Мотуридия ақидаси асослари
Маънавий тарбияни тўғри йўналтириш, мафкуравий иммунитетни ошириш, халқни турли бузғунчи ғоялардан ҳимоя қилиш ва диний билимларни ўзлаштиришда эътиқод ҳал қилувчи вазифани бажаради. Ақида инсоннинг ўй-фикр, ҳаракатлари натижасини белгилаб беради. Яъни, жамият тараққиёти соф ақида билан чамбарчас боғлиқ. Бу борада мотуридийлик ақидаси бизга намуна бўлади. Абу Мансур Мотуридий сунний эътиқодидаги икки йирик таълимотлардан бири бўлмиш мотуридия таълимотининг асосчиларидан ҳисобланадилар.
Абулҳасан ан-Надавий ўзининг «Рижол ал-фикр ваддаъва» китобида шундай зикр этади: «Имом ал-Мотуридий турли илму фанларни яхши билган, ўзининг зукколиги ва билимдонлиги билан ажралиб турувчи, инсоният тарихида машҳур бўлган буюк мутафаккирлардан эди».
Мотуридий яшаган давр Сомонийлар ҳукмронлик қилган даврга тўғри келиб Ислом оламида эътиқод масалаларида бир-бирига қарама-қарши бўлган хилма–хил ғоялар кенг тарқалган эди. Қадарийлар, шиалар, жаҳмийлар, муътазилийлар, рофизийлар каби ўнлаб оқимлар ўртасидаги тортишувлар баъзан қонли можаролар билан якунланар эди. Ана шундай мураккаб даврда Самарқандда Имом Мотуридий ва у каби улуғ уламолар чиқиб, ўзларининг илму-маърифатлари, чуқур ва теран тафаккурлари билан жаҳолатни енгишга ҳаракат қилдилар. Шу тариқа, соф Исломий ақидани сақлаб қолиш учун ўзларининг бор салоҳиятлари ва куч қувватларини аямадилар.
Буюк имомнинг “Таъвилот аҳли сунна” ёки бошқа бир номи “Таъвилот ал-Қуръон” деб номланган асарларида сунний ақидага (таъвилда) зид бўлган оқимларга раддия билдиришда имом Абу Ҳанифанинг қарашларига суянган холда иш кўрадилар.
Мотуридий таълимот муътазилийлар каби фақат ақлга суяниш эмас, балки нақлдан ҳам қўшиб фойдаланишни зарур деб билади. Ақида борасида қўшган яна бир ҳиссаси шуки, ўша даврларда жуда кўплаб фирқалар эътиқод борасида ўз фикрлари билан мусулмон аҳлини турли йўлларга бошлаган. Мотуридий бу ҳолга чек қўядилар ва бу ўлкада ягона ақида тизимини (яъни ҳанафий мазҳаб асосида) ўрнатадилар. У киши барча ақидалар орасидаги баҳсли мавзуларни ҳар бир фирқага далиллар асосида исботлаб берадилар. Натижада турли хилдаги майда оқимлар кўпайишининг олди олинади. Имом Мотуридий ўз таълимоти ва илмий асарлари билан Мовароуннаҳр илоҳиёт мактаби ривожига катта ҳисса қўшдилар. Шунингдек, ҳанафия таълимотининг Ўрта Осиё халқлари урф-одатлари билан чамбарчас боғлиқ эканини ўз қарашлари орқали кўрсатиб бердилар.
Бизнинг вазифамиз Имом Мотуридийнинг бой илмий мероси, ибратли ҳаёт йўли билан боғлиқ ўрганилмаган жиҳатларни тадқиқ этиш, аллома асарларидаги инсонпарварлик, бағрикенглик ҳамда адашган тоифаларга қарши раддия бериш борасидаги қимматли маълумотлардан самарали фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.
Хулоса қилиб айтганда, Мотуридия ақидаси асослари Аҳли сунна вал жамоа ақидасининг асл ўзаги экани барча олимлар томонидан бирдек эътироф этилган. Ислом дини ақидасини соф ҳолда сақлаш барча даврларда долзарб масалалардан бўлиб келган. Миллий ва диний қадриятларимиз қайта тикланаётган айни пайтда диний эътиқод тамойилларини илмий асослаб бериш ва уни кенг оммага етказиш ислом динига эътиқод қилувчи кишиларнинг турли номаълум йўналишларга эргашмай, ўз ақидаларини мустаҳкам тутишлари учун гаровдир. Бундай ишларни амалга оширишда Имом Абу Мансур ал-Мотуридий каби буюк аллома аждодларимиз илмий меросларини чуқур ўрганиш муҳим аҳамият касб этади.
Дийдоржон Аскаров
Мир Араб ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси