26.12.2022

Ибодат қилиш учун пайдо қилинган янги воситалар диндаги «янгиликлар» ҳисобланмайди.

Фақиҳларнинг истилоҳида ҳамда ҳадисларда қораланган бидъат деганда, диндан деб даъво қилинсада, аслида диндан бўлмаган тўқима йўл назарда тутилади. Имом Шотибий: «Бидъат динда янги ихтиро қилинган йўл бўлиб, у ила шариатга монандлик қасд қилинади», деган. Баъзилар эса, уни фақат ибодат билан чегаралаганлар. Бу каби бидъат «ҳар бир бидъат залолатдир» деган ҳадисга мувофиқ доимо қораланади. Бу хусусда Имом Молик шундай деган: «Ким яхши деб ҳисоблаб, исломда бидъат пайдо қилса, демак у «Муҳаммад (алайҳис-салом) ўзлари олиб келган рисолатга хиёнат қилган» деб даъво қилибди». Чунки Аллоҳ таоло шундай дейди: «...Ана, энди бугун, динингизни камолига етказдим, неъматимни тамомила бердим ва сизлар учун Исломни дин бўлишига рози бўлдим...» (Моида, 3). Демак, мусулмонлар орасида янги пайдо қилинган нарса дин асосларига оид масалаларда бўлса, у янгилик «бидъати саййиа» ҳисобланади ва шу бидъат қораланади. 
Бошқача қилиб айтганда, «бидъати залолат» фақат дин асосларига оид масалаларда бўлади. Юқорида келтирилган ҳадис ҳам айнан шунга далолат қилмоқда: «Бизнинг ишимизда янгилик пайдо қилса...», яъни ишдан мақсад Расулуллоҳ (алайҳис-салом) ва у зот билан бирга мусулмонлар жамоатининг ишидир. Дунёвий ишларда насс ва муайян диний қоидаларга хилоф келмаса, уларда ёмон бидъат йўқдир. Яъни ҳаромни ҳалол, ҳалолни ҳаромга айлантириш каби бидъатларга йўл қўйилмаса бунга эътироз йўқдир. Шу ўринда қуйидаги воқеани келтириб ўтиш ўринли: бир куни Расулуллоҳ (алайҳис-салом) хурмони чанглатаётган одамлар олдидан ўтиб қолдилар ва уларга бундай қилишга ҳожат йўқлигига ишора қилдилар. Улар Расулуллоҳ (алайҳис-салом)га итоат этдилар, лекин ўша йили хурмо аввалгидек яхши ҳосил бермади. Шунда Расулуллоҳ (алайҳис-салом): «Дунё ишларингизни ўзингиз яхши биласиз», деб айтдилар. 
Расулуллоҳ (алайҳис-салом) ва рошид халифалар замонида мавжуд бўлмаган, аммо кейинчалик юзага келган ҳар қандай янгилик аниқ тарзда келган насс билан рад этилмаса ва унинг натижасида яхшилик, умумманфаат кутилса ҳамда инсонларга нафи тегса, бундай янгилик шаръий ҳалол доирасида ҳисобланади. 
Шайх Муҳаммад Абдуллатиф Фаҳҳом бошчилигидаги «ал-Азҳар» қошидаги «Фатво қўмитаси» бу масалада шундай фикрни билдирган эди: «Бидъат ибодатга тааллуқли масалаларда бўлади. Масалан, мустақил бир ибодат пайдо қилиш ёки мавжуд ибодатга бирор қўшимча киритиш ёки уни бажариш тартибини ўзгартирган ҳолда ибодат жорий қилиш ҳамда у асли шаръий ибодат деб ҳисоблаш, бу «бидъат» бўлиб, Расулуллоҳ (алайҳис-салом) нинг «Ким бизнинг ишимизда унда бўлмаган нарсани пайдо қилса, у рад этилади» деган ҳадисларига мувофиқ инкор қилинади. Лекин ибодат қилиш учун пайдо қилинган янги воситалар эса диндаги «янгиликлар» ҳисобланмайди ҳамда у асло «бидъат» чегарасига кирмайди. Бунга мисол тариқасида азонни масжид эшигидан сатҳига, у ердан эса минорага кўчириш, кейинчалик эса овоз кучайтиргичлардан фойдаланиш, рамазондаги оғиз ёпиш ва очишни билдириш учун тўпдан отиш, Расулуллоҳ (алайҳис-салом) минбарларига хилоф равишда катта масжидларда одамларга эшиттириш учун хутбани баланд зинада ўқишни келтириш мумкин. Шунингдек, илк ислом даврида масжидларда алоҳида меҳроб бўлмаган ҳамда масжидлар гумбазли қурилмаган. Масжидларга гумбаз қуриш кейинчалик умавийлар даврида жорий бўлган».
Бугунги кунда сохта салафийлар мазҳабларни диндаги бидъат, деб унга эргашишдан қайтарадилар. Ваҳоланки, мазҳаблар Расулуллоҳ (алайҳис-салом)дан кейинги салаф солиҳлар даврида забардаст уламолар томонидан асос солиниб тизимлаштирилган. Бу нарса енгиллик нуқтаи назаридан ҳам кейинги давр уламолари учун анча ёрдам бўлган. Ҳозирги кунда мусулмонлар 100 минглаб ҳадислар орасидан ўз саволларига жавоб қидириб юрмасликлари, топганда ҳам у масала юзасидан ҳукм чиқаришга қодир бўлмаганлари сабабли, аҳли сунна ва жамоанинг тўрт мазҳабига эргашишлари шарт ҳисобланади. Зеро, аҳли сунна ва жамоа мазҳабларига эргашиш айнан салафи солиҳларга эргашиш ҳисобланади. Аксинча, мазҳабга эргашмаслик, уни инкор қилишнинг ўзи «бидъати саййиа» ҳисобланади. 
Диннинг ўзи гоҳо Расулуллоҳ (алайҳис-салом) ва салафи солиҳлар замонида бўлмаган нарсалардан истифода олади. Масалан, микрофон, магнитофон, симли ва симсиз алоқа воситалари, самолётга ўхшаган транспорт воситалари, булардан ташқари тараққиётга ҳамнафас бўладиган нарсалар ҳам шулар жумласига киради. Шунингдек, ҳижрий-қамарий ой ҳисобини аниқлаш, рамазоннинг кириши, ҳаж мавсуми ва бошқа ибодатларни адо қилишда замонавий техника воситаларидан кенг фойдаланилади. Баъзилар умуман йил ҳисобини олиб бориш ва уни аниқлашда бу каби йўлларни тутиш Расулуллоҳ (алайҳис-салом) даврида амалга оширилмаган, қолаверса, Расулуллоҳ (алайҳис-салом)нинг: «Биз оми умматмиз. Ёзмаймиз ҳам, ҳисобламаймиз ҳам. Ойлар шундай-шундай (яъни баъзан 29, баъзан 30 кун) бўлади»  деган ҳадисларини далил қилиб, бундай ишларни диндаги бидъат ҳисоблаб, бутунлай инкор қиладилар. Ваҳоланки, мазкур нарсалар диндан эмас, балки дин ишларини олиб боришдаги бир воситадир. Бу нарсани ҳаттоки Расулуллоҳ (алайҳис-салом)нинг ўзлари ҳам қўллаб-қувватлаб «Ойни кўриб рўзани бошланглар, уни кўриб рўзани тугатинглар», деб буюрганлар.  Йил ҳисобини ҳеч бир асбобларсиз аниқлашнинг бу усули ўз даври учун энг мақбул йўл бўлган. Замон ўтиши билан ойларнинг кирганини аниқроқ ва тўғрироқ аниқлайдиган воситалар пайдо бўлди. Шариат улардан фойдаланишни асло қайтармайди. 
Бу борада замонамизнинг кўзга кўринган уламолари айтадилар: «Расулуллоҳ (алайҳис-салом) вафотларидан сўнг, диний, илмий ва бошқа соҳаларда пайдо бўлган нарсаларнинг барчаси ҳам қораланган бидъат ҳисобланмайди. Шаҳарлар кенгайиши ва аҳоли сонининг ортиши натижасида жума намозларига иккинчи азонни Усмон (р.а.) томонларидан қўшилганини барчамиз яхши биламиз. Шунингдек, Пайғамбар (алайҳис-салом) вафотларидан сўнг, кўпгина диний ва дунёвий илмларга асос солиниб тизимлаштирилди. Мазкур янгиликларнинг ҳеч қайси бири илоҳий кўрсатмаларга зид бўлмаган. Шундай экан, шариатга зид бўлмаган ҳар қандай янгиликни қоралаш ёки инкор қилиш мумкин эмас». Чунки олимлар ўз даврларидаги муаммолардан келиб чиқиб, илмий асосланган хулосаларни берадилар. Зеро, Қуръонда шундай дейилади: «...Бандалари орасида Аллоҳдан уламоларгина қўрқарлар...» (Фотир, 28). 
Дарҳақиқат, тараққиётга интилиш инсон ўз ҳолатини яхшилаш учун амалга оширадиган саъй-ҳаракат ва фаолияти унинг туғма инстинктида бор. Барча динлар ҳам буни эътироф этади. Динларнинг ривожланиш-тараққиёт олдидаги вазифаси шахс ва жамият саодатини таъминлаш учун энг тўғри йўлга йўналтириш билан белгиланади. Динлар ҳам ўзида тадрижийликни мужассам этганини ёдда тутиш лозим. Зеро, ҳар бир рисолат ўзидан олдин келган рисолатни тасдиқлаб, унинг давоми сифатида намоён бўлган. Чунки замон ва маконнинг ўзгариши билан ундаги баъзи шариат аҳкомлари ҳам ўзгариб борган. Исломда инсон ва жамиятни ёмон ҳолатдан яхшига, яхшидан эса ундан ҳам яхшироғига етаклайдиган, тараққиётга ундайдиган кўплаб чақириқлар мавжуд. Бунга: «Мўмин киши охири жаннат билан тугамагунча яхшиликка тўймайди»  (Имом Термизий ривояти), каби ҳадислар мисол бўла олади. Шунингдек, шариат доирасида бўлган моддийлик ва маънавиятдаги куч-қувват ва комилликка ундовчи ҳадислар ҳам мавжуд. Жумладан, «Аллоҳ наздида кучли мўмин кучсиз мўминдан кўра яхши ва маҳбуброқдир. Барча яхшиликларда сенга фойда берадиганига интилгин ҳамда Аллоҳдан ёрдам сўрагин ва ожиз бўлмагин» . Шак-шубҳасиз манфаат келтирувчи нарсага интилиш тараққиёт сари очиқ-ойдин чақириқдир.
“Илмдан бошқа нажот йўқ” китоби асосида тайёрланди.

Аҳмедов Нарзилло
“Мир Араб” араб ўрта махсус билим юрт мударриси,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси магистранти