19.03.2022

Манбаларда наврўз васфи

Халқимизнинг "ҳамал кирди — амал кирди" деган мақоли жуда машҳур. Ҳижрий-шамсий тақвим бўйича Қуёшнинг биринчи буржга ва ойнинг ўн икки бурждан бири — ҳамал (ҳомиладор қўй)га кириши билан "Наврўз", “Янги кун", у билан бирга эса янги (шамсий) йил ва янги фасл — баҳор кириб келади. Наврўз ва янги йил келиши биланоқ, баҳор нафасидан борлиқ танасига қайта жон киради. 5000 йиллик тарихга эга бу байрам инсон ички олами  ва унинг табиат билан уйғунлиги рамзидир.
Маълумки, ислом тақвимлари Ой календари ва Қуёш календарига бўлинади. Аллоҳ биз бандалар ҳисоб-китобни, йил, ой ва кунларнинг ададини билмоғимиз учун Қуръони каримда буржларни зикр қилиб, улар билан қасам ичади. Каломуллоҳда "Буруж" номли сура ҳам мавжуд бўлиб, унинг 1-оятида Аллоҳ айтади: “Қасамёд этаман (ўн иккита) буржларга эга осмон билан". Бу ўринда буржлардан мурод — осмондаги Қуёш ва Ой буржларидир. "Фурқон" сурасининг 61-оятида эса, Парвардигор шундай марҳамат қилади: "Осмонда буржларни бунёд этган ва унда чироқ (Қуёш) ва нурафшон Ойни пайдо қилган зот баракотли (буюк)дир”.
Мазкур оятлардан маълум бўладики, буржлар беҳудага ва бесабаб яратилмаган, шунингдек, Аллоҳ ҳам бежиз буржлар билан қасамёд этмаган. Унинг Қуёш ва Ой билан, юлдузлар билан қасам ичишида ақл эгалари учун оят — ибратлар бордир. Зотан, Қуёш ва Ойнинг яратилишидан мақсад ҳам биз бандаларнинг ҳаётий, диний, деҳқончилик ишларимизни Аллоҳ такдир қилган илоҳий тақсимот — 12 бурж асосида белгилаб олишимиз заруратидир.
Юртимизда азалдан уч хил тақвим, ҳижрий, милодий ва деҳқончилик календари билан иш юритиш одат тусига айланган. Йилларнинг ҳисобини билишимиз учун Аллоҳ Қуръони каримнинг "Исро" сураси, 12-оятида шундай зикр қилади: 
"Кундуз аломатини эса, Раббингиздан фазл (ризқ) исташларингиз учун ҳамда йиллар саноғини ва ҳисобини билишингиз учун ёруғлик қилиб қўйдик. Барча нарсани батафсил баён қилиб қўйганмиз". Улуғ муфассирларимиз мазкур оятнинг "йиллар саноғини" қисмини қамарий (Ой) тақвим билан иш юритиш (бинобарин, диний юмушларда), “йиллар ҳисобини" қисмини эса шамсий (Қуёш) тақвим билан иш юритиш (айниқса деҳқончиликда) мазмунида тафсир қилиб, фатво ёзиб қолдирганлар.
Наврўз байрами урф-одатдан келиб чиқиб нишонланадиган байрам бўлгани  учун ушбу байрам эътиқод ва шариъат талабларига хилоф ишлар бўлмаса, бу байрамни нишонлашлик  бир – бирини табриклашлик дуруст бўлади. Бунга далил сифатида қўйдагиларни келтирамиз:
Биринчи: Бу кун Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга нусрат бериб, фиръавн ва унинг сеҳргарларини шарманда қилган “байрам”  кунидир.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда:
(Мусо) айтди: «Ваъда байрам куни (тўпланадиган жой)дир. Одамлар чошгоҳда тўпланурлар».  Тоҳа 59-оят.
Ушбу оятдаги “Байрам” куни йилнинг боши шанба кунига тўғри келган кун  “Наврўз” кунидир.  Ибн Асокир “ Тарихи Дамашқ” 61-65 с. 
Тафсири ибн Касирда ҳам “байрам”дан мурод уларнинг ийд ва наврўзлари деб келтиради. Ибн Аббос “Байрам” куни ашуро куни деб айтган эканлар.
Иккинчи:  Муҳаммад ибн Зиёд Абу Ҳарайра розияллоҳу анҳудан:  “Аллоҳ таоло Сулаймон ибн Довуд алайҳумассаломга узукларини қайтарган кун ҳам айнан шу наврўз кунида эди.....” Ибн Асокир “ Тарих мадинат Дамашқ”, 22 ж 261 с. 
Учинчи:  Муҳаммад ибн Сирийндан ривоят қилинади: “Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга наврўз куни ҳадия олиб келинди. Али розияллоҳу анҳу: “бу нима” дедилар. У зотга: “Эй Амирал мўъминин бу наврўз (ҳадияси)”, дедилар. Шунда у киши: “ҳар кунингизни “файруз” қилинглар” дедилар. Ал-Байҳақий “Сунан ал-Кубро”  9 ж. 392 с. 
Тўртинчи:  Имом Бухорий “Тарих ул-Кабир”  китобларида “Саър ат-Тамимий”нинг таржимаи ҳолида келтирадилар. Саър ат-Тамимий айтади: “Али розияллоҳу анҳуга фолузаж ҳалвосидан келтирилди. У киши: “Буни нима деб сўрадилар. Улар: “бугун наврўз” дедилар. Бас у зот: “ҳар кунингиз наврўз бўлсин” дедилар. Имом Бухорий “Тарих ул- Кабир 4-ж. 201 с.
Бешинчи: Ферузободий ўзининг “Қомус ал-Муҳит” асарида келтиради: “Али розияллоҳу анҳуга ҳалво (ширинлик)лардан келтирилди. Бу ҳақида сўраганда “наврўздаги ширинлик” дейишди. Али розияллоҳу анҳу: “ҳар кунимиз наврўз бўлсин” ҳар кунимиз меҳражон (ҳосил байрами) бўлсин, ҳар куни нишонланглар” дедилар. Ферузободий “Қомус ал-Муҳит” 509 С.
Олтинчи: “Ал- Ансоб” асарида келтирилишича: “Абу Ҳанифанинг оталири  Собит ибн Нўъмон ибн Мазрабон  форс олийжаноб йигитларидан бўлиб, Али розияллоҳу анҳудан кичикиналик пайтларида барака тилаб дуо олган эканлар. Боболари Нўъмон ибн Марзабон Собитнинг отаси Абу Ҳанифа р.ҳ боболари - Али розияллоҳу анҳуга наврўз куни фолузаж ҳалвосини ҳадия қилган эди. Али розияллоҳу анҳу: “ҳар кунимиз наврўз бўлсин” дедилар. “Ал-Ансоб” Абдулкарим ас-Самъоний, 3ж. 37 с.
Еттинчи: Қосим ибн Салом “Ал-Амвал” китобида, Ҳорун  ибн Антара ўз отасидан ривоят қилади: “Али розияллоҳу анҳунинг олдиларига наврўз ёки меҳражон куни  келдим. У зот ҳузурларида  тижоратчиларнинг ҳадия моллари бор эди. Айтади: “Қанбар  келиб у зотнинг қўлларидан ушлаб: “Эй Амирал мўъминин бу нарсалар сизга муносиб бўлса ҳам аҳли байтингизнинг бу молдан насибаси бор”, сизни ҳаққингизни сақлаб қуйдим деди...” Қосим ибн Салом “Ал-Амвал” китобида, 345 с.
Саккизинчи: Имом Заҳабиий “Сияр” асарида,  Ибн Абдулбарр “ал-Истиъаб фи маърифати асҳаб” асарларида Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу саҳобанинг таржимаи ҳолларида келтириб айтишади: “(Муовия (р.а)) биринчи бўлиб девон ишида муҳрни йўлга қўйган ҳамда наврўз ва меҳражон кунлари ҳадия улашишга буюрган....”. Ибн Абдулбарр “ал-Истиъаб фи маърифати асҳаб” 3 ж. 1420 с. Тарихчиларнинг таъкидлашича Бухоро амирлигида яқин кунларгача наврўз кунлари Қуръони Карим хатм қилган ва хатми кутуб қилган талабаларга бир юз йигирма танга ҳадия пуллари берилагн бу ҳам Муовия розияллоҳу анҳунинг кўрсатмаларидан келиб чиқиб қилинган бўлса керак. 
Тўққизинчи: Имом аз-Замахшарий  “Рабъиул аброр” асарида: “Муовия розияллоҳу анҳу Саъид ибн ал-Ос розияллоҳу анҳуга наврўз куни кўп кийим ҳамда тилла ва кумуш идиш ҳадия қилдилар. Муовия (р.а) элчи билан жўнатиб унга қарата айтдилар: “йўлда ўзинга зарур бўлган миқдорини олгин. Қолганини унинг яқинларига тарқатгин. Ундан фақат битта кийимни олгин” дедилар. Аз-Замахшарий “Рабъиул аброр” 2 ж. 476 с.
Ўнинчи: Яъқубий “Тарихи Яқубий асарида “Муовия розяиллоҳу анҳу Абдураҳмон ибн Абу Бакра  худди шунингдек Басра аҳлига мактуб йўллаб, унга нарўз ва меҳражон ҳадияларидан олиб келишни буюрган эканлар. Ҳар наврўз ва меҳражон кунлари ўн минглаб ҳадиялар жўнатишар эди.
Ўн биринчи: Ибн Абу Шайба ўзларининг “Ал-Мусаннаф” китобларида ибн Сирийндан ривоят қилинади: “Мадинада бир муаллим бўларди унинг бақувват ўғиллари бўларди,  улар наврўз ва меҳражондаги оладиган ҳақларини билишарди,” яъни ҳадия олишарди. Ибн Абу Шайба,“Ал-Мусаннаф, 7 ж. 290 с.
Бу одат яъни наврўз кунлари ҳадия улашиш Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ замонларигача ва ундан кейин ҳам давом этди. Исҳоқ ибн Ҳонеъ (р.ҳ) айтганларидек: “Абу Абдуллоҳ яъни – Имом Аҳмадни наврўз куни фарзандларига бир дирҳам бериб: “бу билан муаллимни олдига бор” дедилар. Муҳаммад ибн Муфлиҳ “Ал-Фуруъ”, 5 ж. 236 с.
Жалолиддин Суютийнинг “Ал-Ҳави Лил-Фатава” асрида: “Муқотил (р.ҳ)дан наврўз, меҳражон ёки ийд  кунларида  болани отаси томонидан  муаллим ёки муаддибга бериладиган ҳадия ҳақида сўрашди. У киши жавоб қилиб айтдилар: “Агар сўрамаса ва  берган таъна қилмаса зарари йўқ”.
Ўн иккинчи: Абу Барза розияллоҳу анҳунинг мажусий қўшнилари бўларди. Наврўз ва меҳражон кунлари уларга ҳадия улашарди. У зот аҳлларига қарата: “Агар мева бўлса енглар, ундан бошқа нарса бўлса еманглар” дедилар. Чунки мажусийларнинг сўйганлари ҳаромдир. Аммо мева, ҳалво, полиз экинлари каби нарсалар ҳалолдир. “Эъло ас-Сунан”  Зафар Аҳмад Усмоний, 12 ж.706 с.
Улуғ уламоларимиз фиқҳий китобларда халқимизнинг анъанавий ҳамда миллий байрамларини, жумладан Наврўзни байрам тариқасида нишонлаш ҳақида фатво берганлар. Бинобарин, "Фатовои заҳирия"да шундай дейилади: "Наврўз уч хилдир: Наврўзи Жамшидий, Наврўзи Мажусий ва Наврўзи Султоний. Наврўзи Султонийни ўтказмоқлик маҳбулдир ва ҳеч динга зиёни йўқдур".
Улуғ уламоларнинг фатволарига эътибор берсак, Наврўзи Жамшидий ва Наврўзи Мажусий лолалар очилган, саҳролар яшнаган пайтда ўтказилгани ҳақидаги маълумотларга дуч келамиз.
Наврўз зироат ва экин экишнинг бошланишидир. Ҳадиси шарифда  ҳам зироатчилик билан шуғулланишнинг улуғ иш эканлиги кўп маротаба такрорланган. Чунки деҳқонлардан барча манфаат олади. Аллоҳ таоло уларни барча жонзотнинг ризқига сабабчи қилиб қўйган. Шу боис касблар ичида ислом уламолари нуқтаи назарида деҳқончилик энг афзал касб ҳисобланади. 
Жобир (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар (с.а.в.) шундай лутф этганлар: "Қайси бир мусулмон бирон-бир экин экса- ю, ундан тановул этилса, албатта, унинг учун садақа бўлади. Ҳатто ўғирлангани ҳам унингучун садақа бўлади. Йиртқичлар егани ҳам, албатта, унинг учун садақа бўлади. Қушлар егани ҳам, албатта, унинг учун садақа. Ўша экиндан бирортаси манфаат олса, албатта, унинг учун садақадир" (Имом Муслим ривояти). Шунинг учун ҳам қиёмат кунида жаннатийлар жаннат эшиклари олдида тўпланиб, ким биринчи киради, дейилганида деҳқон, дейилади.
Табиийки, деҳқончилик қилиш учун унинг тақвимини яхши билиш керак. Аксинча, экин экиш, дарахт ўтқазиш вақтини билмаслик зироат ва боғдорчиликнинг касодга учрашига сабаб бўлади. Шунга кўра, Наврўзни баҳор байрами, деҳқончилик юмушлари бошланганлиги нуқтаи назаридан нишонлаш бизнинг юртимизда азалдан урф бўлган. Бухорода ҳар йили анъанавий тарзда "сайли гули сурх", “лола сайли" каби халқ байрамлари ўтказиб келинган. Бу сайлларда амирлар ҳам иштирок этишган.
Маълумки, Наврўзда кун билан тун баробар бўлади. Деҳқонлар экин экишни, ерга уруғ қадашни, умуман зироат юмушларини бошлаб юборишади. Ваҳоланки, ерга уруғ қадаш бизда ибодат даражасига кўтарилган. Чунки деҳқончилик — ҳалол ризқ, ҳалол луқма, ҳалол меҳнат ва фаровонлик асоси. Пайғамбаримиз (с.а.в.) аҳли аёлларининг нафақаларини Мадинаи мунаввара яқинидаги Хайбар еридан тушадиган ҳосилдан олар эдилар. Аҳли аёлларидан ҳар бирига ҳосилдан юз васақ (бир васақ тах. 190 кг) берар эдилар.
Деҳқончилик бизга аждодлардан мерос. Юртимиздан етишиб чиққан буюк тариқат намояндаларининг аксарияти деҳқончилик билан шуғулланишган. Хожа Муҳаммад Бобо Самосий — боғбон, Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ўз ерларига буғдой, мош ва бошқа экинлар экиб тирикчилик қилганлар. Хожа Аҳрор ва Жўйбор шайхлари даромадининг бир қисми асосан зироатдан бўлиб, ундан нафақат шу хонадон аҳли, балки халқ оммаси ҳам баҳраманд бўлган. Хожа Аҳрор Валий ўз омборларида сақланаётган беҳисоб ғаллаларни фуқаронинг ризқи деб ҳисоблаган. Жўйбор шайхлари эса мамлакатда дон тақчиллиги сезилганда, ўз омборхоналаридаги ғаллаларни муҳтожларга тарқатишган. Ариқлар қазиш, янги ерларни ўзлаштириш, боғу роғлар барпо этиш борасида бу икки хонадон аҳлининг хизматлари алоҳида эътиборга моликдир.
Наврўз ислом оламида маҳбуб билингани каби Беруний, Ибн Сино, Умар Хайём, Чағминий, Улуғбек каби дунёвий илмларнинг соҳиблари ҳам тун билан кун баробар бўладиган ва Қуёш ҳамал буржига кирадиган кунни Наврўз айёми сифатида нишонлаш мақбул эканлигини таъкидлашган. Улуғ мутасаввиф Ҳаким Термизий “Солнома” асарида, бухоролик буюк фақиҳ Абдулазиз ибн Моза "ал-Муҳит ал-бурҳоний фи-л-фиҳҳи-н- нуъмоний" қомусида Наврўз ҳақида қимматли маълумотлар қолдиришган.
Қадим Шарқда Қуёш қайси буржга кирса, ойга ўша бурждаги юлдузлар туркуми шаклига қараб ном беришган. Жумладан, Ҳамал ойини — бурж шакли ҳомиладор қўйга ўхшагани учун ҳамал деб, Савр ойини — юлдузлар туркуми ҳўкизга ўхшаб кўрингани учун Савр деб аташган.
Деҳқончилик тақвимига оид ойларга қараб деҳқонларимиз, боғбонларимиз зироат ва кўчат тадоригини кўришади. Жумладан, тўқсон деган мавсум 5 декабрдан 5 мартгача давом этади. 21 январь — қанталоғди куни. “Қанталоғдидан кейин қиш бўлмас, қанталоғдидан сўнг ерда қор турмас” ҳикмати оғиздан-оғизга ўтиб келиб, асрлар оша деҳқонлар орасида ўз аҳамиятини йўқотмаган. Қанталоғди дейилишига сабаб шуки, қиш мавсумида айиқ қирқ беш кундан тўқсон кун ухлайди. Қирқ беш кундан кейин иккинчи томонига ағдарилиб ухлашга одатлангани учун тўқсон куннинг иккинчи ярми қанталоғди деб юритилган.
22 декабрдан 20 февралгача — чилла мавсуми кечади. Бу мавсумда асосан ернинг шўрлари ювилади. Зеро, бу пайтда ерни суғориш ҳар хил зараркунанда қумурсқалар кўпайишининг олдини олади, шунингдек, ернинг яхши етилиши учун ғоят фойдалидир. Чиллада сув бермаган деҳқон йил бўйи яхши ҳосилдан маҳрум бўлади.
Қавс ойида 21 ноябрда кўчатлар ўтқазилади. "Ниҳол дар қавс, қалам дар ҳут" (Ниҳол ўтқазиш қавс ойида, қаламча қилиш ҳут ойида) ибораси деҳқонлар учун дастуриламал бўлиб хизмат қилган. Кузнинг сунбула ойи (22 августдан 21 сентябргача) асосан кузги буғдой экишга тайёргарлик кўриш, буғдой экиладиган -ерларни суғориш, мезон ойи (22 сентябрдан 21 окябргача) эса буғдой экиш мавсумидир. Шунинг учун халқ тилида айтилади: "Сунбула об деҳ, мезон кор", яъни "Сунбулада суғоргин, мезонда эк". Зотан, деҳқончилик тажрибасидан маълумки, сунбула ойида суғориб, мезон ойида экиш серҳосиллик гаровидир. Ақраб ойи (22 октябрь) кирганда, қўйлар урчитилади. Қўзиларнинг туғилиш муддати беш ой эканлиги инобатга олинса, уларнинг қиш изғиринларидан соғлом ва нуқсонсиз ўтиб, баҳорда — ҳамал (олтинчи ой аввалида)да туғилиши ғоят манфаатлидир.
6 мартдан 13 мартгача “айёми ажуз” халқимиз тилида "аямажуз") ҳафталиги бўлиб, "айём" тилидан "тўқсон" мавсумига қарата айтилган ибора машҳурдир: Тўқсан, бир кунимча йўқсан". Яъни шу “айёми ажуз” ҳафталигида тўқсон мавсумида бўлмаган об-ҳавонинг кескин ўзгариши кузатилади. Шунинг учун халқимизда "аямажуз" ҳафталигида шамоллаб қолмаслик ва дардга чалинмаслик мақсадида ўзини эҳтиёт қилиб юриш, беҳуда чўмилмаслик, кир ювмаслик одатлари сақланиб қолган.
14 мартдан 20 мартгача "Оби раҳмат" ҳафталиги бўлиб, бу кунларда Аллоҳнинг изни билан, албатта, осмондан раҳмат сувлари ёғилади. Бу сувларни кишилар табаррук ҳисоблаб, уни Наврўз куни дастурхон кўркига кўрк бағишлайдиган ўрик шарбати ва қандобларга қўшишган. Ҳаттоки денгизлардаги садафдор (ракушка)лар шу кунларда сув тепасига чиқиб, оғизларини очиб шу ёмғирни кутишади. Оби раҳмат ёмғиридан бир томчи тегса, ундан катта дур пайдо бўлади, аксинча очкўзлик қилиб кўпроқ томчи олса, унда оддий кичик марварид пайдо бўлиши айтилади. Бунинг ҳикмати шундаки, инсон озига қаноат қилса — азиз бўлади, очкўзлик қилса — хор бўлади. Юқоридаги тафсилотлардан аён бўладики, ҳар бир ой ва кун деҳқончилик учун ниҳоятда қимматлидир. Деҳқон етиштирган ҳар қандай экин, боғбон етиштирган ҳар қандай мева инсон учун жон озиғи ҳисобланади.
Шуни таъкидлаш жоизки, ўн икки йил давомида кетма-кет бир-бирига ўрин алмаштириб келадиган мучал тушунчаси аслида, “мўлжал" сўзидан олинган. Ун икки йил давомида осмон жисмларининг жойлашувидан ҳосил бўладиган шаклга қараб, йилларга муайян мучал номлари берилган. Жумладан, юлдузлар туркумининг сичқонга ўхшаши йилнинг сичқон йили, сигирга ўхшаши сигир йили ва ҳоказо... деб номланишига асос бўлган. Уламоларимиз мана шу ўн икки йилга ўн икки мақом берилганини махсус ҳужжат билан тасдиқхашган. Жумладан, Зайнуддин Маҳмул, Восифий (ваф. 1554 й.) “Бадойеъу-л-вакойеъ” (Ажойиб воқеалар) номли асарида мучал ҳақида нодир қайдлар ёзиб қолдирган.
Абу Райҳон Беруний ўз асарларида Наврўз ҳақида қимматли фикрларни келтиради. Бундай маълумотларнинг диққатга сазовор томони шундаки, аллома Наврўзни коинот ва олам билан бир бутунликда деб таърифлайди.
Юсуф Хос ҳожиб "Қутадғу билиг" асарида бу ҳолга шундай таъриф берган: “Шарқдан баҳор насими эсиб келди, оламни безамоқ учун фирдавс йўлини очди. Оқ ранг кетиб, бўз ерни алвон ранг қоплади, олам ўзига оро бериб безанмоқ тараддудига тушди. Зерикарли қишни баҳор нафаси ҳайдади, мусаффо баҳор яна ўз ҳукмига кирди. Қуёш яна қайтиб ўз ўрнига келди, Балиқ (Ҳут) думидан Қўзи (Ҳамал) буржига кўчди. Ўйқуга кирган дарахтлар яна яшил тўн кийди, оқ, сариқ, кўк, қизил рангли ҳарир ёпинчиқлар билан безанди".
Шундай экан, хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, аждодларимиз ардоқлаб, манбаларда васф этиб келган бундай анъаналарнинг негизида олам аҳлини ўзаро тотувлик, дўстлик ва ҳамжиҳатликка даъват этувчи умуминсоний қадриятлар ётади.

Жалолиддин Сабуров,
Мир Араб ўрта махсус 
ислом билим юрти мудири