13.11.2021

Талоқ


Ҳозирги вақтда оилаларда ажримларнинг кўпаётгани жамиятимизнинг энг оғриқли нуқталаридан биридир. Синовли дунёда оилавий келишмовчиликларни сабр ва бағрикенглик билан бартараф этиш мумкин бўлгани ҳолда кўп ёшларимиз шошқалоқлик, ғазаб, сабрсизлик каби иллатларга тез енгилишмоқда. Йигитларимизнинг аёлига “Уч талоқсан”, “Қум талоқ”, “Минг талоқсан”, “Онангникига борсанг, талоқсан!” дейишлари кўпайиб кетган.
   Айрим эркаклар бу сўзнинг ҳукмини билмасдан хотинини қўрқитиш учун “талоқ” сўзини қайта-қайта тилга олаверади, жаҳл билан айтилган биргина сўздан оила таназзулга юз тутишини ҳис қилишмайди. “Бир марта жанжал бўлган уйдан қирқ кун барака кетади”, деган мақолнинг моҳиятини тушунмай жанжаллашаверишади. Бундай тортишувларда эр ҳам, аёл ҳам ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилади. Фарзандларнинг аҳволи, атрофдагиларнинг фикри, ҳаёти уларни умуман қизиқтирмайди. Кўпинча аёл эрини қаттиқ рашк қилганидан ёки бошқаларга ўхшаб яхши яшашни талаб этиши, эрининг қариндошлари билан муносабатлари турли келишмовчиликларга сабаб бўлади.
   Абдуллоҳ ибн Жаъфар ибн Абу Толиб қизига бундай насиҳат қилган эканлар: “Зинҳор рашкчи бўлмагин, у талоқнинг калитидир. Зинҳор кўп итоб қилувчи бўлмагин, у кўнгилсизликни келтириб чиқаради. Сурма қўйиб юргин, лекин зийнатларнинг энг афзали сувдир”.
  Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Улар билан тотув турмуш кечиринг. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин” (Нисо, 19).
   “Кейинги пушмон, ўзингга душман” деб, бекорга айтилмаган. Ўйламай айтилган сўзнинг асорати оилаларнинг бузилишига, бегуноҳ гўдакларнинг кўз ёшига сабаб бўлиб қолмасин.
Талоқ» сўзи луғатда «моддий ва маънавий тугунни ечиш» маъносини англатади.
Шаръий истилоҳда эса, махсус лафз ила никоҳни кетказиш ёки ҳалоллигини нуқсонга учратишга талоқ деб айтилади.
Махсус лафздан мурод талоқ ёки унинг маъносини англатувчи лафздир.
Никоҳни кетказиш эса, никоҳ ақдини ечиб, орадаги маънавий боғланишни йўқотиш деганидир. Бу уч талоқ ила юзага келиб, ундан сўнг талоқ қилинган аёл ўзини талоқ қилган кишига ҳалол бўлмай қолади.
Ҳалоллигини нуқсонга учратиш, дегани эса, бир талоқ қўйса, уч талоқ ҳақидан битта камайиб, хотиннинг унга ҳалоллиги нуқсонга учраган бўлади.
Қолаверса, талоқнинг сони уч талоқ билан чегаралаб қўйилган. Уч талоқдан кейин хотин бошқа эрга тегиши лозим бўлиб қолади.
Ислом дини талоқ ҳақини эркак кишига берган. Чунки эркак киши оила раҳбари ҳисобланади. Оиланинг обрўси унинг обрўси билан чамбарчас боғлиқ. Шунинг учун оилани бузишдан олдин эркак киши кўп ўйлайди. Болалар ҳам отанинг номида бўладилар, бу масала ҳам эркакни иложи борича оилани сақлаб қолишга ундайди. Оила қуриш учун барча ҳаракатларни ва сарф-харажатларни ҳам эркак қилади. Хотинга маҳр беради, уй-жой ҳозирлайди, тўй қилади ва ҳоказо. Агар у хотин қўйиб яна янгидан уйланадиган бўлса, бу савдолар ҳам янгидан бошланади.
Энг муҳими, мусулмон эр иложи борича талоқ қилмаслик руҳида тарбия топган бўлади. Умуман, Ислом жамиятида талоққа энг нохуш нарса сифатида қаралади.  Зеро талоқ ҳадиси шарифда таъкидланганидек, Аллоҳ энг ёмон кўрган ҳалол нарса ҳисобланади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ менинг умматимдан ўзига ўзи, ичида гапирганини, модомики талаффуз қилиб айтмаса ёки амалга оширмаса, кечиб юборди», дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
Ушбу ҳадиси шарифга биноан, биров ичида хотинимни талоқ қилдим, деса, талоқ тушмайди. Аммо овоз чиқариб айтса, талоқ бўлади. Бир киши ўз хотинига сен талоқсан, деса, талоқ тушади. Ундан нимага, нима ниятда бу гапни айтдинг, деб сўраб ўтирилмайди.
Шунингдек, гапира олмайдиган одам ишора билан талоқ қилса ҳам талоғи тушади.
Хат ёзиш йўли билан талоқ қилса ҳам тушади.
Бировни хабарчи қилиб юбориб, ўша орқали талоқ хабарини етказса ҳам талоқ тушади.
Агар бир одамнинг эси ўз ихтиёри ила қилган тасарруфи туфайли кетган бўлса, мисол учун, маст қилувчи ичимликлар ичгани, наша, қора дорига ўхшаш нарсалар истеъмол қилгани учун эсини йўқотган бўлса, талоғи тушади.
Шунинг учун бу нарсада жуда ҳам эҳтиёт бўлиш керак.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уч нарсанинг жиддийси ҳам жиддий, ҳазили ҳам жиддий: никоҳнинг, талоқнинг ва ражъатнинг», дедилар».
Абу Довуд, Термизий ва Ҳоким ривоят қилишган.
Ораларида никоҳ тўғри бўладиган кишилар ҳазиллашиб, ақди никоҳ қилсалар никоҳ собит бўлади. Худди шунингдек, ҳазиллашиб қилинган талоқ ҳам тушади. Хотинини бир ёки икки ражъий талоқ қилиб юрган одам идда ичида сени ўзимга қайтариб олдим, деса, ражъат-қайтиш ҳам собит бўлади.
Чунки бу ҳолларда ўзи билиб туриб, қасд қилиб айтган бўлади. Ислом ҳаётга, хусусан, оилавий ҳаётга жиддият билан қарайди. Эр-хотин орасидаги никоҳ алоқасини муқаддас алоқа сифатида кўради. Муқаддас нарсаларни ҳазил-ҳузулга айлантириш эса умуман мумкин эмас. Ушбу маъноларни ҳар бир мусулмон аёл ва эркак яхши тушуниб олмоғи ва ҳаётга татбиқ қилмоғи керак. Аёллар эрларига итоатсизлик қилиб, уларга қарши бош кўтармасинлар, ўз чегараларида туриб, эрларини фавқулодда чора кўришга мажбур қилмасинлар. Эрлар эса, хотинларига яхши муомалада бўлсинлар, мабодо аёллардан баъзи бир хатолар ўтса сабр қилиб, кечиримли бўлсинлар. Ана ўшанда мусулмонларнинг яхшиларидан бўладилар.


Садуллаев Сирожиддин,
Мир Араб ўрта махсус 
ислом билим юрт мударриси