03.11.2021

Саримсоқ сабабли Исломга кирган оташпараст

Ривоят қилишларича, Бухорои шарифда Абу Ҳафс Кабир деган зот бор эди. Ҳазрат Абу Ҳафс таълим олиб Бухорога қайтганида аёли деди: “Улуғ имом, энди сиз инсонларга ваъз айтасиз, уларни яхшиликка чақирасиз, таълим берасиз. Бир ўйлаб кўринг, қачондир бирор инсоннинг ҳақини емаганмисиз? Бордию еган бўлсангиз, илмингиздан бирор киши манфаат ололмайди”.
Шунда имом: “Ёшлик пайтимда бир оташпарастнинг боғидан бир дона гандуно (яшил саримсоқ) баргидан эгасининг рухсатисиз егандим”, – деди.
Аёл эрига боғ эгасини рози қилиши зарурлигини айтди. Абу Ҳафс оташпарастни қидириб топди, сўрамасдан тановул қилган нарсанинг ризосини сўради. Оташпараст бу зотнинг ҳаллолигидан фойдаланиб, гандунонинг қиймати юз дирҳам бўлишини айтди, ваҳоланки, бир дирҳамга ундан неча боғ берарди. Имомнинг тақвоси у пулларни беришни хоҳлади ва эртаси кунгача муҳлат сўради. Оташпараст бўлган воқеани тезда аёлига етказди, буни эшитган аёл ўрнидан сакраб турди ва эрига дашном берганча деди: “Уни бизга келтирган нарса ҳақ динидир. Бўлмаса, нима учун бир гандунони деб бизнинг олдимизга келиб шарманда бўлсин?”
Эр-хотин тезда Абу Ҳафснинг олдига келди ва ҳақ динга толиб бўлди.
Шундан сўнг у кишининг таърифини эштган ва суҳбатларида ўтирган кишилар диннинг тобелари бўлди. Айтадиларки, Абу Ҳафс туфайли шаҳарда бирорта оташпараст қолмади, барчаси Исломни қабул қилди.

“Маслакул муттақин” китобидан
Дилшод Алиев