16.01.2023

Муқаддас ришта


Никоҳни ҳалол қилиб, зинони ҳаром қилган, сокинлик топиши учун инсонга ўзининг зотидан бўлган жуфтини яратган Аллоҳ субҳана ва таолога ҳамду санолар бўлсин. 
"Сизларнинг энг яхшингиз аҳли аёлига яхши муомалада бўлганингиздир" деган ва бизга ўрнак ўлароқ бутун инсониятнинг энг аълоси бўлган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саловату саломлар бўлсин.  
 Аллоҳ таоло бу мураккаб дунёни шундай яратдики, ундаги заррача ўринда ҳам айб, нуқсон қолдирмади. Бутун борлиқ,  жамики махлуқот шундайин бир-бирига мутаносиб яратилганки, базиларини базиларисиз тасаввур қилиш жуда қийин. Жамиятнинг илк бўғини бўлмиш никоҳ ушбу сўзимизнинг исботидир.  
 Зоҳиран олиб қараганда киши умуман танимаган, билмаган одами билан бир умр бирга яшаши, ҳаётидаги турли хил ёмон кунларида энг яхши суянчиқ,  қувончли онларида эса қувончига шерик ўлароқ ҳаёт кечириши жуда маҳол ишдай кўринади.  Аммо Аллоҳ таоло нуқсонлардан холи Зотки, ўзининг бу ишини ҳам нуқсонсиз,  энг мукаммал тарзда яратгандир. Бу ҳақда Ўзининг каломида шундай деб мархамат қилади: 
وَٱللَّهُ خَلَقَكُم مِّن تُرَابٖ ثُمَّ مِن نُّطۡفَةٖ ثُمَّ جَعَلَكُمۡ أَزۡوَٰجٗاۚ ١١
Аллоҳ сизларни тупроқдан, сўнгра нутфадан яратиб, кейин жуфт-жуфт қилиб қўйди.  (Фотир 11) 
   Бир томчи ҳақир сувга жон ато қилган Аллоҳ, уларни бир- бирига мойил қилиб жуфт қилишга қодир албатта.  Ҳар бир банда борки, уларнинг  ўз жуфти бордир. Инсон қалби шундайин гўзал яралганки,  у қалбнинг шериги,  ўзига мос жуфти ҳам бор ва ўша жуфтга эҳтиёжи бордир.  
   "Рум" сурасининг 21-оятида шундай марҳамат қилинади: 
 
وَمِنۡ ءَايَٰتِهِۦٓ أَنۡ خَلَقَ لَكُم مِّنۡ أَنفُسِكُمۡ أَزۡوَٰجٗا لِّتَسۡكُنُوٓاْ إِلَيۡهَا وَجَعَلَ بَيۡنَكُم مَّوَدَّةٗ وَرَحۡمَةًۚ إِنَّ فِي ذَٰلِكَ لَأٓيَٰتٖ لِّقَوۡمٖ يَتَفَكَّرُونَ ٢١ 
Ва сизларга сокинлик топишингиз учун ўзингиздан жуфтлар яратганлиги ва ораларингизда севги ва марҳаматни солиб қўйгани (ҳам) Унинг оят-белгиларидандир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят-белгилар бордир. 
   Аллоҳ таоло никоҳга шундай бир барака берганки, бу барака сабабидан аввало икки қалб қувончга, уйлар файзга, ҳаётимиз хурсандчиликка тўлади. Ҳақ субҳанаҳа таоло Ўзи айтганидай икки ёшнинг қалбини бир-бирига нисбатан меҳр-муҳаббат билан тўлдириб қўяди, марҳаматни зиёда қилади.
Минг афсуслар бўлсинким бироқ ҳозирги кунда бунинг акси ўлароқ, аксарият келин-куёвлар орасида ўша меҳр- муҳаббат,  марҳамат йўқлиги сабаб ажримлар сони ортиб бормоқда. 
 Хўш,  бунинг сабаби нимада? 
 Даставвал иккала ёшнинг тарбиясига нигоҳ солсак ва ўзимизга савол берсак.  Бу иккала ёш динимиздан қанчалик хабардор?  Уларнинг оиладаги тарбияси Исломий қонун қоидаларни ўзида мужассам қилганми? Улар Аллоҳнинг каломию Пайғамбаримизнинг сўзларидан қанчалик воқифюирлар?  
 Абу Хурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий алайҳиссалом шундай дейдилар: 
 "Аёл кишига тўрт нарсаси учун никоҳланилади:  моли учун,  ҳасаби учун,  жамоли учун ва дини учун.  Бас, диндорини танла,  қўлинг тупроққа қоришгур" дедилар соллаллоҳу алайҳи васаллам.  Йоки куёв танлаш борасида Набий алайҳиссалом айтдиларки:  
"Қачон сизга ўзингиз динидан ва хулқидан рози бўлган киши келса, унга (сўраганини) никоҳлаб беринг.  Агар, шундай қилмасангиз, ер юзида фитна ва фасод бўлур"  дедилар. 
 "Эй Аллоҳнинг Росули, агар унда (фақирлик ва ҳоказо) бўлса ҳам-а?" дейишди. 
 У зот "Қачон сизга ўзингиз динидан ва хулқидан рози бўлган киши келса, унга (сўраганини) никоҳлаб беринг" деб уч марта айтдилар. Термизий ривоят қилган. 
 Яна Аллоҳ таоло айтадики:
إِنَّ أَكۡرَمَكُمۡ عِندَ ٱللَّهِ أَتۡقَىٰكُمۡۚ إِنَّ ٱللَّهَ عَلِيمٌ خَبِيرٞ ١٣ 
Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир. (Ҳужурот 13)
 Демак, ҳам оят билан, ҳам ҳадис билан собит бўляптики, никоҳланишга  энг муносиб жуфт аввало диндан хабардор, Аллоҳни таниган, тақводор номзот экан. Хўш энди бир ўйлаб кўрайликчи ушбу ҳадис ва оятларга амал қилган ҳолда фарзандимизга келин йоки куёв танлаяпмизми? Нафсимизга учган ҳолда бадавлат деб пайғамбаримизнинг сўзларига хилоф иш қилмаяпмизми? 
Масалага бошқа томондан ёндашадиган бўлсак, албатта сир эмаски оилада турли хил вазиятлар бўлиши тайин. Ҳар қанақанги келишмовчиликларда энг аввалги ечим жаҳлга берилмасдан, босиқликни ушлаб қолишликдир.
 Аёлнинг энг аввало турмуш ўртоқ, она ёки аёллигини эмас, балки, унинг Аллоҳ таоло томонидан эр кишига берган бир омонати эканлигини англаган, ундан кейин умр йўлдош, зурриётларининг онасилигини, уларнинг дастлабги устози эканлигини тушунган йигит, унга нисбатан Аллоҳ таоло айтган меҳр-муҳаббатни ва марҳаматни ҳис қилиб, ҳис қилдира олади. Тўғри камчилик ҳаммада ҳам кузатиладиган ҳол. Бу хусусида расули акрам алайҳиссалом  шундай деганлар:   "Аёлларга доимо яхшилик қилинг. Чунки улар қовурғадан яратилгандирлар. Албатта қовурғанинг энг эгри жойи унинг тепа қисмидир. Агар уни тўғирлайман десанг синдирасан, ўз холига қўйсанг эгрилигича қолур. Бас, аёлларга доимо яхшилик қилинг" дедилар. Модомики пайғамбаримизнинг ўзлари уларнинг хато, камчиликка йўл қўйиши мумкинлигини назарда тутиб айтган эканлар, ўзини чинакам мусулмонман деган йигит ҳам ҳар қандай вазиятда ақлини йўқотмай, аҳли аёлига яхши муомалада бўлиши лозим. Юқоридаги ҳадисга мувофиқ ҳар бир мусулмон эр ўз жуфтига доимо яхши муомала қилиши, унга ширин сўзларни сўзлаши, ўрни келганда, мўтадилликни ушлаган ҳолда ҳазилни, эркалашни канда қилмаслиги лозим. Бундан ташқари исрофгача олиб бормайдиган миқдорда аёлини нафақа билан таминлаб туриш ҳам эрнинг аёли олдидаги вазифаларидандир. Аёлининг камчиликларини кечириши ва унинг оила аъзоларига нисбатан  ҳурмат билан, яхши муомалада бўлиши керак бўлади.
 Муслима келинимиз эса "ҳа нима қилай, барибир қовурға эканман, хато қилишим тайин эканку" демасдан хожасининг жаҳлини чиқарадиган ишлардан ўзини тийиши, унга доимо ширин сўзли, итоаткор бўлиши ва ҳар бир қиладиган ишида эрининг розилигини ўйлаши лозим. Одатга қарайдиган бўлсак, оиладаги арзимаган муаммолар сабабидан турли жанжалларнинг келиб чиқгани кузатилади. Шундай сабабларнинг энг кўп кузатиладиганларидан айримлари шуки, аёлнинг эрига итоатсизлик қилиши, йоки эрига беҳурматсизларча муомала қилиб гап қайтаришидир. Аллоҳ таоло ўз каломида солиҳа аёлни васфлаб шундай деб марҳамат қилади:
فَٱلصَّٰلِحَٰتُ قَٰنِتَٰتٌ حَٰفِظَٰتٞ لِّلۡغَيۡبِ بِمَا حَفِظَ ٱللَّهُۚ ٣٤
Солиҳа аёллар–итоаткор ва Аллоҳнинг ҳифзи-ҳимояси бўйича ғойиб(эр)ларининг муҳофазасини қилувчилардир.  (Нисо 34)
Бундан келиб чиқадики солиҳа аёлнинг феьлида асли итоаткорлик бўларкан. Итоаткор лик бўлган жойда эса гап қайтармаслик ва чиройли муомала қилишлик бўлиши аниқ. Аслини олиб қарасак ҳурмат бўлсагина итоаткорлик бўлади. Ҳурмат бўлмаган жойда ҳурматсизликнинг гувоҳи бўлишимиз мумкин. Динни билган, шариатдан хабардор муслима сингилларимиз ҳурматни, итоаткорликни ўзларида шакилллантирган бўлишлари лозим бўлади. Ва яна қолаверса, эрининг молини ҳиёнат қилмай яхши мухофаза қилиши,  турмуш ўртоғининг имкониятидан келиб чиқиб унга хохиш истагларини билдириши, эрининг тоқати кўтармайдиган нарсани ундан талаб қилиши жоиз бўлмайди. Эрнинг ҳалол ёки ҳаром луқмани уйга олиб келишига қайсидир маънода аёлнинг ҳам таъсири жуда катта. Агар эр ҳалол луқма топсаю оз бўлса аёли албатта сабр қилсин шу луқмага, чунки барака Аллоҳдандир. Бордию аёли ортиғини талаб қиладиган бўлса эри ҳам тамагирлик, ёки турли бошқа қўшимча йўлларини излаб қолиши ва натижада нафсига алданиб ҳаром пул топиш томонга кетиб қолиши мумкин.  
 Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ёшларимиз,  энг аввало, гўзал динимиз одоб ахлоқларию,  унинг қонун-қоидаларини ўргансинлар.  Аллоҳ никоҳни ҳалол, оилани муқаддас қилди, зинони ҳаром деди. Мусулмон ўлароқ биз энг аввало шуларни билиб, амал қилиб, фарзандларимизга ўргатмас эканмиз,  улар баҳтсиз, оиласи бузилган, жамият эса пароканда бир аҳволга келиши тайин. Никоҳдан мақсадимиз умматнинг келажаши, фарзандимиз бахтию,  жамият ривожи бўлиши керак.  Аввал бошиданоқ шахсий манфаат ёки бойлик бўлмаслиги керак. Бизни гўзал динимиз шуларга буюради. Унутмайликки қарийб бир минг беш юз йил аввал мукаммал бўлган ислом динимиз барча муаммоларимизнинг ечимидир аслида. 
 Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!

Нозимжон Жумаев,
Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти талабаси