Буғдой сотувчиси
Бир киши сотиш учун бозорга буғдой келтирди. Кеч кирди, ҳамма молларини сотиб тугатди, аммо бунинг буғдойига ҳеч ким харидор бўлмади. Сотувчи халтасини олиб кетиш ғамида экан, машойихлардан бирининг йўли бозорга тушиб, буғдой сотувчисидан сўради:
– Болам, бу не ҳолдир, молингни сотмадингми? Қара, бозордагилар нарсаларини йиғиштирмоқда.
Бечора одамнинг боши эгик ҳолда ғам чекмоқда эди:
– Менинг молимни сотиб оладиган бирор киши чиқмади.
Шайх ҳазрат ердан бир-икки ҳовуч тупроқ олиб, буғдойга қўша бошлади ва деди:
– Болам, ғам ема, албатта, молингга харидор чиқиб қолади.
Одам шайхнинг бу ишига эътироз билдираркан, ёнига бир киши келиб, унинг молини сотиб олмоқчи бўлди. Сотувчи табассум ила у ердан айрилаётган шайхнинг этагидан тутиб:
– Бу қандай ҳолдир, ҳазратим? – дея сўради.
– Болам! Ҳар бир пул лойиқ бўлган нарсасига сарфланади.
Оламларнинг Рабби бўлган, Раззоқ сифатининг эгаси бўлган зот барчаларимиз учун ҳалол ризқ эшикларини очиб берган. Биз ҳалол ризқ пайида бўлсак, Аллоҳ бизга ризқ қилиб берган нарсалари ҳалоллик йўлида ишлатилади, акси бўлишидан Аллоҳ паноҳ берсин.
Таржимон: Дилшод Алиев