11.07.2021

Зулҳижжа ойининг фазилати

Зулҳижжа ойи ҳижрий йил тақвимининг охирги ойи саналади. Бу ой ҳам бошқа ойлар каби бир қанча хусусиятларга эгадир. Пайғамбарлар ҳаётида ушбу ойда кўплаб муҳим ҳодисалар содир бўлган.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда Зулҳижжа ойининг ўн кунлигига қасам ичиб, шундай деган:

وَالْفَجْرِ وَلَيَالٍ عَشْرٍ وَالشَّفْعِ وَالْوَتْرِ.

«Тонгга қасам. (Зулҳижжа ойидаги аввалги) ўн кечага қасам. Жуфт ва тоққа қасам» (Фажр сураси, 1-3 оятлар).

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур оятдаги «ўн кечага қасам»дан мурод, Зулҳижжа ойининг аввалги ўн куни, «тоқ»дан мурод, Зулҳижжа ойининг тўққизинчи куни, «жуфт»дан мурод эса, Зулҳижжа ойининг ўнинчи куни ирода қилинганини айтиб ўтганлар.
Муфассир уламоларимиз ҳам оятдаги «жуфт»дан мурод, Зулҳижжа ойининг ўнинчи куни, «тоқ»дан мурод эса, тўққизинчи куни эканини бир қанча далиллар билан исботлашган.
Шунингдек, Ибн Аббос, Ибн Зубайр, Мужоҳид ва Ибн Касир каби алломалар бу ўн кечадан мурод Зулҳижжа ойининг ўн кечаси эканини алоҳида таъкидлашган.
Аллоҳ таоло бекордан-бекорга ҳар нарса билан қасам ичмайди. У қасам ичган нарсалар бандаларнинг диққатини янада жалб этиш, унинг қадрига етишларига бир турткидир.
Айнан бу кун ва кечаларга қасам ичиши шу кун ва кечаларнинг нақадар фазилатли эканига далолат қилади. Демак, Зулҳижжа ойининг ўн куни биз бандалар учун ўта қийматли, фазилатли, барокатли, ғанимат, савобга бой, ажрга тўла кунлардир.
Ушбу кунларнинг фазилати борасида қатор ҳадислар ривоят қилинганининг ўзидан ҳам бунинг нақадар аҳамиятли эканини билсак бўлади.

عن أبي هريرة رضي الله عنه أنَّ النبي صلى الله عليه وسلم قال "ما مِنْ أيام أحَبُّ إلى الله أن يُتعبَّدَ له فيها من عَشْرِ ذي الحجة ، يَعْدِلُ صيامُ كل يوم منها بصيام سنة ، وقيامُ كلِّ ليلة منها بقيام لَيْلةِ القَدْر".

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ибодат қилинадиган бирор кун Зулҳижжанинг ўн кунига қараганда Аллоҳ таолога маҳбуб эмас. Ундаги ҳар бир куннинг рўзаси бир йилга баробардир. Ундаги ҳар бир кечада қоимлик қадр кечасида қоимликка баробардир», дедилар» (Имом Термизий, Ибн Можа ва Байҳақий ривояти).

Зулҳижжа ойининг улуғлиги шундаки, бу ой йилнинг якунидир. Ҳар бир хотима гўлаллик, тоат-ибодат ила якунланса, қандай ҳам ажойиб, қандай ҳам файз. Бу ойда кунларнинг афзалларидан бўлмиш Арафа куни мужассам. Арафа кунининг қанчалар фазилатли экани ҳеч кимга сир эмас, албатта. Шунингдек, ҳаж ибодати айнан шу ойда бажарилади. Маккаи мукаррамада мўмин-мусулмонлар тўлиб тошади, ҳамма Аллоҳнинг уйи – Каъбатуллоҳ сари ошиқади, гуноҳлар дув-дув тўкилади.
Шундай экан, ҳар биримиз бу муборак кунларнинг қадрига етиб, тоат-ибодатда бардавом бўлсак, Аллоҳ таолонинг маҳбуб бандалари қаторига кирамиз. Ажр-мукофотидан умид қилиб, бир кун рўза тутсак, бир йил рўза тутгандек савобга шерик бўламиз. Бу кунларда намоз, тиловат, зикр, илтижо, дуо, истиғфор, салавот, тасбеҳ, такбир, таҳмид каби зикрлар билан машғул бўлсак, номаи аъмолимизга худди Рамазон ойида, Қадр кечасида ибодат қилганлардек савоб ёзилади.

ЭРКИН ҚУДРАТУЛЛОҲ,
Мир Араб ўрта махсус  
ислом билим юрти мударриси