14.05.2022

Ҳаким Термизий

Ҳаким Термизийнинг тўлиқ исми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Али ибн Ҳасан ибн Башар Термизий бўлиб, у 820 йилда Термиз шаҳрида таваллуд топган.
Ҳаким Термизий “Бадъу шаъни Абу Абдуллоҳ” ва “Ар-Радд аъло-л-муаттила” асарларида ёзишича, унинг онаси ва бобоси ҳам ўз даврида ҳадис илмининг етук билимдонларидан бўлишган. Унинг отаси, Али ибн Ҳасан ўз даврида ҳадис илмининг кўзга кўринган олимларидан бири сифатида машҳур бўлган. Бағдод шаҳрида ўша даврнинг машҳур олиму уламолари билан ҳадис илмининг турли масалалари бўйича қизғин баҳс ва мунозараларда иштирок этган. 
Бу маълумотлардан шундай хулоса қилиш мумкинки, Ҳаким Термизий илм-маърифат юксак қадрланадиган, зиёли бир хонадонда дунёга келиб, мана шу илмий-маънавий муҳитда ўсиб улғайган. Охир оқибатда, мазкур омиллар таъсирида унинг маънавий дунёси ва илмий тафаккури шаклланиб камолга етган. Айни вақтда шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ҳаким Термизийнннг илмий камолотида унинг отаси Али ибн Ҳасаннинг хизматлари бениҳоя катта аҳамиятга молиқдир. Чунончи, у ўз фарзанди учун нафақат меҳрибон ва ғамхўр ота, балки унга нисбатан талабчан мураббий ва маърифатли устоз мақомида ҳам бўлган.
Отаси вафотидан кейин Ҳаким Термизий ўз шаҳридаги етук олимлардан исломий фанлардан, асосан, тафсир, ҳадис ва фиқҳ илмларидан сабоқ олади. Унинг термизлик муҳаддислар Абу Муҳаммад Солиҳ ибн Муҳаммад ибн Наср Термизий, Солиҳ ибн Абдуллоҳ Термизийдан ҳадис имини ўргангани ҳақида манбаларда аниқ маълумотлар келтирилган. Манбаларда унинг оилавий аҳволи, рафиқаси солиҳа, тақводор, покиза аёл бўлгани ҳақида, уларнинг олтита фарзандни тарбиялаб вояга етказганлари ва шунингдек, Ҳаким Термизийнинг ўз фарзандлари билан муносабатлари ҳақида ҳам баъзи маълумотлар келтирилган.
Ҳаким Термизийнинг қаламига мансуб асарлар ҳақида ёзган муаллифлар, унинг асарларининг сони ҳақида турли рақамларни келтиришган. Баъзиларнинг фикрларига кўра, бу асарлар сони тўрт юзтага яқин бўлса, яна бошқалар Ҳаким Термизий саксонта ёки қирқта асар яратгани ҳақида ёзганлар. Ҳаким Термизийнинг бизгача етиб келган асарлари унинг илмий меросининг муҳим қисмини ташкил қилади. Мана шу асарларидан, энг аввало, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига бағишланган “Наводир ал-усул фи маърифат ахбор Расул” (“Расулуллоҳ хабарларини билишда нодир усуллар”) номли асарини тилга олиш керак. Бу асар “Салват ал-орифин ва бўстон ал-муваҳҳадин” (“Орифлар овунчоғи ва Аллоҳнинг ягоналигига ишонувчилар бўстони”) номи билан ҳам аталади.
Ҳаким Термизий асарларининг аксар қисми қўлёзма ҳолда жаҳоннинг йирик шаҳарларидаги китоб хазиналарида сақланади. Уларни бир қадар шартли равишда беш гуруҳга (мажмуага) бўлиш мумкин. Алломанинг асарлари кўпроқ Париж, Қоҳира, Дамашқ, Искандария, Истанбул ва Лондон каби шаҳарлардаги қўлёзмалар жамғармаларида сақланади.
Алломанинг илмий-ижодий фаолиятини ўрганган қатор тадқиқотчилар таъкидлаганларидек, Ҳаким Термизий асарлар таълиф ва тасниф этишда ўз даврида мавжуд бўлган йўлдан юрмади, балки у ўз диний қарашлари ва тасаввурларидан келиб чиқиб, ўзига хос бўлган алоҳида йўлни танлади.
Ҳаким Термизий узоқ умр кўриб 932 йилда вафот этган. Унинг мақбараси Термиз шаҳрининг яқинида – Амударё бўйида жойлашган.

Абдулбосит Раҳимов,
Мир Араб ўрта махсус ислом 
билим юрти мударриси