Ислом бегона аёлларга қарашни нега ҳаром қилди?
Эркакларнинг номаҳрам аёлларга қараши тақиқланганинг сабаби доимо ҳаммани қизиқтириб келган. Хўш, нега Ислом бу ёмон одатни ҳаром қилди? Қуйида қисқача жавоб беришга ҳаракат қиламиз.
Эркак кишининг бегона аёлга атайлаб қарашини Ислом ҳаром қилган. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Али розияллоҳу анҳуга айтган гапларини эслайлик: «Эй Али! Назарни назарга эргаштирма! Биринчи кўз тушиши зарарингга бўлмаслиги мумкин, аммо кейингиси, албатта, сенинг зараринггадир». Шундай экан, бегона аёлга такрор қараш эркак кишининг шаҳватини уйғотади, қарши жинс вакилига нисбатан турли ўй-хаёлларни олиб келади. Ислом эса мўминни Аллоҳ ҳаром қилган ҳар қандай нарсадан ҳимоя қилишга қаттиқ ҳаракат қилади. Унутмайликки, бегона аёлга назар ташлаш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, «назар иблиснинг заҳарланган ўқларидан биридир».
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таълимотлари бандани ҳар қандай шубҳага, хатога тушиб қолиш эҳтимолидан ҳимоялайди. Аллоҳ белгилаб берган чегараларни босиб ўтмасликка чорлайди. Қанчадан-қанча муаммоларнинг ва касалликларнинг ечими кўзни номаҳрамдан тийишга, фаржни сақлашга боғлиқ эканини ҳаётимиз давомида кўрамиз.
Сўзим охирида ҳар бир мусулмонга Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзини ҳар куни бир неча марта ўқишни тавсия этаман:
“Сен мўминларга айт, кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар. Ана шу улар учун покдир. Албатта, Аллоҳ нима ҳунар қилаётганларидан хабардордир” (Нур сураси, 30 оят).
Абдуддоим Каҳил
Шаҳзод Рамазонов таржимаси.