Аллоҳни зикр қилишнинг инсон миясига таъсири
Маълумки, яқин орада янги фан – нейротеология фани дунё юзини кўрди. Бу фан бирор динга эътиқод қилиш ва қилмасликни невролигик нуқтаи назаридан ўрганади. Олимлар бунда магнит-резонанс томография жиҳозларидан фойдаланади. Бунда улар иймоннинг мияга таъсири, мўмин ва кофирнинг мияси орасида қандай фарқ борлигини аниқлашга ҳаракат қилади. Хўш, олимлар нимани аниқлади?
Масалан, америкалик олим Эндрю Нюберг бир гуруҳ худога ишонадиганлар ва худосизларни ўрганиб, ажойиб натижаларга эришди. Унинг аниқлашича, иймонли кишининг миясида ҳис-туйғу ва бошқаришдан масъул бўлган “prefrontal cortex” деб номланадиган мия қисми доим фаол бўлади. Атеистда эса ҳатто дам олиш пайтида ҳам миянинг воқеаларни таҳлил қиладиган қисми фаол бўлади.
Аллоҳнинг ишлари ҳақида тафаккур қилганимизда, намоз ўқиганимизда мия туйғуларни тартибга соладиган «limbik tizim»*ни ишга туширади.
Шундан келиб чиқадики, иймон ҳар бир инсоннинг миясида мавжуддир. Лекин атеистлар буни инкор қилиб келади.
2010 йилда "Психология илмлари" журналида чоп этилган тадқиқотга кўра, Аллоҳ ҳақида тафаккур қилиш стрессни камайтиради ва руҳий хотиржамликни ҳис этишга кўмаклашади. Аллоҳ таоло «Раъд» сурасида айтади:
الَّذِينَ آمَنُوا وَ تَطْمَئِنُّ قُلُوبُهُمْ بِذِكْرِ اللَّهِ أَلَا بِذِكْرِ اللَّهِ تَطْمَئِنُّ الْقُلُوبُ
"Иймон келтирганлар ва Аллоҳнинг зикри ила қалблари ором топганлар. Аё, Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топмасми?" (Ҳа, иймон келтирганларнинг қалблари Аллоҳнинг зикри ила ором топади. Чунки у қалблар ўзларининг Аллоҳга доимий боғлиқ эканларини ҳис этади. Чунки бу қалблар дунёдаги ҳамма нарса Аллоҳдан эканлигини яхши билади.) (28-оят).
Бунинг муқобилида атеист билан ҳам тадқиқот ўтказилган. У Аллоҳ таолони эслаган пайтида юраги сиқилиб кетган. Миясида бузилиш ва тартибсизлик келиб чиққан. Аллоҳ таоло Қуръонда айтади:
وَ إِذَا ذُكِرَ اللَّهُ وَحْدَهُ اشْمَأَزَّتْ قُلُوبُ الَّذِينَ لَا يُؤْمِنُونَ بِالْآخِرَةِ وَ إِذَا ذُكِرَ الَّذِينَ مِنْ دُونِهِ إِذَا هُمْ يَسْتَبْشِرُونَ
"Қачонки Аллоҳнинг ёлғиз Ўзи зикр қилинса, охиратга иймон келтирмайдиганларнинг қалблари сиқилиб кетар. Қачонки ундан ўзгалар зикр қилинсалар, бирдан шодланиб кетарлар" ("Зумар"сураси, 45-оят).
Биламизки, мия қалбнинг ойнаси ҳисобланади. Қалб мияга ишора ва таълимотлар беради. Қалб ўз навбатида маълумотлар манбаидир.
Бу илмий тажрибалар Қуръони карим оятларига мувофиқ келар экан, бу Мусҳафнинг Аллоҳнинг каломи эканлигига энг катта далилдир. Чунки 15 аср олдин яшаган инсон худосизнинг ақлида содир бўлаётган ҳодисалардан хабар топиб, уни ниҳоятда балоғатли сўзлар билан айтишининг имкони йўқ. Аллоҳ азза ва жалла шундай дейди:
أَفَمَنْ شَرَحَ اللَّهُ صَدْرَهُ لِلْإِسْلَامِ فَهُوَ عَلَى نُورٍ مِنْ رَبِّهِ فَوَيْلٌ لِلْقَاسِيَةِ قُلُوبُهُمْ مِنْ ذِكْرِ اللَّهِ أُولَئِكَ فِي ضَلَالٍ مُبِينٍ
"Аллоҳ кўксини Исломга кенг қилиб очиб қўйган шахс ўз Роббидан бўлган нурда эмасми?! Аллоҳни зикр қилишдан қалблари қотиб қолганларга вой бўлсин! Ана ўшалар очиқ-ойдин залолатдадирлар" ("Зумар" сураси, 22-оят).
Абдуддоим Каҳил
Шаҳзод Рамазонов таржимаси
*Мия ичидаги нервларнинг ва тармоқларнинг мураккаб тизими, инстинкт ва кайфият билан боғлиқ кортекснинг четига яқин бир неча жойларни ўз ичига олади. Бу асосий ҳис-туйғуларни (қўрқув, завқ, ғазаб) ва драйвларни бошқаради (очлик, жинс, ҳукмронлик, авлод учун ғамхўрлик).