11.07.2021

Зулҳижжа ойи рўзаси

Аллоҳ таоло Рамазон ойи рўзасини фарз этган бўлса, Пайғамбар алайҳиссалом айрим кунларнинг рўзасини нафл қилганлар. У зот ҳаётлари давомида бунга маҳкам турганлар ва бошқаларни ҳам шунга қизиқтирганлар. Ана шундай рўзалардан бири Зулҳижжа ойининг рўзасидир.

عن أبي هريرة رضي الله عنه أنَّ النبي صلى الله عليه وسلم قال "ما مِنْ أيام أحَبُّ إلى الله أن يُتعبَّدَ له فيها من عَشْرِ ذي الحجة ، يَعْدِلُ صيامُ كل يوم منها بصيام سنة ، وقيامُ كلِّ ليلة منها بقيام لَيْلةِ القَدْر".

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ибодат қилинадиган бирор кун Зулҳижжанинг ўн кунига қараганда Аллоҳ таолога маҳбуб эмас. Ундаги ҳар бир куннинг рўзаси бир йилга баробардир. Ундаги ҳар бир кечада қоимлик қадр кечасида қоимликка баробардир», дедилар» (Имом Термизий, Ибн Можа ва Байҳақий ривояти).

Умму Салама онамиз айтганлар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Зулҳижжа ойида рўза тутар эдилар».
Машҳур тобеъийн Саъийд ибн Жубайр раҳматуллоҳи алайҳи: «Ўн куннинг кечаларида чироқларингизни ўчирманглар», деганлар. 
Бу билан у киши Зулҳижжа ойининг аввалги ўн кечасини қоим ўтказишга ишора қилганлар. Қоим қилиш одатда рўза тутиш, саҳарликка туриш билан амалга оширилади. Чунки кечани қоим қилиш қалбни Аллоҳга боғлайди, инсонни ҳаёт қийинчиликлари ва ташвишларига бардошли этиб тарбиялайди.
Имом Аҳмад ва Имом Абу Довуддан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зулҳижжа ойининг аввалги тўққиз кунида, Ашуро кунида ва ҳар ойдан уч кунда – ойнинг аввалги душанбаси билан икки пайшанбасида – рўза тутардилар». 
Аслида Зулҳижжа ойининг тўққиз кунида рўза тутилади. Чунки, ўнинчи куни ҳайит бўлиб, бу кунда рўза тутиш ҳаром саналади. 
Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр куни (Рамазон ҳайити куни) ва Наҳр куни (яъни қурбонлик куни) рўза тутишдан қайтарганлар» (Муттафақун алайҳи).

Пайғамбар алайҳиссалом йил давомида Рамазон ҳайити куни, Қурбон ҳайити куни ва ундан кейинги уч кунда рўза тутишдан қайтарганлар. Бунга барча уламолар шак-шубҳасиз иттифоқ қилишган. Айнан ушбу кунларда рўза тутган киши гуноҳкор бўлади, бошқа кунларда рўза тутгани учун тоғдек-тоғдек савобларни қўлга киритади. Қолаверса, Аллоҳ таолонинг розилиги учун бир кун рўза тутган банданинг жаҳаннамдан етмиш йиллик масофага узоқлаштирилиши ҳақида ҳадиси шарифда айтиб ўтилган. 
Шундай экан, биз ҳам бу ойнинг қадрига етиб, шаънини улуғлаб, ҳеч бўлмаганда тўққизинчи куни – Арафа куни рўза тутишга астойдил бел боғлашимиз лозим ва лобуддир.

ЭРКИН ҚУДРАТУЛЛОҲ,
Мир Араб ўрта махсус 
ислом билим юрти мударриси