07.03.2023

Таълим-тарбиянинг бир қисмидир.

Инсон ҳаётда ўз ўрнини топиши, икки дунё саодатига эришиши, юртининг тараққиётига ҳисса қўшиши ва шу ватанга муносиб бир фарзанд бўлишини таълим-тарбиясиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шунинг учун ҳам динимизда таълим-тарбиянинг бир-бири билан узвий боғлиқлигига ва фарзандни камол топтиришда бу икки нарсани уйғунликда олиб боришга алоҳида эътибор қаратилган.
Аллоҳ таоло “Таҳрим” сурасининг 6-оятида: “Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган оловдан сақланг”, деб марҳамат қилади. Инсон ўзини, аҳли аёлини ва ўзидан бино бўладиган аҳлларини қандай қилиб оловдан сақлаши мумкин? Бу сақлаш, аввало ўзидан сўнг аҳлларидан жаҳолатни кетказиб, дунё ҳаётида оқибати оловга олиб борадиган турли жинояту гуноҳлардан, нодонлигу бадхулқликлардан  таълим ва тарбия воситасида сақлаш билан бўлар экан.
Таълим-тарбиянинг ўртасида очиқ-ойдин фарқ бор. Таълим, тарбиянинг бир жузъи. Тарбия эса таълимни ўз ичига олади, аксинча эмас. Демак, тарбия ўз-ўзидан таълимга нисбатан комил ва кенг қамровлидир. Исломий тарбиянинг маъноси эса жамиятда ҳар тарафлама комил инсон шахсиятини барпо қилиш ва албатта, бу тарбия руҳий, ақлий ва жисмоний тарафларни ўз ичига олади. Зотан, Аллоҳ таоло инсониятни ер юзини обод қилиш учун яратган. Демак, у ўзининг вазифаларини адо этиши учун ҳар тарафлама комил ва етук бўлиши керак. Бунинг учун эса бизнинг динимиз Исломда барча кўрсатма ва имкониятлар мавжуд. Энг асосийси, инсон ўзининг олдига қўйилган вазифаларни бажариш асносида доимий ҳолда Аллоҳга юзланиб туриши тарбиядир.
Ҳасан Басрий айтадилар: “Кимники одоби бўлмаса, унинг илми йўқ”. Уларнинг бу сўзлари, инсон қанча илмга эга бўлмасин, агар унда одоб бўлмаса ўша инсонни илмига эътибор йўқ деганидир.
Ҳикматларда: “Одоб бамисоли бир дарахт. Илм эса ундаги бир мева. Агар дарахт бўлмаса, мева қаердан ҳам бўлсин”, деб айтилиши ҳам бежиз эмасдир. Агар аҳамият берилса ҳикматларда аввало тарбия кейин таълим ҳақида сўз боради. Тарбия энг аввал оиладан бошланишини ҳисобга олсак, инсон ҳаётида  таълим ва тарбия олиш масаласида ота-она масъулдир.
Ҳозирда баъзи жойларда бўлаётган хунрезликлар, ёшлар ва аёллар томонидан содир бўлаётган жиноятлар, тўс-тўполонлар бугун бутун дунёни ташвишга соляпти. Бунга сабаб уларнинг ота-оналари фарзандларини тарбияси билан машғул бўлмагани, уларни ўз ҳолларига ташлаб, эътиборсиз қолдирганликдандир. Мисол тариқасида оммавий маданиятни тарғиб қилгучи маданиятсиз, тарбиясиз ёшларни оламизми ёки  бўлмаса турли оқимларга аъзо бўлиб, ёт ғояларни қўллаб-қувватлаётган, ўз Юрти ва халқига, ақидасию ўз мазҳабига, миллий қадрияти-ю анъаналарига қарши чиқаётган, ўз халқини орасида турли низо ва бўҳтонларни тарқатишга ҳаракат қилаётган ёшларни келтирамизми, буларнинг ҳаммаси улардаги тарбия ва одоб тушунчалари етишмаслигидир.
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, агар ота-она ўша фарзандларини ёшлигиданоқ тарбияси билан машғул бўлиб, яратилаётган имконият ва шароитлардан унумли фойдаланса, таълим-тарбияни ўз вақтида берганда,   ёшларимиз шундай ёмон ҳолатларга тушиб, ёшликларини бадном қилмаган, балки ўз юртига муносиб, аждодларига ҳақиқий ворис бўлишар эдилар.
Ҳозирги ахборот дунёси бир-бири билан қоришиб кетган “глобаллашув” деб аталган давримизда фарзандларимизга яхшини ёмондан, оқни қорадан ажрата олишга ўргатиш, аввало ота-она ва мактабдаги устоз педагоглар олдида турган энг муҳим вазифадир.

                                                             Набижонов Иззатилло
Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти 2-босқич талабаси