08.11.2021

Динда ихтилофлар ва уларнинг ечими

Базида ҳаётда шундай бир ишлар содир бўладики Аллох паноҳ берсин бутун ҳаётимиз издан чиқиб ўзимиз ўйламаган ва билмаган даражада адашиб кетишимизга сабаб бўлади. Ислом дини гўзал ахлоқлар, чиройли тарбия, исталган инсонга ўрнак бўладиган наъмунали хулқ, бутун оламни ёритишга кучи етадиган нурафшон нур сингари фақат ва фақат яхшиликка етакловчи меҳр - оқибат динидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллоллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари эса мана шу динимизни мукаммал англашимиз ва унга янада гўзал зеб - зийнат бериш учун хизмат қиладиган энг мукаммал гўзал ахлоқлар йиғиндисидир.
Лекин минг афсуслар бўлсинким азал азалдан биз мусулмонларнинг бирдамлигимиз ва гўзал маданиятимизни кўра олмай шу эътиқодимизни йўқ қилишга уриниб келаётган кўплаб қарши кучлар мавжуддир. Айниқса, бугунги оммавий ахборот воситалари ва уларга бўлган талаб ортган бир даврда динимиз душманларининг ҳаракатлари ҳам анча жадаллашиб қолди. Уларнинг оммавий ахборот воситаларида қилаётган чиқишлари, ҳаракатлари кўплаб биродаларимизнинг адашиб кетишларига сабаб бўлмоқда. 
Хўш, улар буни қандай амалга оширишмоқда? 
Бунинг асосий сабаблари юртимизнинг рус истеълочилари томонидан босиб олинган даврга бориб тақалади. Айни ўша даврдаёқ халқ орасида диний соҳа вакилларининг обрўсизлантирилиши, юртимиздаги динимиз устунлари бўлиб хизмат қилиб келган илмли, олим инсонларнинг турли туҳматлар билан қўлга олинганлиги, етакчи устозларсиз қолган юртимиз мусулмонларининг диний илмларни эгаллашига тўсиқ ўлароқ динимиз ривожига салбий тасир кўрсатган. Шу воқеаларнинг таъсири сабаб бугунги кунга келиб мусулмонлар орасини бузиш, эътиқодимизни синдиришни ният қилган кимсалар мусулмонлар орасида турли хил ихтилофли масалаларни юзага келтириш орқали маълум бир миқдорда бунга эриша олаяптилар десак хато бўлмайди. Улар бу ғаразли мақсадларини бугунги кунда ижтимоий тармоқлар орқали эътиқодимизни бузувчи ихтилофли масалаларни одамларимиз онгига сингдириб, улар орасида фитна чиқариш орқали амалга оширишмоқда. Одамларимиз аҳли сунна вал жамоа эътиқодинининг шарт-шамоилларини тўлиқ билмасликлари, халқ орасида маҳалла имомларининг ҳурматсизликлари сабаб ўзларида юзага келган турли хил саволларга жавобни шу соҳа вакиллари бўлган устоз имомларимиздан сўрамасдан ижтимоий тармоқлардаги турли хил ишончсиз манбалардан излашлари уларнинг юқорида зикр қилинган шахсларнинг домига тушишларига сабаб бўлиб келмоқда.
Нима қилиш керак?
Юртимиз мусулмонлари орасида юзага келаётган ва юзага келиши мумкин бўлган ихтилофдарнинг асосий қисми фиқҳга бориб тақалади. Бизнинг фиқҳдан узоқлашганлигимиз ва зарур илмларни эгалламаганлигимиз ушбу муаммолар ривожига хизмат қилмоқда.
Бу муаммоларнинг ечими ўлароқ биз авваламбор халқимизнинг илмий салоҳиятини оширмоғимиз зарурдир. Диний илмларни ҳар томонлама халқимиз онгига сингдира олишимиз зарур бўлади.
Юқорида зикр қилинган омилларни эътиборга олган ҳолда авваламбор фиқҳ илмини ўрганиш ўтган буюк фақиҳларимиз қолдирган улкан илмий меросдан унумли фойдаланиш ва мусулмонлар оммасига билимни замон руҳига мос равишда етказишни илмий ва тўғри равишда йўлга қўйишимиз зарур бўлади, ана шунда фиқҳий масаладаги ихтилофлар ҳам барҳам топиши учун катта бир қадам қўйилган бўлади иншааллоҳ. Умуман олганда эса мусулмонлар иложи борича диний саводларни ўстириш устида ишламоқлари керак. Аҳли илмлар илмни пухта эгаллаш пайида бўлишлари, кишиларни ихтилофга солиш ўрнига уларни ихтилофдан чиқариш ҳақида қайғуришлари лозимдир. Агар баъзи бир масалада турли фикрда бўлиб қолсалар уни дарров халқ оммасига олиб чиқмасдан аввал ўзлари илмий мажлисларда ҳал қилиб бир фикрга келганларидан кейингина кўпчиликка эълон қилишлари керак. Шу билан бирга фуқароларимиз ҳам ўзларида юзага келган турли хил саволли масалаларни масъул дин ходимларидан, диний олимларимиздан ва ишончли манбаалардан сўраб билишлари зарур бўлади. Қисқасини айтадиган бўлсак ҳаммамиз бир тану бир жон бўлиб ихтилофга қарши курашмоғимиз, унга олиб борадиган ҳар бир йўлни,сўқмоқни яхшилаб тўсмоғимиз зарур.

Раҳматов Баҳодир,
Мир Араб ўрта махсус 
ислом билим юрти мударриси