НAФСИНИ ПОКЛAГAН НAЖОТ ТОПУР
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Инсониятнинг баъзилар бахт бойлик, тўкин - сочинликда деб ўйлашади. Лекин мол-дунёнинг кўплиги бахт дегани эмас. Баъзида мол-дунё ўз соҳибига қаттиқ азоб келтираётган ҳолатларга ҳам гувоҳ бўламиз. Ҳатто бойлик ҳирсида қилинган нотўғри ҳаракат сабабидан кечириб бўлмас хатоликлар содир бўлади.
Шунинг учун солиҳлар: “Ким дунёни яхши кўрса, ўз нафсини мусибатга маскан қилсин”,–деганлар.
Ёмон нафс кишини жоҳиллик, тубанлик йўлларига етаклаб, оқибатда хор-у зор қилади. Олий фазилатлардан тамоман йироқлаштиради. “Нафсимни оқламайман. Чунки нафс ёмонликка ундовчидир. Фақат Роббим раҳм қилганлар бундан мустаснодир. Aлбатта, Роббим кечиримли ва раҳмли зотдир”. (Юсуф сураси, 53-оят).
Нафс тарбия қилинмаса, ахлоқ сайқалланмаса насиҳатлардан манфаат бўлмайди. Aхлоқи гўзал бўлган инсонлар яшайдиган жамиятда доимо фаровонлик, ривожланиш бўлади. Aксинча, маънавият, ахлоқ таназзулга юз тутган эл-юртда тафриқалар, зиддиятлар, ахлоқий ва маънавий бузуқликлар келиб чиқади. Натижада Aллоҳ таолонинг баракаси кўтарилиб, балолари ёғилади.
Киши қилаётган ибодатлари, яхшиликлари, эҳсонлари қабул бўлсин, Яратганнинг розилигига эришай деса, нафсини тарбия қилмоғи лозим. “Ҳақиқатдан, уни (нафсни) поклаган киши нажот топур ва у (нафс)ни (гуноҳлар билан) кўмиб, хорлаган кимса (Aллоҳнинг раҳматидан) умидсиз бўлур!” (Шамс сураси, 9-10 оятлар).
Нафсга бўйсунмаган инсонлар учун жуда кўп яхшиликлар, баракалар бор. Унга эргашиш эса ёмонликларнинг пойдевори ҳисобланади. Шу кунгача ўтган солиҳ бандалар барча яхшиликларнинг асоси нафсни тарбия қилиш, барча ёмонликларнинг асоси эса унга тобе бўлиш эканлигини таъкидлаганлар.
“...Ўз ҳавои нафсига ергашган кишидан кўра адашганроқ кимса борми?!”. (Қасос сураси, 50-оят).
Нафсига эргашмай, уни тарбиялаган киши ютуққа, муваффақиятга етишади. Унга фақат гумроҳ кимсаларгина эргашадилар.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам нафс тарбияси борасида башариятга ўрнак ва намуна бўлганлар: “Aллоҳ! Нафсларимизга тақво бер ва уларни пок қил! Сен нафсларни пок қилувчиларнинг энг яхшиси ва унга дўст ҳамда соҳибсан”, деб дуо қилганлар (Имом Муслим ривояти).
Хотиржам нафс оддий кулбани кенг қасрга айлантиради. У изтиробга тушмайди, ризоликда бўлади. У имон билан хотиржам, сабрда бўлади. Машаққатни кўтаришга қувват топа олади. Бахтнинг асл моҳияти шунда! Яратган барчамизни нажот топгувчи бандалари қаторида қилсин!
Нарзилло Aхмедов,
“Мир Aраб” ўрта махсус билим юрти ўқитувчиси,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси магистранти