15.11.2021

Иймон –иқрор ва тасдиқдир.

Бизга исломни дин қилиб берган Аллоҳ таолога ҳамду санолар, уни бизга мукаммал етказган ҳабибимиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду саловотлар бўлсин. 
Инсоният бу дунёни синов ўлароқ яшаб ўтади. Аллоҳ таоло баъзи нарсаларга буюрди, баъзиларидан қайтарди. Бандалардан, соғлом ақл соҳибидан талаб қилинадиган энг аввалги нарса бу Аллоҳ таолога иймон келтиришдир. 
Хўш, иймон нима? 
Иймон- бу авваламбор қалбда Аллоҳ таолони барча ишларида, сифатларида, Зотида якка-ю ягона деб ҳамда Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламни У Зотнинг ҳақ пайғамбари деб тасдиқлаш.Бу нарса қалбда мустаҳкам ўрнашиб эътиқодга  айлангач, тилда “ла илаҳа илла аллоҳ муҳаммадур росулуллоҳ” калимаси ила иқрор қилиш. Мана шу икки рукн ила иймон ҳосил бўлади ва бу фан тилида “иймони мужмал” деб аталади.
Келинг, иймон тушунчасини янада чуқурроқ ўрганамиз. 
Иймон бу самовий китобларни, пайғамбарларни, охират кунини, қайта тирилишни, жаннат ва дўзахнинг мавжудлигини дил ва тил ила тасдиқлаш. 
Иймон бу сизга етадиган ҳар қандай яхшилик ва ёмонликни, хурсандчилик ва хафаликни, ризқни, шифони  ягона Аллоҳдан деб билиш.
Иймон бу ҳар қандай ҳолатда ҳам Аллоҳнинг кузатувида юрганлигини ҳис қилиш. 
Иймон бу амални тарк этаётганингда қалбингга қўрқув соладиган бир куч. 
Иймон бу сусткашлик қилаётганингда солиҳ амал қилишга ундайдиган туйғу. 
Иймон бу сенга берилган барча неъматлар Роббинг томондан берилишини эътироф этиш. 
Тўғри, амал иймоннинг рукни ҳисобланмайди. Аммо ўзингиз айтинг-чи, бу каби иймон соҳиби Роббисининг амридан чиқа оладими, унинг буйруғига осийлик қила оладими? 
Эй биродар, ўзингга қайта назар сол! Нафсинг ила холи қолиб, ҳолатингни ўрган. Тепада айтилган сифатлар сенда топиладими? Бу ҳақида мулоҳаза қилиб кўр.
Акбаржон Раҳмонов,
Мир Араб ўрта махсус 
ислом билим юрти мударриси