14.11.2022

Мазҳабсизлик – динсизликка кўприк

Қадим-қадимдан жумҳур мусулмонлар томонидан расмий фиқҳий мазҳаблар деб тўрт мазҳаб тан олинган бўлиб, улар: Ҳанафий, Шофеъий, Моликий, Ҳанбалий мазҳабларидир.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, бугунги кунда дунёдаги тахминан 1,3 миллиард мусулмон аҳолисининг 92,5 фоизини суннийлар ташкил этади. Улар мазҳаблар бўйича қуйидаги нисбатда бўлинадилар: Ҳанафийлар 47 фоиз, шофеъийлар 21 фоиз, моликийлар 17 фоиз, ҳанбалийлар 7,5 фоиз.
Бу тўрт мазҳаб ўртасида катта фарқлар кўзга ташланмайди. Жуда кўп масалаларда бир хиллик мавжуд. Ўрталарида фақат жузъий ихтилофлар мавжуд холос.
Минг афсуслар бўлсинки, бугунги кунда Қуръон, суннат ва салафларга эргашиш даъвоси билан чиқиб, мужтаҳид имомларга эргашиб бирдамликда ибодатини қилиб юрган мусулмонлар жамоасини бўлиниб, турли хил қарама-қаршиликларни келиб чиқашига сабаб бўлган мусулмон оламида ислом ниқоби остида яна бир таҳдид – мазҳабсизликка чақирувчилар тоифаси пайдо бўлди.
Мазҳабсизликни ёйилиши Ислом динига хусусан мусулмонлар бирлигига улкан таҳдид туғдирадиган омил эканига шубҳа йўқ. Мазҳабсизлар ўзларини бирор-бир мазҳабга амал қилмасликларини даъво қиладилару, аслида намоз ва бошқа ибодатларда тўрт мазҳаб имомларидан бирига эргашадилар. Бундан бошқа иложлари ҳам йўқ. Негаки, ижтиҳод қилишга ҳар ким ҳам қодир бўлолмайди. Чунки бу ишни қилиш учун шаръий далиллардан ҳукмларни чиқариб олишга етарли даражада илмий ва ақлий қувват лозим. Лекин бир, икки масалани чуқур ўрганмай туриб, ихтилоф чиқаришга усталар, масалан: “Мазҳаб деган нарса Расулуллоҳнинг даврларида бўлмаган, биз уларга эмас Аллоҳ ва Расулига эргашамиз”, ёки “Мазҳаб деган нарса Расулуллоҳнинг даврларида йўқ эди, биз мазҳаб эгаларининг эмас, Аллоҳ ва Расулининг айтганига амал қилишимиз керак” – деган даъволарни қиладилар. Бу ўта калтафаҳмлик ва жоҳиллик, ғаразгўйликдан бошқа нарса эмас.
Ҳозирги кунда бутун ислом уммати 1300 йилдан буён тан олиб, ардоқлаб, эҳтиром қилиб келаётган тўрт фиқҳий мазҳабларни инкор этиб, улар ҳақларида нолойиқ гаплар айтиб, мазҳабдан юз ўгириш салафи солиҳ йўлидан юз ўгириш бўлиб, шубҳасиз адашишга олиб боради. Зеро, Ислом олами тан олган Имом Таҳовий, Имом ибн Сурайж, Имом Қудурий, Имом Сарахсий, Имом Жувайний, Имом Ғаззолий, Имом Нававий, Бурҳониддин Марғилоний ва кўплаб мужтаҳид уламолар тўрт мазҳабдан бирига эргашганлар.
Ҳанафий мазҳабининг улуғ фақиҳларидан Муҳаммад Зоҳид Кавсарий: “Бемазҳаблик – динсизлик кўпригидир”, деганлар.
Шундай экан ҳар биримиз мазҳабимизни яхшилаб аниқлаб олайлик. Ота-боболаримиз асрлар оша ҳанафий мазҳабига эътиқод қилиб келишганми, биз ҳам, авлодларимиз ҳам бу анъанага содиқ турган ҳолда мазҳабимиз таълимотидан ҳаргиз юз ўгирмайлик. Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлда собит қилиб, турли ихтилофлардан узоқ айласин!

Дийдор Аскаров,
Мир Араб ўрта махсус ислом 
билим юрти мударриси