Конституция ва Иқтисодиёт: Тараққиётнинг ”Ўзбек модели”
Мустақиллик туфайли биз ўзлимизни англадик,озод халқ,мустақил давлат сифатида Ўзбекистоннинг бор бўй-бастини,улкан салоҳиятини бутун дунёга намоён қилиш имкони туғилди. Озодлик боис бизни жаҳон таниди,халқимизнинг фидокорона меҳнати, ёшларимизнинг ғаёрати,азму шижоати ила Ватанимизнинг шон-шуҳрати олам узра янада кенгроқ ёйилмоқда.Ҳуррият берган беқиёс имкониятлар негизида эртанги кунимиз– эркин ва фаровон келажагимизни ўз қўлимиз билан бунёд этмоқдамиз.
Президентимиз Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган, дунёда ўзбек модели сифатида тан олинган Ўзбекистоннинг ўзига хос тараққиёт йўли, унинг афзалликлари ҳақида жаҳондаги нуфузли сиёсатчи ва иқтисодчилар, эксперт ва таҳлилчилар томонидан кўплаб ҳаққоний фикрлар, юксак баҳолар билдирилган.
Асосий негизини иқтисодиётнинг мафкурадан холилиги, сиёсатдан устунлигини назарда тутадиган прагматик иқтисодий сиёсат; давлатнинг бош ислоҳотчилик вазифасини ўз зиммасига олиши; қонун устуворлигини таъминлаш; кучли ижтимоий сиёсат олиб бориш; ислоҳотларни босқичма-босқич амалга ошириш каби машҳур беш тамойил ташкил этадиган ушбу тараққиёт модели айниқса 2008 йилда бошланган жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози шароитида ўзининг нақадар тўғри эканини яна бир бор исботлади.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, мамлакатимизнинг четдан тиқиштирилган, “шок терапеяси” деб аталган усуллардан, “бозор иқтисодиёти ўзини ўзи бошқаради” қабилидаги сохта қарашлардан аввалбошданоқ воз кечиб, бошқарувнинг маъмурий-буйруқбозлик тизимидан бозор муносабатларига ўтишда инқилобий эмас, балки тадрижий ривожланиш йўлини танлагани бугун ўзининг ижобий натижасини бермоқда.
Асосий Қонунимизда жамиятимизнинг иқтисодий асоси – кўп укладли бозор иқтисодиёти ва фуқароларнинг хусусий мулки қонун ва давлат томонидан ҳимоя қилиниши ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган.
Конституциямизнинг 53-моддасида: «бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва хуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди» , деб белгилаб қўйилган.
Мустақиллик йилларида юртимизда демократик ҳуқуқий давлат ва очиқ фуқаролик жамияти, эркин бозор муносабатларига асосланган иқтисодиётни қуриш, халқимиз учун обод ва фаровон ҳаёт барпо этиш ҳамда халқаро майдонда ўзимизга муносиб ўрин эгаллашда Асосий Қонунимиз мустаҳкам замин бўлиб келмоқда.Биз танлаган ва машҳур беш тамойилга асосланган тараққиёт моделининг нақадар ҳаққоний ва самарали экани биз қураётган янги демократик тизимда, иқтисодиётимиз ривожланишининг барқарор, барчани ҳайратда қолдираётган суръатларида, халқимизнинг ҳаёт даражаси ва сифати ортиб бораётганида ўзининг амалий тасдиғини топмоқда.
Юртбошимиз билдирган фикрларга кўра,ўтган даврда биз дуч келган оғир синов ва муаммоларга қарамасдан, мустақиллик йилларида Ўзбекистон иқтисодиёти қарийб 5 баробар, аҳоли даромадлари жон бошига ўртача 8,7 баробар ўсганини, мамлакатимиз аҳолиси бу даврда 1,5 марта кўпайиб, 2015 йилнинг 1 январида 31 миллион 500 минг кишини ташкил этишини инобатга оладиган бўлсак, бундай улкан натижаларга эришганимизни, очиғини айтганда, баъзан тасаввур қилишнинг ўзи ҳам қийин. Бугунги кунда мамлакатимизнинг ташқи қарзи ялпи ички маҳсулотга нисбатан 15 фоиздан ошмаслиги, ички қарзимиз умуман йўқлиги, экспорт ҳажми, олтин-валюта захираларимиз барқарор суръатлар билан ошиб бораётганида ҳам эришган улкан натижаларимиз исботини кўриш, кузатиш қийин эмас.
Жаҳон миқёсидаги глобал иқтисодий инқироз ҳали-бери давом этаётганига қарамасдан, дунёнинг саноқли давлатлари қаторида Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулотнинг йиллик ўсиш суръатлари сўнгги 10 йил давомида 8 фоиздан зиёд бўлиб келмоқда. Янги – 2016 йилда ҳам ана шундай ўсиш суръатлари кўзда тутилмоқда.Ўзбекистонимизга мос тарихий, миллий, анъанавий ва иқтисодий вазият ва хусусиятларни инобатга олмасдан туриб, “бозор иқтисодиётининг шиддатли гирдобига ўзингни ташласанг, унинг ўзи кўзланган манзилга олиб чиқади” деган хомхаёллардан бутунлай воз кечдик. Ва бугунги кунда бутун дунёда тан олинган, “ўзбек модели” деб ном олган жамиятимизни тубдан ислоҳ этиш, эркинлаштириш, демократик янги давлат қуриш, уни модернизация қилиш бўйича пухта ўйланган тараққиёт йўлимизни танлаб олдик.
Юртбошимиз Ислом Каримов раҳнамолигида халқимиз танлаган йўл – тараққиётнинг ўзбек модели, жамият ҳаётини янгилаш ва эркинлаштириш жараёнларида амалда ўзини оқлаётган ҳаётбахш ислоҳотлар яққол тасдиқлаб турибди. Бу эзгу ишлар ижобатида Асосий Қонунимиз ҳамиша йўлчи юлдуз бўлиб йўлимизни ёритиб бораверади.
Мир Араб Араб ўрта махсус ислом билим юрти
ҳуқуқшунослик фани ўқитувчиси Лазизбек Ҳайитов