06.01.2023

Мазҳабимизда Фотиҳадан кейин “омин” овоз чиқармасдан айтилади.

 Ўзининг шариатини устимизга қоим қилган Аллоҳ таолога ҳамду саноларимиз, Пайғамбаимиз Муҳаммад Мустафо Соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду саловотларимиз бўлсин. Бугунги давр ривожланган интернет ва ахборот асридир. Бугунги даврда турли диний масалалар, марузалар, исломий маълумотлар интернет тармоқлари орқали кенг тарқалиб бормоқда. Асосли ва асосли эмаслиги, ким томонидан тарқатилаётгани, қандай моҳият касб этиши одамларимизни қизиқтирмай қўйди. Шундай масалалардан бири мазҳабимизда Фотиҳа сурасидан кейин “омин”ни овоз чиқармасдан айтилишидир. Ҳанафий мазҳабимизга кўра намозда, “Фотиҳа” сурасидан кейин, “омин”ни махфий (овоз чиқармасдан) айтилади. Бунга уламолар қуйидаги далилларни келтирадилар:
“Омин” лафзи дуо бўлиб, “ижобат қил”, “дуони қабул қил”,деган маъноларни англатади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда дуони махфий қилишга буюрган:

ادْعُوا رَبَّكُمْ تَضَرُّعًا وَخُفْيَةً إِنَّهُ لَا يُحِبُّ الْمُعْتَدِينَ
яъни: “Раббингизга зорланиб ва хуфёна (овозсиз) дуо қилингиз! Зеро, У (дуода ва бошқада) ҳаддан ошувчиларни ёқтирмагай” (Аъроф сураси, 55-оят).
Демак, “омин”ни ичимизда айтсак, оятга амал қилган бўламиз.
Яна бир далил:

عَنْ عَلْقَمَةَ بْنِ وَائِلٍ رضي الله عنه عَنْ أَبِيْهِ: "أَنَّهُ صَلَّى مَعَ رَسُولِ اللهِ صلى الله عليه وسلم فَلَمَّا بَلَغَ غَيْرِ الْمَغْضُوبِ عَلَيْهِمْ وَلاَ الضَّالِيْنَ قَالَ: آمِيْنْ وَأَخْفَى بِهَا صَوْتَهُ")    رواه الإمامُ أحمدُ والإمامُ أبو داودَ الطيالسيُّ والإمامُ أبو يَعلى الموصلي والإمامُ الدارقطني والإمامُ الحاكمُ(
яъни: Алқама ибн Воил оталаридан ривоят қиладилар, оталари Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам билан намоз ўқидилар. Пайғамбаримиз “ғойрил мағзуби ъалайҳим валаззоллин”га етганларида оминни овоз чиқармасдан айтдилар (Имом Аҳмад, Имом Абу Довуд, Имом Абу Яъло, Имом Дорақутний, Имом Ҳоким ривоятлари). 
“Омин”ни машҳур ва буюк саҳобалар ҳам овоз чиқармасдан айтганликлари мазҳабимизни қўллаб-қувватлайди:

عَنْ أَبِيْ وَائِلٍ رضي الله عنه قَالَ: "كَانَ عَلِيٌّ وَابْنُ مَسْعُودٍ لاَ يَجْهَرَانِ بِبِسْمِ اللهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيْمِ
وَلاَ بِالتَّعَوُّذِ وَلاَ بِآمِيْنَ")  رواه الإمامُ الطبراني(
яъни: Абу Воил разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда у зот шундай деган: “Али ва Абдуллоҳ ибн Масъудлар “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм”ни ҳам, “аъузу”ни ҳам, “омин”ни ҳам овоз чиқариб айтмас эдилар” (Имом Табароний ривояти). 
Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, бошқа мазҳабларда ҳужжат қилинадиган “Омин”ни жаҳрий (овоз чиқариб) айтилиши ҳақида келган ҳадисларни ҳанафий уламолар Расулуллоҳ таълим учун айтганликларини қайд этганлар.
Хулоса шуки, “Омин”ни махфий айтиш масаласи оят ва  ҳадисга тўлиқ мос келади ва Пайғамбаримизнинг суннатидир. Ҳанафий уламолар бу мавзуда оят ва ҳадисга суянганлар, қиёсга ҳожат ҳам қолмаган.
Бу дин, бу шариат бизга машҳур олимлардан, шариатимиз маёқлари бўлган мазҳаббошиларимиздан, ҳамда оламларга раҳмат бўлиб келган Пайғамбаримиз Соллаллоҳу алайҳи васалламдан мерос қолган. Бу шариатни ўзгартирмоқчи, бузмоқчи бўлганлар ҳеч қачон ўзларининг ғаразли нийятларига эриша олмайдилар.

                   Манбалар асосида Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Абубакр Мустафоев тайёрлади.

 

 

 

 

 

 

 



.