04.07.2021

Фитна уйғотиш – улкан гуноҳ

Фитна сўзи араб тилида – олтинни тозалигини олов билан текшириб кўриш, имтиҳон, азоб, залолат, васвос каби маъноларда келади. Лекин бизнинг тушунчамизда бузғунчилик, бировга хуфёна зарар етказиш, фасод қўзғаш каби маъноларда ишлатилади. Албатта, фитна ёмон иллат бўлиб, Улуғ Каломда Аллоҳ таоло қуйидагича таъриф берган: والفتنة اشد من القتل"  " “Фитна- қатл этишдан ҳам ёмонроқдир”. Бақара сураси 191-оят. Ушбу суранинг 217- оятида эса: 
"و الفتنة اكبر من القتل" “Фитна ўлдиришдан каттароқдир”, деб марҳамат қилган.  (Тафсири ҳилол). 
Инсоният яралгандан буён яхши ва тақводор инсонлар орасида золим ва ёвуз кимсалар, инсонлар орасига фитна ва нифоқ солувчилар ҳам кўп бўлган. Бунга ўхшаш ҳолатлар ҳатто Росулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замоналарида ҳам бўлган, лекин бу ёвуз кимсаларнинг овози У Зот ва саҳобаи киромлар соясида қолиб кетган. Аммо, Росулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам бу дунёдан кўчганларидан кейин кўп фитналар содир бўлди. Қанча оғир синовлар бўлмасин, уммат бардош берди ва ўзлигини сақлаб қолди. Кейинчалик ҳам салибчилар ва мўғуллар каби катта офатларга дучор бўлдилар. Алҳамдулиллаҳ, бу синовдан ҳам ўтган уммат яна қаддини тутди. Охирги асрларда ғарб дунёсида илм , тараққиёт ривожланиб, уларга ҳарбий жиҳатдан устунлик берди. Улар ҳам Ислом оламини зулм ва истибдодга тўлдирдилар. Айниқса Мовароуннаҳр аталмиш Ислом оламининг ноёб гавҳари коммунистлар томонидан аёвсиз қирғин ва қатағон қилинди. Гўёки, улар бу юртни диндан тозалаган эдилар, лекин мана истиқлол насиб этди ва золим тузум қулаб, яна халқ  аждодлари тутган иймон ва эътиқод йўлидан юриш имконига эга бўлдилар. Лекин фитна ҳеч йўқ бўлиб кетмади. Айниқса, ҳозирги; замонлар ва масофалар яқинлашган замонда ахборот фитнаси пайдо бўлди. Яқин ўн йилликларда ёлғон даъволар билан бир қанча давлатларни замонавий қуроллар билан вайронага айлантиришди. Бегуноҳ одамларни бомбалар билан қириб юборишди ва ҳозир ҳам давом этмоқда. Ахборот макони кибермакондан фойдаланиб, ёшларни алдаб намойишга чақириб, қанча давлатларда давлат тўнтаришлари амалга оширишди. Яқинда фаровон ва обод давлатлар эндиликда,  озиқ-овқатини ҳам топа олмаяпти. Албатта, булар фитналар мевасидир. Баъзи бир сиёсий гуруҳлар ўзларини Исломга нисбат бериб, тинч аҳолини ўлдирса, уни барча мусулмонларни номига ёпиштиришга уринишмоқда. Ислом ўз бағрикенглиги ва адолати сабаб ғарб дунёсини ўзига ром этмоқда. Ғарб мамлакатларида мусулмонлар сони ошиб бормоқда. Бундан талвасага тушган баъзи фитначилар сўз эркинлиги баҳонасида Исломнинг муқаддасотларини таҳқирлашга ўтдилар. Албатта бу ишни билмасдан эмас, атайин Исломофобияни ҳосил қилиб, фитна қўзғаш учун, хритиан дунёси ва мусулмонлар орасида уруш чиқариш учун қилишди. Ҳозирда Европа давлатларида масжидларга ҳужум ва таҳдидлар кўпайган. Бу эса фитначилар меҳнатининг маҳсулидир. Лекин бу фитналар шу дунёнинг ўзида хам жазосиз қолмайди. Шу сабабли ахборотни қаердан олаётганимизга ва унинг ортида нима мақсадлар турганига қаттиқ эътибор беришимиз керак бўлади. Фитна оммавий бўлгани албатта ёмон, аммо бу икки кишини орасини бузиш ёки бир оилани орасига нифоқ солиш кўринишида бўлиши ҳам мумкин. Шайтонлар фақат жинлардан иборат эмас, балки шайтонни амалини қилган инсонлар ҳам шайтон ҳисобланади.  Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда баъзи хабарлар нотўғри талқинда кўрсатилса, бундай хабарларга муносабат билдиришдан олдин бу хабарни рост ёки ёлғон эканини текшириб кўриш лозим бўлади. Аллоҳ таоло Ҳужурот сураси 6-оятида: 
يأيها الذين ءامنوا إن جاءكم فاسق بنبإ فتبينوا أن تصيبوا قوما بجهالة فتصبحوا علي ما فعلتم نادمين" "   “Эй, иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусийбат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар” , деб марҳамат қилган. 
Бу аср ахборот асри бўлгани учун, дунёни  ахборот тарқатувчилар бошқаради. Шу сабабли Аллоҳ таоло хабарнинг манбасини аниқ текшириб кўришга буюрди. Шошилиб бирор кимсага мусибат етказиб қўйгандан кейин хабар ёлғонлиги ошкор бўлса, ундан кейинги пушаймонлик фойдасиз эканлигини  уқтирди. Ҳозирда ижтимоий тармоқларда бир хабар чиқса, кейинроқ, ҳақиқат бошқачароқ экани маълум бўлмоқда. Шундай экан, ҳар биримиз фитнага сабаб бўладиган ишни қилишдан, ёки гапни гапиришдан эҳтиёт бўлишимиз керак экан. Ахборотни эса яхшилаб текшириб, кейин муносабат билдириш лозим бўлади. Айниқса, ахборот макони бўлган ижтимоий тармоқлардаги фитналардан огоҳ бўлишимиз зарур.

Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударриси, А. Абдуллаев