09.03.2023

Умр-ғаниматдир!!!

«Ўлим келиб, у: «Роббим, мени озгина муддатга (ҳаётда) қолдирсанг, хайр-садақа қилиб, солиҳ (банда)лардан бўлардим», деб қолмасингиздан аввал Биз сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилингиз! Аллоҳ ажал келганда ҳеч бир жонни (вафот этдирмасдан) қолдирмас. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир» (Мунофиқун сураси, 10-11-оятлар).
Дарҳақиқат, умр ўткинчи. Шунинг учун уни ботил йўлда зое қилмаслик, ғанимат кунларни жоҳиллик билан ўтказмаслик зарур. Фарзандларни етим, аёлларни тул қолдирадиган, акани укадан, бойни молдан жудо қилиб, ҳаёт лаззатларини кесадиган ўлимни эсда тутишгина тўғри йўлда юриш мезонидир. Бойлигини турли шаҳвоний истакларга сарфлаб, умрини беҳуда ўтказаётганлар ўлимни унутганлардир.
Ҳадиси шарифда: «Ибрат учун ўлим, машғулот учун ибодат, тўғрилик учун ишонч кифоядир», дейилган.
Ҳар бир инсон бир кун келиб, ўлим эшигидан кириши муқаррар. Эшикнинг нариги томонида нималар бўлиши эса фақат Парвардигоргагина аён. Аммо бир нарса аниқ – тўғри яшаганлар неъматли ҳаётга, хилоф ишни тутганлар жаҳаннамга маҳкумдир. Аллоҳнинг дўстлари вафот этиб, жаннатга кирсалар, У Зотнинг душманлари абадул абад жаҳаннам азобидадир.
Исо алайҳиссалом ҳузурида ўлим зикр қилинса, унинг қўрқинчи сабаб баданларидан тер томарди. Исо алайҳиссаломдек пайғамбар шу куйга тушган экан, бизнинг кўзимиз нега намланмайди? Баданнинг соғлиги, бойликнинг кўплиги, умрнинг ёшлигига ишонманг. Ўлим фариштаси кичикка иззат, каттага ҳурмат қилиб ўтирмай, ўз ишини бажариб кетаверади.
Азроил алайҳиссалом келганда инсон унга: «Менга имконият бер, яна озгина, ҳеч бўлмаса бирор кун яшай»,  дейди. Азроил: «Эй ғофил банда, кунларингни яшаб бўлгансан»,  деб жавоб беради. «Бирор соат имконият бер», деса, «Соатларинг тамом бўлган»,  дейди. «Бирор оғиз гапирай, оиламга ҳолатимни тушунтирай»,  деса, «Барча гапингни айтиб тугатгансан», деб, жонини суғуриб олади.
Инсон нима учун яралган бўлса, шунга тайёргарлик кўриши зарур. Чунки Аллоҳ таоло ҳеч бир бандани бекорга яратмаган. Инсон ибодат учун яратилган. Бандалар тоатга куч олиши учун Парвардигор уларга ризқ бериб туради. Аммо дунё бир кун келиб, заволга учраши табиий. Бу дунё – имтиҳон диёри. Ўлим эса ушбу имтиҳондан муваффақиятли ўтганлар учун роҳат бўлса, йиқилганлар учун ҳалокатдир.


                                                            Эшбеков Муҳаммадфотиҳ
Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти 4-босқич талабаси