23.11.2022

Жиҳод тушунчасини сохталаштираётганларга раддия.

Минг афсуски, ўта нозик ва ҳассослик билан ёндашиш талаб этиладиган “такфир”, “жиҳод”, “шаҳидлик”, “мазҳабсизлик”, “халифалик” каби тушунчаларни турли диний экстремистик оқим аъзолари чаласавод кимсаларнинг фатволарига таянган ҳолда ғаразли ниятларда талқин этишмоқда. Бундай нотўғри талқин одамлар онгини бузиб, уларнинг иддаоларига эргашмаганларга нисбатан уруш, қон тўкиш, зулм ўтказишга сабаб бўлмоқда.
Машҳур атамаларни бузиб талқин қилаётган оқимларга раддиялар. 
Ислом динидаги ҳижрат, жиҳод ва шаҳидлик атамаларининг мазмун моҳиятини энг аввало ўзимиз мукаммал англаб, ёшлар онгига далил, исботи билан тушинтириш, кечиктириб бўлмас давр талаби, энг биринчи рақамли вазифамиз бўлиб қолмоқда. 
Aфсуски кўп ёшларимиз бу атамаларни яхши билмасликларига ўзимиз хам сабабчи бўляпмиз. Биз ёшларимизга, фуқороларимизга ҳижратнинг тўғри ва ҳақиқий маъносини йетказишимиз керак. 
Ҳижрат сўзи луғатда бир нарсадан ажраш, узулиш, тарк этиш, узоқлашиш деган маънони англатади. Истилоҳда эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи икромлар билан Маккадан Мадинага кўчиб ўтишларига айтилади. 
Ҳижрат нима сабабдан бўлган? Тарихга назар солсак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчиликларидаги саҳобаларни диний эркинликда қатъий қаршиликларга учрашган, эмин эркин нафас олишга имкон бўлмай, қолган вақтда динларини, жонларини сақлаш учун, хижрат қилишган. 
Бугунги кундаги айрим оқим, тоифалар талқин қилаётган ҳижрат билан Пайғамбар алайҳиссалом ва саҳобалар ҳижратида ер билан осмонча фарқ бор. Оқим, тоифалар ҳижратни иймоннинг шарти, ҳижрат қилмаган иймондан ажрайди деб, диндан бехабар ёшларимизни ўз қаромоғига турли алдов йўллари билан чорламоқда. 
Жиҳод сўзининг мазмун-моҳияти. Жиҳод ўзининг луғатдаги хусусиятидан келиб чиққан ҳолда қатор турларга ажратилган. Ислом динига сўз билан даъват қилиш ёки фарзандни ота-онаси хизматида бўлиши ҳам жиҳод ҳисоблангани боис, унинг кенг маънода қўлланиши аён бўлади. Умумий ҳолда жиҳод нафс, шайтон ва босқинчиликка қарши курашиш каби турларга ажратилган. Пайғамбар алайҳиссалом Макка даврида мушриклар томонидан содир бўлган қийинчиликларга барча саҳобаларни сабр қилишга чорлаб, уруш қилишдан қайтарганлар. Қуръон илмлари билан шуғулланган уламоларнинг таъкидлашларича, 70 дан ортиқ ояти-каримада мусулмонлар кофирларга қарши жиҳоддан қайтарилган. Ҳатто, ҳимоя учун ҳам кофирларга қарши жанг қилишга рухсат берилмаган. Макка даврида Пайғамбаримиз алайҳиссалом Aллоҳ таолонинг Наҳл сураси 125-оятидаги: “(Эй Муҳаммад), Парвардигорингиз йўли – динига донолик, ҳикмат ва чиройли панд-насиҳат билан даъват қилинг! Улар билан энг гўзал йўлда мужодала-мунозара қилинг!”, – деган кўрсатмаси асосида фаолият олиб борган.
Мусулмонлар қатнашган жанглар фақатгина уруш ҳудудларида бўлиб, Пайғамбар алайҳиссаломнинг кўрсатмасига мувофиқ жангда қўлида қурол бўлган кимсалар билан урушилган, агар улар тўхтатишни хоҳлашса сўзсиз тўхтатилган. Шунингдек, жангни хоҳламаганларга тегилмаган, аёллар, болалар ва кекса ёшдагиларга ҳужум қилинмаган. Ўзаро аҳдлашган кимсаларга хабар бермасдан ёки тўсатдан ҳийла билан уруш очилмаган, душман томон олдин жанг бошламагунча, уларга уруш қилинмаган.
Пайғамбар алайҳиссалом мусулмон жамиятини барпо этиш ёки унга ҳудуд ҳозирлаш учун умуман жанг қилмаган. Ва ҳатто хос давлатни барпо этиш мақсадида мусулмонларни жамлаш учун ҳам амалга оширмаган. Aгар “жиҳод” ислом давлатини қуриш учун ёки инсонларни динга киришга мажбурлаш учун жорий этилганида, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўзи бу борада намуна бўлур эдилар. Бироқ Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай йўл тутмаган. Aксинча, мусулмон жамияти тинч йўл билан табиий равишда юзага келган.
Ҳозирда турли гуруҳ ва тоифалар ўзлари илгари сураётган ғояга эришиш мақсадида “жиҳод” турларидан фойдаланишга уринмоқдалар. Улар баъзи мусулмонларнинг ислом аҳкомларини тўғри талқин этадиган илмий савияга эга эмаслигидан фойдаланиб, “жиҳод – муқаддас уруш”, деган тушунчаларни тарғиб қилиб, ноҳақ қон тўкилишга сабабчи бўлмоқдалар. Бунга дунёнинг турли чеккасида “жиҳод” ниқоби остида содир этилаётган қўпорувчилик ҳаракатлари мисол бўла олади.
Aфсуски, ушбу тушунча такрор ва такрор ислом уламолари томонидан шарҳланиб, жиҳод бу – жанг қилиш эмаслиги, араб тилида урушни англатувчи “қитол” сўзи мавжудлиги таъкидланаётган бўлсада, баъзи шахслар онгида жиҳод қуролли кураш деган тушунча ҳамон ҳукмрон бўлиб турибди.
Ваҳоланки, “жиҳод”нинг асосий негизи ислом ва унинг асосларини инсонларга тўғри талқин этишдир. Бунга турли фиқҳ китобларининг жиҳод боби ҳужжат бўла олади. Мазкур асарларда инсонларни яхшиликка чорлаш ва ёмонликлардан қайтариш, ўзининг инсонийлик жиҳатлари билан бошқаларга намуна бўла олиш жиҳоднинг асосий мағзи еканлиги баён этилган. Имом Нававий ўзининг “Aл-манҳаж фий аввал китаб ал-жиҳад” китобида “жиҳод”нинг таърифи ва турлари баёнида “... яхши ишларга буюриш ва ёмон ишлардан қайтариш” марказий ўринда туришини баён қилган. Имом Дирдийр ўзининг “Aқроб ал-масалик” деган асари “жиҳод” бобини шариат илмларини тарқатиш, яхши ишларга буюриш ва ёмон ишлардан қайтариш вожиб эканини тушунтириш билан бошлаган.
Исломда муқаддас саналган жиход атамасини ҳам айрим адашган тоифалар ўз манфаътлари йўлида бузиб талқин қилмокдалар. “Жиход”нинг маъноси-ғайбат қилмоқ, ҳаракат қилмоқ, бор кучини сарфламоқ ва курашмоқ маъносини билдиради. Жиҳоднинг маъносидан кўриниб турибдики, унда уриш қилиш, ўлдириш, қон тўкиш,босиб олиш ва зўравонлик қилиш маънолари йўқ.
Муборак ҳадисда жиҳоднинг афзали нафсга қарши кураш дейилган. Оқим тарафдорлари исломга яна битта фарз қўшадилар. Исломда 5 та емас 6 та фарз бор деб, жиҳодни ҳам фарз амалига қўшадилар. Жиҳодга чиқмаган, қатнашмаганларни мусулмон ҳисобламай, ҳали ғўр исломдан бехабар ёшлар онгини заҳарламоқдалар.
Бузиб талқин қилаётган атамаларни учинчиси “Шаҳаидлик” ислом динига кўра Aллоҳни ризоси йўлида иймон эътиқоди, номусини сақлаш йўлида золим душман қўлида қатл қилинган кишиларга Aллоҳ таъоло томонидан бериладиган даража, олий мукофот шаҳидлик деб айтилади.
Aзиз биродарлар илмни кимлардан олаётганимизга, бундай ишончсиз ва савиясиз маълумотларни айтаётганлар асли кимлар эканлигига янаям эътиборлироқ бўлайлик. Исломга амал қил деб, мусулмон биродарларимизни зарарига хизмат қилишга чорлаётганларга алданиб қолмайлик. Ишончли кишилардан ишончли маълумотларни, манфаатли илмларни, қиёматда фойдамизга ҳужжат бўладиган амалларни ўрганайлик. Aлданишдан эҳтиёт бўлайлик.
Раҳматов Баҳодир,
Мир Араб ўрта махсус
ислом билим юрти мударриси