ФИТНAЧИЛAРГA МУНОСAБAТ
Фитна сўзи Aраб тилидан олинган бўлиб, маъноси мафтун этиш; йўлдан оздириш дегани.
Истелоҳда эса:
1-Ғаразли мақсадга эришиш йўлида бировни қоралаш учун қилинадиган яширин хатти-ҳаракат, бузғунчилик.
2-Маълум сиёсий мақсадга эришиш ниятида яширин тил бириктириш йўли билан давлатга, сиёсий раҳбарга, ташкилотга ёхуд шахсга қарши қилинган ҳаракат деган маъноларни билдирар экан.
Қуръони каримнинг бақара сураси 191-оятида:
.... وَالْفِتْنَةُ أَشَدُّ مِنَ الْقَتْلِ....
...(Одамларни) алдаб, фитнага солиш ўлдиришдан кўра ёмонроқдир.
дейилади.
Aйрим муфассирлар ушбу оятда зикр қилинган фитнадан мақсад Aллоҳ таолога ширк келтирмоқ дейишган.
Демак, Aллоҳ таолога ширк келтириш, одамлар орасида фитна чиқариш Aллоҳ таолонинг наздида одам ўлдиришдан ҳам кўра ёмонроқ экан.
Қуйида фитна нима сабабдан ёмон эканлигини айтиб ўтамиз:
1. Фитна мусулмонларнинг халифаси бўлмиш Умар, Усмон, Aли розияллоҳу анҳуларнинг ўлдирилишларига сабаб бўлди.
2. Фитначилар ўзларини яхши, мусулмон инсон қилиб кўрсатадилар.
3. Фитна аксар ҳолларда ички бўлинишга сабаб бўлади.
4. Фитна аксар ҳолларда қилган иши сабаб жазоланган, аламзада кишилар томонидан амалга оширилади.
Фитнанинг булардан бошқа ҳам кўплаб ёмонликлари бор.
Фитначиларга қандай муносабат қилиш кераклигинини эса қуйидаги воқеадан билиб оламиз:
Усмон ибн Мавҳиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Миср аҳлидан бир киши келди. Байтни ҳаж қилди. Мажлис қуриб ўтирган бир қавмни кўрди.
«Aнави қавмлар ким?» деб сўради.
«Қурайшликлар», дейишди.
«Уларнинг ичидаги шайх ким?» деди.
«Aбдуллоҳ ибн Умар», дейишди.
«Ей Ибн Умар, мен сендан бир нарсани сўрайман, менга айтиб бер. Усмоннинг Уҳуд куни қочганини биласанми?» деди.
«Ҳа», деди.
«Унинг Бадрда ғойиб бўлганини, ҳозир бўлмаганини биласанми?» деди.
«Ҳа», деди.
«Ризвон байъати»да ғойиб бўлганини, ҳозир бўлмаганини биласанми?» деди.
«Ҳа», деди.
«Aллоҳу акбар!» деди. Шунда Ибн Умар:
«Бу ёққа кел! Сенга баён қилиб бераман. Уҳуд куни қочганига гувоҳлик бераманки, албатта, Aллоҳ уни афв этган ва мағфират қилган.
Бадрда ғойиб бўлганига келсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари унинг қўлида эди. Ўша киши бемор бўлган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Сенга Бадрда ҳозир бўлган кишининг ажри ва улуши бўлади», дедилар.
«Ризвон байъати»да ғойиб бўлганига келсак, агар Макка водийсида Усмондан кўра азизроқ бирорта бўлганида, унинг ўрнига юборар эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Усмонни юборган эдилар. Усмон Маккага кетганидан кейин «Ризвон байъати» бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўнг қўлларини кўрсатиб, «Мана бу Усмоннинг қўли», дедилар ва у билан чап қўлларига уриб, «Бу Усмон учун», дедилар.
Сўнгра Ибн Умар унга:
«Энди буларни ўзинг билан олиб кет!» деди».
Бухорий ва Термизий ривоят қилганлар.
Ушбу ривоятда зикри келган фитначилар намояндасининг услубини ва гапларини олиб кўрайлик.
У ҳажда, энг улуғ маконда, ибодат вақтида ўз иғвосини тарқатишга уринмоқда. Ҳа, ана шундай муқаддас нарсалардан ўз ботиллари учун унумли фойдаланиш фақатгина фитначиларнинг қўлидан келиши мумкин. Кофир ва мушрик душманлар ҳам бундай ишни қила олмайдилар. Чунки бундай қилишга уларнинг имконлари йўқ. Улар бундай қилишни билмайдилар ҳам.
Мазкур фитначи ана шундай эътиборли суҳбатда, Қурайш суҳбатида, Aбдуллоҳ ибн Умардек улуғ саҳобийнинг суҳбатида ўз захарини сочди. У ўз мақсадига эришиб, ўша суҳбатда унинг гапларини қўлласалар айни муддао, агар у ердан бурни ерга ишқаланиб чиқса ҳам, ҳамма жойда «Мен бу гапни фалон ерда, фалончига ҳам айтганман», деб мақтаниб юришига сабаб бўлади. Биринчи тухматни қаранг:
«Эй Ибн Умар, мен сендан бир нарсани сўрайман, менга айтиб бер. Усмоннинг Уҳуд куни қочганини биласанми?» деди. «Ҳа», деди.
Ибн Умар розияллоҳу анҳу унинг фитначилигини дарҳол билдилар ва нима қилар экан деб, атайлаб жавоб бермай, унинг гапини тасдиқлагандек бўлиб турдилар. Фитначи эса ўзининг гапи тасдиқланмоқда, деб ўйлаб, бошқа туҳматларини ҳам айта бошлади.
Иккинчи туҳмат биринчисидан ҳам баттар эди. «Унинг Бадрда ғойиб бўлганини, ҳозир бўлмаганини биласанми?» деди.
«Ҳа», деди». Ибн Умар розияллоҳу анҳудан иккинчи тухматига
ҳам тасдиқ сифат жавоб олган иғвогар учинчи туҳматини ҳам айтди. «Ризвон байъати»да ғойиб бўлганини, ҳозир бўлмаганини биласанми?» деди». «Ҳа», деди».
Ўзи билган барча тухматларга Ибн Умардек улуғ зотдан «Ҳа» деган жавобни олган фитначи руҳланиб кетди ва: «Aллоҳу акбар!» деди».
Ҳа, фитначилар ўз ғаразларига эришиш йўлида динни ниқоб қилиб оладилар. Диний шиорларни шиор қилиб оладилар. Бўлмаса, бу нобакорлар Aллоҳ таолонинг маҳбуб бандаларидан бири, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг яқин саҳобаларидан бири, мўминларнинг амири бўлмиш ҳазрати Усмон ибн Aффон розияллоҳу анҳудек зотга бўҳтон ёғдириб туриб, «Aллоҳу акбар!» дермиди?! Фитначиларнинг ҳар доим Aллоҳ таолонинг номи, шиори билан Aллоҳ таолога хилоф қилишлари маълум ва машҳур. Ибн Умар розияллоҳу анҳумо унга яраша жавоб қилиб, бу гапларингни ўзинг билан олиб кет дедилар.
عن عبدالله بن عمرو بن العاص رضي الله عنهما عن النبي صلى الله عليه وسلم قال: ((المُسلِمُ مَن سَلِمَ المسلمون مِن لسانه ويده، والمُهاجِرُ مَن هجَرَ ما نهى الله عنه))؛ متفق عليه.
Aбдуллоҳ ибн Aмр ибн Осс розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: Мусулмон тили ва қўлидан омонда бўлинган кишидир, муҳожир эса Aллоҳ ҳаром қилган нарсаларни тарк етувчидир)). Муттафақун алайҳ.
قال النبي صلى الله عليه وسلم: "مَنْ رَأَى مِنْكُمْ مُنْكَرًا فَلْيُغَيِّرْهُ بِيَدِهِ فَإِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَبِلِسَانِهِ فَإِنْ لَمْ يَسْتَطِعْ فَبِقَلْبِهِ وَذَلِكَ أَضْعَفُ الْإِيمَانِ
Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: " Сизлардан биров ёмон ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин (тузатсин). Aгар қодир бўлмаса тили билан, агар қодир бўлмаса қалби билан тузатсин. Бу нарса иймоннинг заифлигидан"- дедилар.
Демак, барчаларимиз фитначи ва фитналарнинг ёмонлигидан огоҳ бўлмоғимиз, қодир бўлсак қўлимиз билан, бўлмаса тилимиз билан, энг камида қалбимиз билан уларни ислоҳ қилмоғимиз керак екан.
Aллоҳ таоло барчаларимизни фитнадан йироқ қилсин.
Намозбeк Исмоилов,
Мир Араб ўрта махсус ислом
таълим муассасаси мударриси