Тинчлик неъматига шукрона қилиш ва унинг мустаҳкамлигини сақлаш
Бизларга тинчлик неъматини берган Aллоҳ таолога ҳамдлар, "Ким оиласи тинч, танаси саломат ва ҳузурида бир кунлик таоми бор ҳолатда тонг орттирса, унга дунё тўлиғича берилибди" (Сунани Термизий 2346-ҳадис), - дея марҳамат қилган пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга ва у кишининг аҳли-оилаларига саловот ва саломлар бўлсин.
Жонажон ватанимизда 130 дан зиёд миллат ва 16 та диний конфессия мавжуд. Улар тинчлик ва омонликда истиқомат қилиб келмоқда. Тинчлигимиз ортида эса ҳар бир инсоннинг хизмати ва улуши бор.
Уламолар Қуръони каримнинг 50 дан зиёд сурасидаги оятлар мўминлик, тинчлик ва бағрикенглик мавзулари ҳақида эканини айтганлар. "Бақара" сураси 208-оятда:
يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ ٱدۡخُلُواْ فِي ٱلسِّلۡمِ كَآفَّةٗ وَلَا تَتَّبِعُواْ خُطُوَٰتِ ٱلشَّيۡطَٰنِۚ إِنَّهُۥ لَكُمۡ عَدُوّٞ مُّبِينٞ
"Эй иймон келтирганлар! Исломга тўлиғича киринг ва шайтоннинг изидан эргашманг. Aлбатта, у сизга очиқ-ойдин душмандир", - дейилган.
Маълумки, «Ислом» сўзи «Aллоҳга бўйсуниш» маъносини билдиради. Бу ҳолатда оятнинг умумий маъноси «Aллоҳга бутун борлиғингиз ила бўйсунинг», дегани бўлади. Яъни Aллоҳга бўйсуниш тўлалигича бўлсин. Тили билан бўйсуниб, дили билан бўйсунмасдан ёки бадани билан бўйсунмасдан қолиш керак емас. Хулласи калом, бўйсуниш тўлалигича, ҳамма томондан бўлиши керак.
«Ислом» сўзининг маъноларидан яна бири «тинчлик»дир. У ҳолда оятнинг умумий маъноси «Тинчликка тўлиғича киринг», - дегани бўлади. Тинчликка тўлиғича кириш эса Исломни татбиқ қилиш билан амалга ошади. Исломда тинчлик инсон қалбининг тинчлигидан бошланади. Фақат банда ва Парвардигор, борлиқ ва охират ҳақидаги Ислом ақийдаларигина ҳар бир инсон қалбига тинчликни солиши мумкин. Сўнгра қалбдаги бу тинчлик оилага кўчади. Ислом оила тинчлиги учун зарур бўлган барча чораларни ишга солади. Оилалардаги тинчлик қўни-қўшни, қариндош-уруғлар орасига кўчади. Исломда қўни-қўшнилар, қариндош-уруғлар билан тинч яшашнинг йўл-йўриқлари батафсил кўрсатиб қўйилган. Сўнгра бу тинчлик жамиятга ўтади. Исломда ҳар бир жамият ўзаро тинчликда яшаш учун нималар қилиши лозимлиги ҳам белгилаб қўйилган. Давлат миқёсида тинч яшашга эса қалб тинч, оила тинч, қўни-қўшни, қариндош-уруғ тинч, жамият тинч бўлганда эришилади. Исломда давлат билан фуқаролар орасидаги тинч-тотувлик асослари ҳам, давлатлараро тинч-тотувлик йўл-йўриқлари ҳам мукаммал йўлга қўйилган. Охири келиб, Ислом кўзлаган тинчликда бутун дунё тинчлигига эришилади. Унда барча қалблар тинч, оилалар тинч, қўни-қўшнилар тинч, қариндош-уруғлар тинч, жамиятлар тинч, давлатлар тинч, ҳайвонот, наботот ва бутун борлиқ тинч бўлади.
Имом Бухорий ўзларининг Саҳиҳ китобларидаги 6412-ҳадисда:
٦٤١٢ - عن ابن عباس عنه قال: قال النبي ﷺ: «نعمتان مغبون فيهما كثير من الناس،
الصحة والفراغ».
Ибн Aббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Икки неъмат борки, кўп одам
уларни бой бериб қўяди: соғлиқ ва бўш вақт», -дедилар».
Юқоридаги оят ва ҳадисдан кўринмоқдаки: тинчлик-саломатлик ва бўш вақт улкан неъмат экан. Киши бу неъматларнинг қадрига етмоғи, улардан дунё ва охирати учун унумли фойдаланиши, бу нарсаларни берган Роббисига шукр қилмоғи лозим ва тинчликка рахна солувчи эмас, балки унинг бардавом бўлишига интилиши шарт. Aкс ҳолда, "Aнфол" сураси 25-оятида айтилганидек:
وَٱتَّقُواْ فِتۡنَةٗ لَّا تُصِيبَنَّ ٱلَّذِينَ ظَلَمُواْ مِنكُمۡ خَآصَّةٗۖ وَٱعۡلَمُوٓاْ أَنَّ ٱللَّهَ شَدِيدُ ٱلۡعِقَابِ
"Ва сизлардан фақат зулм қилганларнинг ўзигагина етмайдиган фитнадан сақланинг. Ва билингки, албатта, Aллоҳнинг иқоби шиддатлидир".
Ушбу ояти каримадаги «фитна» сўзи бошқа оятлардаги каби синов ва бало маъноларини англатади. Қайси бир жамоада золимлар зулм қилганда бошқалар қараб турса,ҳамма - зулм қилганлар ҳам, қараб турганлар ҳам баробар балога гирифтор бўладилар. «Зулм» деганда бир шахснинг иккинчи шахсга тажовуз қилишигина англанмайди, балки бу сўзнинг маъно қамрови кенг бўлиб, ҳамма ноҳақликлар, гуноҳлар ичига киради. Қайси бир жамиятда ана шундоқ зулмлар содир этилса, ўша жамиятнинг барча аъзолари - зулм ишларни қилганлари-ю, уларга бефарқ қараб турганлари биргаликда оммавий бало-офатга гирифтор бўладилар.
Aллоҳ таоло тинчлигимизни бардавом қилсин, ушбу йўлда хизмат қилганлардан рози бўлсин.
Исмоилов Намоз,
Мир Араб ўрта махсус ислом
билим билим юрти мударриси