Ҳайит - байрам демакдир
«Ийд» сўзи луғатда «қайтиш» деган маънони англатади. Динимизда байрамлар қайта-қайта келгани учун «ийд» деб номланган. Энг муҳими, икки ийд кунлари мўмин-мусулмонларга Аллоҳ таолонинг кўплаб хайру баракаси, фазлу марҳамати қайта-қайта келади. Ийд одатда бизнинг тилимизда ҳайит деб аталади.
«Ийди Фитр» Рамазон рўзасининг тамом бўлгани муносабати ила хурсандчилик ва шукрни изҳор этиш учун, «Ийди Қурбон» эса ҳаж ибодатларининг тамом бўлгани муносабати ила ва Аллоҳнинг йўлида ҳар қандай қурбон беришга тайёрликни изҳор қилиш учун шариатга киритилган байрамдир.
Ҳар икки ҳайит куни икки ракаат ийд намозини ўқиш ҳанбалий мазҳабида фарзи кифоя, моликий ва шофеъий мазҳабларида суннат, ҳанафий мазҳабида «вожиб» дейилган.
Бунга уламоларимиз қуйидаги оятни далил сифатида келтиришади:
إِنَّا أَعْطَيْنَاكَ الْكَوْثَرَ فَصَلِّ لِرَبِّكَ وَانْحَرْ
«Албатта, Биз сенга Кавсарни бердик. Бас, Роббингга намоз ўқи ва жонлиқ сўй» (Кавсар сураси, 1-2-оятлар).
عَنْ عُمَرَ قَالَ صَلَاةُ الْجُمُعَةِ رَكْعَتَانِ، وَصَلَاةُ الْفِطْرِ رَكْعَتَانِ، وَصَلَاةُ الْأَضْحَى رَكْعَتَانِ، وَصَلَاةُ السَّفَرِ رَكْعَتَانِ تَمَامٌ غَيْرُ قَصْرٍ عَلَى لِسَانِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ رَوَاهُ النَّسَائِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ وَالْبَيْهَقِيُّ
Умар розияллоҳу анҳу: «Жума намози икки ракаатдир. Рўза ҳайити намози икки ракаатдир. Қурбон ҳайити намози икки ракаатдир. Сафар намози икки ракаатдир, тугалдир, қаср эмасдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тилларидандир», дедилар» (Насаий, Аҳмад ва Ибн Можалар ривоят қилишган).
Бутун мусулмон уммати асри саодатдан буён бу кунларни байрам сифатида нишонлаб келмоқда. Қолаверса, бунга ушбу ҳадис ҳам яққол далилдир.
عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ قَدِمَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ الْمَدِينَةَ وَلَهُمْ يَوْمَانِ يَلْعَبُونَ فِيهِمَا، فَقَالَ مَا هَذَانِ الْيَوْمَانِ؟ قَالُوا كُنَّا نَلْعَبُ فِيهِمَا فِي الْجَاهِلِيَّةِ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِنَّ اللهَ قَدْ أَبْدَلَكُمْ بِهِمَا خَيْرًا مِنْهُمَا يَوْمَ الْأَضْحَى وَيَوْمَ الْفِطْرِ. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида улар икки кунда ўйнар эдилар. «Бу иккиси қандай кун?» деб сўрадилар. «Жоҳилиятда ўйнайдиган кунимиз эди», дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ сизларга у иккиси ўрнига улардан кўра яхши – Қурбонлик куни ва Фитр кунини берди», дедилар» («Сунан» эгалари ривоят қилишган).
Мусулмонлар ҳар қандай хурсандчиликда бир-бирларини табриклашлари одат тусига кирган. Жумладан, кимдир уйланган ёки турмушга чиққанда, ҳаж ёки умра сафаридан қайтиб келганда, фарзанд туғилганда, Қуръони каримни ёд олганда, бирор хайрли иш амалга ошганда биз чин дилдан, самимий тарзда уларни табриклаймиз, омад тилаб, хайр-барака тилаймиз.
Шундай экан, ҳар ҳафта жумъа куни, йилда икки бор Рамазон ва Қурбон ҳайити кунларида ҳам ота-онамизни, устозу мураббийларимизни, таниш-билишларимизни, ёру дўстларимизни, қавму қариндошларимизни қутлашга ошиқайлик. Бу амалимиз билан уларнинг қалбига хуш кайфият олиб кирайлик. Зеро ҳадиси шарифда «Мўминлар қалбига сурур (хурсандчилик) киритиш фарз амалларидан кейинги гўзал амаллардандир» дейилган.
Эркин ҚУДРАТУЛЛОҲ
Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударриси