08.03.2023

Маърифат-Жаҳолатдан афзалдир

Ислом – илму маърифатга асосланган дин. Унинг асосий манбалари ҳисобланувчи Қуръони карим ҳамда ҳадиси шарифда илм ўрганиш ва уни бошқаларга ўргатиш тарғиб қилиниб, унинг акси бўлган авомлик, билим олишга лоқайдлик қораланади. Сўзимизнинг далили сифатида Қуръони каримнинг илк ояти “Ўқи!” деган амр эканини айтиш жоиз. Бундан ташқари, Каломуллоҳнинг 811 ўрнида “илм” сўзининг турли маъноларида учраши унинг инсон ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятининг қанчалик катта эканини белгилайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўплаб ҳадисларида олимларни яхши кўриш ва илмга муҳаббат қўйишга чақирганлар. Имом Бухорийдан ривоят қилинган ҳадисда Расулимиз: “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир”, деб таъкидлаганлар. Имом Термизий Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда бундай дейилади: “Расулуллоҳ алайҳиссалом бундай деганларини эшитдим: “Ким илм истаб бир йўлдан юрса, Аллоҳ уни жаннат йўлларидан бирига йўллаб қўяди. Фаришталар илм толиби учун қанотларини пасайтирадилар. Албатта, олим ҳаққига осмонлар-у ердагилар, ҳаттоки, сув остидаги балиқлар ҳам истиғфор айтадилар. Олимнинг обиддан афзаллиги бадр кечасидаги тўлин ойнинг бошқа юлдузлардан фарқи кабидир”.
Бугун диёримизда хоҳ диний бўлсин, хоҳ дунёвий бўлсин, илм олишга кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Шунга қарамай, ўзини мусулмон билган айрим кимсалар содир этаётган нохуш вазиятларни ҳам эътиборга олишимиз лозим.
Бугунги кунда турли экстремистик ва террористик ташкилотлар ислом ниқоби остида ўз манфаатларини кўзлаган ҳолда инсонийликка зид бўлган турли хатти-ҳаракатларни бажармоқда. Бу йўлдан эса ўзларига динга муҳаббатли, аммо илми етарли бўлмаган ёки дин арконларидан умуман бехабар, содда мусулмонларни эргаштирмоқда. Ўзларини динимиздаги мўътабар исмлар билан номлаб ўта ялтироқ шиорларни кўтармоқда. Ислом таълимотларидан унчалик хабари бўлмаган кишилар, хусусан, ёшлар бундай кишиларнинг гапларига осонликча алданиб қоладилар.
Шундай экан, бизнинг олдимизга қўйган бош мақсадимиз – улғайиб келаётган ёш авлоднинг диний ва дунёвий билимларини ўстириш ва дунё ҳамжамияти билан ҳамнафас вояга етказиш ҳисобланади. Бу йўлда динимиз арконларини яхшилаб ўрганишимиз, мазҳабимиз уламоларининг этагини тутишимиз лозим.
Тинчликка, жамият осойишталигига рахна соладиган хатти-ҳаракат, бошбошдоқлик ва террорнинг жамики кўринишлари бузғунчилик-фасод ишлари саналади.
Қуръони каримда “Аллоҳ эса бузғунчилик-фасодни севмайди” (Бақара, 205), дейилган.      

                                Ҳожиев Муҳаммадамин
  Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти 4-босқич талабаси