27.03.2023

Қорилар фазилати

Қуръони карим Аллоҳ таолонинг муборак Каломи ўлароқ қадри баланд, тиловати ибодат бўлган энг улуғ каломдир. Шунга кўра, уни севиш, ўрганиш, тарқатиш, маъноларини ўзлаштириш ва бошқаларга ўргатиш ўзига хос фазилат бўлиб, Расулуллоҳ  жаноблари орқали бу шарафли амалларга Аллоҳ таолонинг алоҳида ажр-мукофотлари ваъда қилинган. 
Инсонларнинг энг улуғи, Қуръон билимдони, фасоҳату балоғатда мислсиз Расулуллоҳ жаноблари айнан бу кишилар ҳақида қуйидаги хушхабарларни билдирганлар:

عَنْ عُثْمَانَ بْنِ عَفَّانَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى الله عَلَيه وسَلَّم قَالَ: خَيْرُكُمْ مَنْ تَعَلَّمَ الْقُرْآنَ وَعَلَّمَهُ

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, бошқаларга ўргатганларингиздир”, деб марҳамат қилганлар. (Бу ҳадисни Имом Бухорий ўзларининг Қуръондан кейин иккинчи ўринда турадиган “Саҳиҳи Бухорий” китобларида келтирган.)

وعن عائشة رضي الله عنها قالت قال رسول الله (صَلَّى الله عَلَيه وسَلَّم): الَّذِي يَقْرَأُ القُرْآنَ وَهُوَ مَاهِرٌ بِهِ مَعَ السَّفَرَةِ الكِرَامِ البَرَرَةِ ، وَالَّذِي يَقْرَأُ الْقُرْآنَ وَيَتَتَعْتَعُ فِيهِ وَهُوَ عَلَيْهِ شَاقٌّ لَهُ أجْرَانِ رواه البخاري وأبو الحسين مسلم بن مسلم القشيري النيسابوري في صحيحهما

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръонни ўқиган ва унга моҳир бўлган қорилар улуғ ва мукаррам фаришталар билан бирга бўлади, Қуръонни тутилиб-тутилиб ўқиган ва қироат унга машаққатли бўлган киши учун икки ажр бордир”, деб марҳамат қилдилар. (Бухорий ва Муслим ривояти.)

وَعَنْ أَبِي مُوسَى الأَشْعَرِيِّ ، رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ , قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى الله عَلَيه وسَلَّم: مَثَلُ الْمُؤمِنِ الَّذِي يَقْرَأُ الْقُرْآنَ كَمَثَلِ الأُتْرُجَّةِ، رِيحُهَا طَيِّبٌ وَطَعْمُهَا طَيِّبٌ؛ وَمَثَلُ الْمُؤْمِنِ الَّذِي لاَ يَقْرَأُ الْقُرْآنَ كَمَثَلِ التَّمْرَةِ، لاَ رِيحَ لَهَا وَطَعْمُهَا حُلْوٌ؛ وَمَثَلُ الْمُنَافِقِ الَّذِي يَقْرَأُ الْقُرْآنَ، مَثَلُ الرَّيْحَانَةِ، رِيحُهَا طَيِّبٌ وَطعْمُهَا مُرٌّ؛ وَمَثَلُ الْمُنَافِقِ الَّذِي لاَ يَقْرَأُ الْقُرْآنَ كَمَثَلِ الْحَنْظَلَةِ، لَيْسَ لَهَا رِيحٌ وَطَعْمُهَا مُرٌّ رواه البخاري ومسلم

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу айтади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Қуръон ўқийдиган мўминнинг ўхшаши утружжа кабидир, унинг ҳиди ҳам, ўзи ҳам шириндир. Қуръон ўқимайдиган мўмин ўхшаши ҳурмо кабидир, унинг таъми ширин бўлиб, ҳиди бўлмайди, Қуръон ўқийдиган мунофиқнинг ўхшаши райҳон кабидир, ҳиди ҳушбўй, лекин мазаси аччиқдир. Қуръон ўқимайдиган мунофиқнинг ўхшаши эса ҳанзала кабидир, унинг ҳиди ҳам йўқ, таъми ҳам аччиқдир”. (Бухорий ва Муслим ривояти.)

عبد الله بن مسعود رضي الله عنه قال قال رسول الله صلي الله عليه وسلم: مَنْ قَرَأَ حَرْفاً مِنْ كِتَابِ الله فَلَهُ بِهِ حَسَنَةٌ وَالحَسَنَةُ بِعَشْرِ أَمْثَالِهَا لاَ أَقُولُ الم حَرْفٌ ، وَلكِنْ أَلِفٌ حَرْفٌ ، وَلاَمٌ حَرْفٌ ، وَمِيمٌ حَرْفٌ رواه أبو عيسى محمد بن عيسى الترمذي

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳ таолонинг Китобидан бир ҳарф ўқиса, бунинг баробарига у киши учун бир яхшилик берилур. Алиф, лам, мимни бир ҳарф деб айтмайман. Балки алиф бир ҳарф, лом бир ҳарф ва мим бир ҳарфдир”, дедилар. (Термизий ривояти.)
Маълумки, ҳамма ҳам Қуръони каримни бирдек осон ўқий олмайди. Кимдир Қуръон ўқишга бироз қийналади, айрим ҳарфлар талаффузига тили келишмайди ёки ҳижжалаб ўқийди. Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилган: “Қуръонни моҳирона тиловат қиладиган қори элчи, ёзувчи, ўта яхши фаришталар билан (бир мақомда)дир. Қуръон ўқиганда тили тутиладиган қорига икки ҳисса кўп савоб (берилади)”.
Ҳадиси шариф мазмунига кўра, Аллоҳнинг топшириқларини етказувчи, банданинг ҳар бир ишини номаи аъмолига ёзиб борадиган итоатгўй фаришталар қандай улуғ мавқега эга бўлса, Қуръонни моҳирона ўқийдиган қорилар ҳам худди шундай мартабага эришади. “Қуръон ўқиганда тили тутиладиган қорига икки ҳисса кўп савоб (берилади)”. Ҳадисда ана шундай инсонларга далда берилмоқда, кўнгиллари кўтарилмоқда. Зеро, уларнинг Қуръон ўқиш йўлида чеккан машаққатлари бесамар кетмайди. Ҳатто моҳир қоридан ҳам кўпроқ савоб олишлари мумкин.
Мўминлар амири Ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу: “Мен бирон кунни Аллоҳнинг Каломига назар солмай ўтказишдан уяламан”, деганлар. Бу гапни бутун бошли давлат раҳбари айтаётганини ўйласак, уларнинг Қуръони каримга бўлган муносабатларини ангалаймиз.
Али ибн Абу Толиб розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар: “Ким Қуръонни ўқиса ва ёдласа, (Қуръон) ҳалол деганни ҳалол, ҳаром деганини ҳаром деб тан олса, Аллоҳ ўша бандани жаннатга киритади ва унга оила аъзоларидан дўзах(га тушиши) вожиб бўлган ўн нафарини шафоат қилиш имконини беради”.
Яъни, ким Аллоҳнинг Китобини тўлиғича ёд олиб. Қуръондаги ҳалол нарсани аҳлол, ҳаромни ҳаром деб эътиқод қилса, Аллоҳ у бандани жаннатга киргизади ва унга оила аъзоларидан дўзахга тушганлар ичида ўн кишини шафоат қилиш имконини беради. Жаннатга киришнинг ўзи осон иш эмас. Бунинг учун кўп амал қилиш, машаққат чекиш. Аллоҳ йўлида тер тўкиш, турли мусибат ва қийнчиликларни мардонавор енгиб ўтиш, сабр қилиш керак бўлади. Жаннатга кириб, яна ўзгаларни шафоат қилиш эса бу улуғ мақом. Бу мартаба Қуръонни тўлиқ ёд олиб, унга амал қилган қориларга берилади.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал айтадилар: “Тушимда Аллоҳ азза ва жаллани кўрдим. Ундан: “Ё Раббим, бандаларинг Сенга қурбат ҳосил қиладиган энг афзал амал қайси?” деб сўрадим. У Зот: “Эй Аҳмад, Менинг Каломим билан (қурбат ҳосил қиладилар)”, деди. Мен: “Парвардигорим, маъносини тушунсаларми ёки тушунмасалар ҳамми?” дедим. Шунда Аллоҳ: “Маъносини тушунсалар ҳам, тушунмасалар ҳам”, деб марҳамат қилди”.
Хулосаси ўлароқ шуни айтиш керакки, Қуръони карим тиловати бандани Аллоҳ таолога яқинлаштирадиган, уни Унинг даргоҳида юксак мақомга лойиқ қиладиган энг улуғ амаллардан саналар экан. Кимки ана шу фазилатга эга бўлса унинг Аллоҳ таоло даргоҳида юксак мақом эгасига шубҳа бўлмайди.


Мақсуд Акрамов,
Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударриси