08.03.2023

Оммавий маданиятнинг салбий таъсири.

Кечагина одамларнинг кулгусига сабаб бўлган антиқа кийимларни бугун ўзимизнинг миллий либосларимизга алмаштириб юбораётган ёшлар, куни кеча телевиденияда олиб берилганда, оила катталарининг жиддий эътирозига сабаб бўлган сериаллар бугун оммавий ҳолатда кўриладиган кинолар қаторига кириб қолганлиги ёки эндигина тили чиқаётган болаларнинг қандайдир сўзлар билан ўзгаларни ҳақорат, қилиши бизнинг ўзбекона ҳаётга мутлақо бегона. Уларнинг айни пайтда менталитетимизга бераётган оғир зарбалари ва оқибатлари борасида ўйласам юрак бағрим эзилиб кетади.
Муҳтарам юртбошимиз ташаббуслари билан мамлакатимизда ёшларни "тил ўрганиши” борасида, ёшларни бўш вақтларини самарали ўтказиш борасида бир қатор амалий ислоҳотлар олиб борилаётган бир паллада, ёшларни ўз онгини бузадиган, дунёқараши ва ақлий ўсишини сусайтирадиган ўйинларни ўйнаб, турли "ГАМE CЛУБ”ларни тўлдириб ўтирган болалар кишининг эътиборини ўзига жалб қилади. Нима, улар бу ислоҳотлардан бехабар ёки мустасно эканми?! Уларнинг ота-онлари бу болаларга шу қадар бефарқми? Ахир, мана шу бола Ватаннинг эртаси экани борасида бир ўйлаб кўрдимикан?
Ўша клубларда ўтирган болаларнинг аксарияти қуролли ўйинларни ўйнаётгани ҳам кишининг эътиборини тортади. Қизиқ, нима сабабдан улар бу каби отишмаларни, одам ўлдиришдек қабоҳатларни амалга ошириш каби ўйинларни ўйнайди? Улар бундан қандайдир манфаат олишадимикан? Яратганга чексиз ҳамду санолар бўлсинки, мамлакатимиз тинч бўлса, юртимизда инсон қадри улуғ бўлса, қатор эркинликлар яратилиб берилаётган бўлса-ю, уларни четга суриб, ёшлигидан бўлмағур ишлар билан банд болалар кишининг чуқур ҳаёлга чўмдиради.
Ёшларни ёшлик чоғларидан бошлаб илму маърифатга қизиқтириб, ўргатиб бориш лозим. Зеро, ўзида илму фаннинг қайси соҳасига бўлса ҳам қизиқиш уйғотиб, ўқиб, ўрганиб, маълумот ҳосил қилган киши, албатта, оиласи, халқи ва Ватани учун манфаат келтирадиган инсонлар қаторидан жой олади.
Оила - тарбия маскани ҳисобланади. Фарзандларнинг келажакда қайси тоифадаги кишиларга ўхшаб қолиши ҳақида жаноб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан ушбу ҳадиси шариф ворид бўлган: “Хар бир фарзанд мусулмон фитратида туғилади, лекин уни яхудийга айлантириб юборадиган хам, насроний ёки мажусийга айлантириб юборадиган хам унинг ота-онасидир” (Имом Бухорий ривояти).
Шундай экан, фарзанд энг биринчи тарбияни оиладан олади. Оила мана шу боланинг жамиятдаги ўрнини топишида ва ҳаётда мустақил яшашга ўрганишдаги катта восита ҳисобланади. Демак, фарзанд тарбиясида биринчи навбатда оила аъзолари мустаҳкам турмоғи лозим бўлса, маҳалла, жимият фаоллари ундан кейин туради. Уларни сустлашиши ёки бееътиборлиги натижасида эса, маълум бўлиб бораётганидек кўнгилсизликлар кузатилади. Бола бетарбия бўлиб улғаяди. Жамиятга зарар етказиш, давлатига ҳиёнат қилиш, динига хилоф ишларни қилиш каби иллатлардан ҳам тойимайдиган бўлиб улғаяди.
Азиз ватанимизнинг мустақиллиги абадий бўлиб, келажакда ҳам дунё тан олган ал-Бухорий, ал-Беруний, ал-Фарғоний каби уламолар яна бизнинг авлодлардан чиқишини истардим. Биз бунга ҳақлимиз. Зеро, бизнинг томиримизда буюк олимларнинг, мутафаккирларнинг, кўплаб зиёлиларнинг қони оқаётгани барчага ойдек равшандир.

                     Шавкатов Ҳидоятшоҳ
Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти 3-босқич талабаси