31.03.2023

ЖИҲОД ТУШУНЧАСИ

«Жиҳод» сўзи араб тилидан таржима қилинганда «ғайрат қилмоқ», «шижоат қилмоқ», «ҳаракат қилмоқ», «интилмоқ», «зўр бермоқ», «бор кучини сарфламоқ», «курашмоқ», «меҳнат қилмоқ» каби маъноларни англатади.  
Барчамизга маълумки, тарихда юз берган ҳар қандай жиҳод, фақатгина, мудофаа мақсадида олиб борилган. Агар «жиҳод» ислом давлатини қуриш учун ёки инсонларни динга киришга мажбурлаш учун жорий этилганида эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари бу борада намуна кўрсатган бўлар эдилар. Яъни, у зот биринчи бўлиб Маккадаги мушрикларнинг катталари билан урушадиган, курашадиган ислом давлатини барпо этиш учун жиҳод эълон қилган бўлардилар. Бироқ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай йўл тутмадилар. Аксинча, мусулмон жамияти тинч йўл билан, табиий равишда юзага келгач, душман мусулмонлар яшаб турган юртига босиб келганда  мусулмонларнинг ҳимояси учунгина жиҳодга чиққанлар. Барча Ислом уламолари бу ердаги жиҳод мудофаа учун бўлганлигини таъкидлашади. У зот бирор мамлакатга бостириб бормаганлар, беайб инсонларни ўлдирмаганлар. Ўлдириш у ёқда турсин ҳатто қўл ҳам кўтармаганлар. 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга озор беришдан қайтарганлар. Уларни бировларга озор бермасликка чақирганлар. Мазлумларнинг дуосидан сақланишга тарғиб этганлар. Ҳақиқий мусулмон киши бошқаларга озор бермаслигини уқтириб ўтганлар. Жумладан Имом Бухорий бобомиз ривоят қилган ҳадисда:   «Тили ва қўлидан бошқалар азият чекмаган киши ҳақиқий мусулмондир. Аллоҳ таоло қайтарган нарсалардан ҳижрат қилган инсон ҳақиқий муҳожирдир», деганлар.
Умму Анас розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда эса: «Гуноҳлардан тийилгин, ўша ҳижратнинг энг каттасидир. Фарзларга риоя қилгин, ўша жиҳоднинг энг афзалидир. Зикрни кўпайтиргин, Қиёмат куни Аллоҳ таолонинг ҳузурига борганингда унга энг маҳбуб амал шу бўлади». деганлар. 
Демак, «Жиҳод» сўзи луғатда киши ўзининг бор имкониятини ишга солиб, бирор ишни бажаришга ҳаракат қилиши маъносини англатади. Шаръий масалаларни ечишда бор имконини ишга солиб ҳаракат қилган йирик олимлар «мужтаҳид» деб аталган. Улар шаръий илмларда «жиҳод» қилишган. 
Алоҳида таъкидлаб айтиш лозимки, «жиҳод» сўзи луғатда уруш маъносини англатмайди. Асосан, уруш маъносини англатиш учун араб тилида «қитол» сўзи ишлатилади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ота-онанинг хизматини қилиб, розиликларини олиш ҳам жиҳод турларидан эканини таъкидлаганлар. Уламолар саводсизлик, қашшоқлик, айрим юқумли оғир касалликларга қарши жонбозлик курашишни ҳам жиҳод турларидан, деб ҳисоблаганлар. 
Хулоса қиладиган бўлсак, инсоният манфаати йўлида, ахлоқимизни яхшилаш йўлида қиладиган саъй-ҳаракатларимиз ҳам жиҳоднинг савобларига тенг солиҳ амаллардан эканини англашимиз мумкин.

Мақсуд Акрамов
Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударриси