08.07.2021

МИССИОНЕРЛАР ВА УЛАРНИНГ “КАСОФАТ”ЛАРИ

 

Инсонлар орасида бошқа динни тарғиб қилиш, инсон қалби ва онгини забт этишга, ўз динидан воз кечишга қаратилаётган миссионерлик ҳаракати авж олмоқда.  Бу ҳаракатлар асосан жимжимадор шиорлар ва “ҳайрия” тадбирлари остида олиб бориляпти.

Миссионерлик билан шуғулланаётган ташкилотлар, уларнинг қандай номланишидан қатъий назар, фаолиятининг турлари деярли бир хил:

- “Библия”нинг маҳаллий тилга таржима қилиниши ва текинга тарқатилиши;

- даъват қилинаётган шахсларнинг савиясига мос равишда китоб, рисола  ва шу кабиларни етказиш;

- уйма-уй юриш ва адабиётлар тарқатиш билан ўзларига янги эргашувчиларни жалб қилиш;

- “Библия”ни тадқиқ қилишга қаратилган видео маҳсулотларни имкон қадар кўпроқ тилларда тайёрлаб, тарқатиш;

- даъватларга, заррача бўлса-да, мойиллик билдирган, “қизиққан” одамларни қидириш;

- уларни таълимотни қабул қилишга тайёрлаш;

- даъват қилинаётган одамнинг онгига Библия курслари ва унинг матнини ўрганиш орқали диний таълимотларини сингдириш кабилардир.

 Бир қарашда, ушбу мавзу бўйича кўп гапирилган, йиғилиш ва тадбирлар ўтказилган, мақола ва рисолалар чоп этилган, ҳаттоки, ҳаётдан олинган фильмлар ҳам намойиш этилган ва юртдошларимизнинг миссионерликнинг аянчли оқибатидан хабардорликлари аниқ кўриниб тургандай туюлади.

Бироқ, шунча саъй-ҳаракатларга қарамай, ҳали-ҳануз баъзи нодон, нонкўр кимсалар “миссионер” деб номланаётган шайтонларнинг тўрига илиниб, бошқа юртдошларимизни ҳам ўзлари томон чорламоқдалар. Айниқса, бу ифлослик билан аёлларимизнинг шуғулланаётганини ҳеч нарса билан изоҳлаб бўлмайди. Ҳа-ҳа, аёллар, аёл бўлганда ҳам баъзилари набираларини эркалатиб, фарзандларини, эл-юртни дуо қилиб ўтирадиган нафақа ёшидагилар, бир рўзғорни обод қилдаган ўрта ёшлилар, ҳали бутун ҳаёти олдинда бўлган ёш қизлардан иборат бир гуруҳ шу бугунимизда “Иегова шоҳидлари” ташкилоти ғоялари билан йўғрилган китоблар асосида йиғилишлар ўтказиб, миллатимиз бирдамлигига раҳна солишга интилаётганини қандай баҳолаш мумкин?

Муқаддас Ислом динимизда ўз эътиқодидан воз кечишлик “муртадлик” дейилади. Бу эса кечирилмас гуноҳдир. У, бугунги кун таъбири билан айтганда, улкан хиёнат кабидир. Агар қайтмаса, муртадликни тарк этмаса, унга ўлим жазоси қўлланилиши мумкин.

Диндан қайтиш энг оғир гуноҳдир. Бошқа динга ўтиб кетиш шариатимизда кечирилмас маъсиятдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган: “Сизлардан кимда-ким ўз (Ислом) динидан қайтиб, кофир ҳолида ўлса, ундай кимсаларнинг қилган амаллари (тоат-ибодатлари) дунё-ю охиратда беҳуда кетар. Улар дўзах аҳлидирлар ва унда мангу қолурлар” (Бақара сураси, 217-оят).

Диндан қайтган кимса устида қуйидаги шаръий ҳукмлар жорий бўлади:

 У билан хотини (аёл киши бўлса, эри) орасидаги никоҳ бузилади.

1.                 Болалари унинг қарамоғидан чиқади.

2.                 Жамият аъзолигидан маҳрум бўлади.

3.                 Унга диндан қайтганлик ҳукми эълон қилинади.

4.                 Ўлса ювилмайди, кафанланмайди, унга жаноза ўқилмайди, мусулмонлар қабристонига кўмилмайди ва меросдан маҳрум бўлади.

5.                 Ўша ҳолида ўлса дўзахий бўлади.

Аммо, у вақтида эсини йиғиб, ўлиб кетмасидан аввал Ислом динига қайтса, Имоми Аъзам ва Имом Молик мазҳабларига кўра, ҳаммасини бошқатдан бошлайди, унга Аллоҳ яна бир бор имкон берар экан. Аллоҳ Таоло барчамизни адашишдан асрасин.

 

 

Маънавият ва маърифат ишлари

 бўйича мудир ўринбосари:                                             А. Нажмиддинов