ЛИБОСЛАНИШ ОДОБИ
Яратганнинг энг сўнгги ҳамда мукаммал дини Ислом бизга, барча замон ва маконларда мавжуд камчиликларни бартараф этиб, инсон ҳаётидаги барча соҳаларни ўз ичига қамраб олган ягона ва мислсиздир. Динимизда тоат-ибодат инсонни на қадар улуғ даража ва мақомларга кўтариб ички дунёсини гўзаллаштирса, устимизга кийган либос эса, инсоннинг ташқи кўринишини шунчалик гўзаллаштириб бежирим қилади. Инсон либосланар экан, кийган кийими унинг дунёсининг бир парчаси сифатида кўзга ташланади. Кийилган либос кибр ва ғурурга сабаб бўлмаслиги, инсонлар кўрганда ундан ҳазар қилмаслиги лозимдир. У шунчаки тоза, озода, оддий бўлиши мақсадга мувофиқдир. Байрамларда, жума кунлари, марака-маросимларда кибр ва ғурурга берилмаслик шарти ила чиройли либос кийиш мубоҳ амалдир. Имом Муслимнинг “Саҳиҳи Муслим” китобларида “Аллоҳ таоло бандаларининг устида ўз неъматларини кўришни яхши кўради” деб айтилган.
Ҳозирги кунда ғарб маданияти таъсири остида кийинишнинг турфа шакллари юртимизга кириб келмоқда. Албатта либос деганда инсонни кўз олдига чиройли нафис кийим-кечаклар келади. Либос деб аталувчи матони маълум бир моҳияти ва мақсади мавжуддир. Масалан, ҳар бир соҳа вакиллари касбига кўра кийган кийими, унинг қайси соха мутахассиси эканлигини кўрсатади. Жамиятимиз ичида шундай ҳолатларни кўрасизки, таажуб ва ҳайратдан ёқа ушлайсиз. Яшаб турган муҳитимизда ҳаё сўзи бегона бўлиб қолган, аёллигини унутган қанчадан-қанча опа-сингилларимиз бор. Ахир улар оиламиз ичида ўсиб улғаяётган фарзандларимизни энг яқин азиз инсони, табаррук онажонлари эмасми? Ўз ўзидан савол туғилади “Эй азиз инсон, биз киммиз ва кимларнинг зурриётимиз?”
Буюк боболаримиз, аждодларимиз дунёга донг таратган Имом Бухорий, Имом Термизий, Амир Темур, Алишер Навоийдек халқимизни етти иқлимга машҳур қилган зотларнинг фарзандлари эмасмизми? Модомики шундай экан, биз одоби ва маданияти билан дунёларни лол қолдирган ҳалқ сифатида жамиятимиз, миллатимиз шаънига ярашадиган шарқона ҳаётимизни ғарб маданиятига нега осон алмаштирмоқдамиз? Оқибатини албатта уйлаб кўришимиз ва келажагимиз ёшларини тўғри хулосалар чиқаришларига кўмакдош бўлишимиз шартдир.
Чунки, ҳозирги кунда фахр билан ёшларимиз кийган ғарб маданияти кийимлари динимизда ҳам, доно халқимиз урф-одати ва маданиятида ҳам, йўқлигининг шоҳиди бўламиз. Оиламизнинг бахту иқболи гўзал фарзандларимизга илм-маърифат, одоб-ахлоқ билан биргаликда либос кийиш ва муомала маданияти сабоқларини ўргатиб боришимиз лозим бўлади. Албатта доно халқимизнинг бир мақолига назар соладиган бўлсак унда “Қуш инида кўрганини қилади” деб бежиз айтишмаган. Шундай экан биз катталар ҳамма вақт ўзимизнинг юриш-туришимиздаги кам-у кўстларни бартараф этиб намунали ота-она, намунали устоз, намунали мўмин-мусулмон сиймосида ҳаёт гузаронлик қилишимиз лозимдир.
Нарзилло АХМЕДОВ
“Мир Араб” ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси