Ёшларнинг таълим тарбияси ҳаётий долзарб вазифа
Бир неча кун олдин бўлган воқеа асосида чоп қилинган мақоланинг мазмуни қуйидагича эди. Унда айтиладики, намоз ўқиш истагида бўлган 15-16 ёш атрофидаги болакай масжидга келади ва у ердаги бир кишига ўз истагини билдиради. Унга бироз тушунча берилгач "Намоз ўқиш қоидалари" китобини унга узатаётган шахс, болакайнинг жажжи кўзларидан оқаётган кўз ёшларига таажжубланиб турганида, бола унга шундай дейди: "Акажон дадам чет давлатга ишлаш учун кетгандилар, оғир касал бўлибдилар. Илтимос, намозларингизда дадамнинг ҳаққига дуо қилиб қўйинг" деб чиқиб кетади.
Бу воқеадан одамнинг танаси ларзага келади беихтиёр. Инсонийлик хисси, меҳр-мурувват туйғулари бизларга азалдан мерос. Ёш бир фарзанднинг отаси ҳаққига бунчалик жон куйдириши қайси европа маданиятида кўзга ташланади бир ўйлаб кўрингчи. Уларда бундай ҳолни учратиш қийин. Ота - онага, устозга, каттаю - кичикга, аёлларга ва авваламбор инсоннинг ўзига бўлган меҳри, муруввати, ҳурмат - иззатию, хушмуомаласини ўз ичига олган бундай гўзал маданиятни фақатгина бизга пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан мерос бўлган исломий таълим - тарбиядагина учратиш мумкин.
Турли замонавий технологиялар ривожланиб, Европа ҳаёти ва маданияти турли хил кино-сериаллар, куй-қўшиқлр ёки теледастурлар орқали ҳаётимизга бемалол кириб келиб, аввало ёшларимизга салбий тасир қилаётган бундай бир даврда, биз огохлигимизни заррача бўлсада сусайтиришга ҳаққимиз йўқ. Афсуслар бўлсинки, ҳозир кўча-кўйга чиқадиган бўлсак бир эмас, бир неча бор ёш қиз ва йигитларнинг уялмасдан кўчаларда қўл ушлашиб юрганларига гувоҳ бўламиз. Бу биз мусулмонлар учун жуда уятли аҳвол. Бундай холатларга бугун бепарво бўладиган бўлсак, эртага ўша қиз ёки йигитнинг ўрнида бизнинг опа-синглимиз ёки ака-укамиз бўлиши тайин.
Фарзанд ёки опа-сингилларимиз ҳозирги кунда нималар билан банд бўлишяпти, тарбияси, таълими, юриш - туриши, кийиниш маданияти қайси томонга ўзгариб бораяпти? Бу нарсаларга бефарқ бўлиб қолмаслигимиз керак.
Эртанги ҳаётимизни топширадиган инсонларимизни, фарзандларимизни биз бугундан бошлаб тарбия қилишлигимиз керак. Илм чўққиларини биз эгаллашимиз керак, шундагина бутун инсониятга манфаати тегадиган технологиялар ихтиро қилинади. Ҳар жабҳада ютуққа эришиш учун бугундан ҳаракатни бошлашимиз лозим бўлади. Улардан кўра бизнинг ишимиз манфаатли бўлиши аниқ. Чунки биз мусулмондар аввало Роббимиз ризолиги учун ҳаракат қиламиз, моддий манфаат учун эмас. Шундай экан Аллоҳга ишонган ва иймон келтирган, ундан қўрқадиган, исломий маданиятда тарбияланган кучли ва билимли, салоҳиятли ёшларни тарбиялашни бугундан бошлашимиз керак.
Баҳодир Раҳимов,
Мир Араб ўрта махсус
ислом билим юрти мударриси