07.09.2022

Намозда фотиҳа сурасидан сўнг омийн махфий айтилади.

 Намознинг ҳар бир ракатида Қуръони каримнинг  “Фотиҳа” сурасини ўқиш маълум ва машҳур амаллардан саналади.  Бу сурани намознинг ичида ўқишлик намознинг вожибларидан биридир. Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Фотиҳа” сурасини намозда  ўқишлик қанчалик даражада аҳамиятли эканлигини ўз ҳадисларида алоҳида таъкидлаб ўтганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:  
لاَ صَلاَةَ لِمَنْ لَمْ يَقْرَأْ بِفَاتِحَةِ الْكِتَابِ. رَوَاهُ الْخَمْسَة
“Ким Китобнинг “Фотиҳа”сини қироат қилмаса, унинг намози бўлмас”, дедилар. Бешовлари ривоят қилган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган бошқа ҳадисларда эса, у зот намозда “Фотиҳа” сурасини ўқиганларидан кейин “омийн” лафзини айтганликлари ривоят қилинган.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ  عَنِ النَّبِيِّ  قَالَ: اْلإِمَامُ فَأَمِّنُوا فَإِنَّهُ إِذَا أَمَّنَ مَنْ وَافَقَ تَأْمِينُهُ تَأْمِينَ الْمَلاَئِكَةِ غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ. وَفِي رِوَايَةٍ: إِذَا قَالَ اْلإِمَامُ غَيْرِ الْمَغْضُوبِ عَلَيْهِمْ وَلاَ الضَّالِّينَ فَقُولُوا آمِينَ فَمَنْ وَافَقَ قَوْلُهُ قَوْلَ الْمَلاَئِكَةِ غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ. وَلِلْبُخَارِيِّ وَالنَّسَائِيِّ: إِذَا قَالَ أَحَدُكُمْ آمِينَ وَقَالَتِ الْمَلاَئِكَةُ فِي السَّمَاءِ آمِينَ فَوَافَقَتْ إِحْدَاهُمَا اْلأُخْرَى غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ.
 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон имом, омийн, деса, сизлар ҳам, омийн, денглар. Чунки кимнинг омийни фаришталарнинг омийнига мувофиқ келса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, дедилар”. (Бешовлари ривоят қилган.)
Ушбу хабарларга мувофиқ намозда “фотиҳа”дан кейин “омийн” айтишликни суннат амали эканлигини билдирганлар.
 Бизнинг Ҳанафий мазҳабимизда, имом ва  унга эргашувчи  “фотиҳа”нинг  охиридаги “валаззолийн”  айтилганидан кейин  “омийн”ни овоз чиқармай  айтади. Чунки “омийн” “дуони қабул қил” маъносини билдиради. Дуони эса махфийси афзал эканлиги ҳақида Қуръони каримнинг “Аъроф” сурасида Аллоҳ таоло бандаларига қуйидагича марҳамат этган:
ادْعُوا رَبَّكُمْ تَضَرُّعًا وَخُفْيَةً إِنَّهُ لَا يُحِبُّ الْمُعْتَدِين                            :
“Роббингизга зорланиб ва хуфёна (овозсиз) дуо қилингиз! Зеро, У (дуода ва бошқада) ҳаддан ошувчиларни ёқтирмагай” (55-оят). 
Демак “омийн” махфий айтилса ушбу оятга амал қилинган бўлади. 
Абу Воил розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда:
عن أبى وائل رضى لله عنه قال: كان على ، وابن مسعود  لايجهران ببسم لله الرحمن الرحيم ، ولا بالتعوذ ، ولا بآمين. رواه الطبران.
“Али ва Ибн Масъуд розияллоҳу анҳумолар “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим”ни ҳам, “аъузу”ни ҳам, “омийн”ни ҳам жаҳрий айтмас эдилар”. Табароний ривояти
Бу ривоят бизга, ёшликларидан пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларида ўсган улуғ саҳоба Али ибн Абу Толиб, Абдуллоҳ ибн Масъуд каби олим саҳобалар ҳам “омийн”ни махфий айтганлари маълум қилади.
Имом Аҳмад, Абу Довуд ат-Таёлусий, Абу Яъло ал-Мусилий, Имом Дорақутний ва Имом ал-Ҳоким келтирган бошқа бир ривоятда:
صلي بنا رسول لله صلى لله عليه وسلم فلمّا قرأ غَيْرِ  "الْمَغْضُوبِ عَلَيْهِمْ وَلاَ الضَّالِّينَ" قال: " أمين" وأخفى بها  صوته...
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биз билан бирга намоз ўқиганларида “ғойрил мағзуби алайҳим валаззолийн”ни айтиб, “омийн” дедилар.  Овозларини (“омийн”) айтганда пастлатардилар..”, дейилган.
“Омийн”ни баланд овоз билан айтиш афзал деганлар эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйдаги ҳадисларини ҳужжат қилиб келтирганлар:
عن وائل بن حجر الحضرميّ قال: رأيت رسول لله صلى لله عليه وسلم حين فرغ من الصلاة حتّى رأيت خدّه من هذا الجانب.
وقرأ "الْمَغْضُوبِ عَلَيْهِمْ وَلاَ الضَّالِّينَ"  فقال: "آمين"  يمدّ بها صوته ما أراه الاّ يعلمنا. رواه الحافظ أبوبشر الدواالبيّ.
Воил ибн Ҳужр Ҳазрамий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни намоздан фориғ бўлганларини кўрдим. Ҳаттоки, юзларини у тарафдан ҳам, бу тарафдан ҳам кўрдим. Ул зот: “ғойрил мағзуби алайҳим валаззолийн”, деб қироъат қилдилар ва овозларини чўзиб: “Омийн”, дедилар. Буни бизга таълим бериш учунгина қилдилар, деб ўйлайман”.  
Ҳадисда “овозларини чўзиб” дейилган, “овозларини баланд қилиб” дейилмаганлиги сабабидан ва саҳобий  Воил ибн Ҳужр: “буни бизга таълим бериш учунгина қилдилар,  деб ўйлайман” деганлари учун бизнинг мазҳабимиз уламолари буни “омийн”ни жаҳрий айтишликка етарли далил бўла олмаслигини билдирганлар. Абдуллоҳ Зуфарга ўхшаган кишилар жамият олидида катта бир  муаммолар турган бир пайтда, баъзи бир фаръий масалаларни топиб олиб мусулмонлар орасида ихтилоф чиқариш пайида бўлишади.


Жалолиддин Сабуров,
Мир Араб ўрта махсус 
ислом билим юрти мудири