барчаси бутун Ислом оламини ўзаро муҳаббатли бўлишга, нафрат туғдирадиган ҳар қандай ҳолатдан четда бўлишга чақиради.
Шаҳзод РАМАЗОНОВ,
Мир Араб ўрта махсус
ислом билим юрти мударриси