14.10.2021

Ҳанафий мазҳабида «Фотиҳа»дан кейин оминни айтиш масаласи

Намозда Фотиҳа сурасидан кейин омийннинг айтилишига барча мазҳаб уламолари бирдек иттифоқ қилишган. Улар ушбу сўзларига қуйидаги ҳадиси шарифни далил қилиб келтиришади:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон имом (Фотиҳа сурасини ўқиб бўлгандан кейин) «омин» деса, сизлар ҳам «омин» денглар. Чунки кимнинг омини фаришталарнинг оминига мувофиқ келса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади», дедилар». (Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насаий ривоят қилган).
Аммо мазҳаб уламолари ўрсасида омийнни жаҳрий айтиш керакми ёки махфий атиш керакми деган савол кўндаланг турибди. 
Ҳанафий мазҳабида ҳар қандай намозда махфий айтилади. Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳабларида қироати махфий бўлган намозларда омин ҳам махфий айтилади, қироати ошкора намозларда омин ҳам ошкора айтилади, дейилган.
Малумки, Ўрта Осиё халқлари минг йиллардан бери ҳанафий мазҳабига амал қилиб келади. Аҳли сунна вал-жамоа саналган тўрт фиқҳий мазҳаб ичидан ҳанафий мазҳабига амал қилиш бизнинг диёрда вожиб даражасига етган. Шуни кўп уламолар таъкидлайдилар. Чунки бу минтақада бошқа мазҳаб олимлари ҳам, китоблари ҳам топилмайди.
Ҳанафий уламолар намозда “Фотиҳа” сурасидан кейин, “омин”ни махфий (овоз чиқармасдан) айтишга бир қанча далилларни келтириб ўтишган:
Аллоҳ таоло Қуръони каримда дуони махфий қилишга буюрган:

ادْعُوا رَبَّكُمْ تَضَرُّعًا وَخُفْيَةً إِنَّهُ لَا يُحِبُّ الْمُعْتَدِينَ

“Раббингизга зорланиб ва хуфёна (овозсиз) дуо қилингиз! Зеро, У (дуода ва бошқада) ҳаддан ошувчиларни ёқтирмагай” (Аъроф сураси, 55-оят).
“Омин” лафзи дуо бўлиб, “ижобат қил”, “дуони қабул қил”,деган маъноларни англатади. Демак, “омин”ни ичимизда айтсак, мазкур оятга амал қилган бўламиз.
Яна бир далил:

عَنْ عَلْقَمَةَ بْنِ وَائِلٍ رضي الله عنه عَنْ أَبِيْهِ: "أَنَّهُ صَلَّى مَعَ رَسُولِ اللهِ صلى الله عليه وسلم فَلَمَّا بَلَغَ غَيْرِ الْمَغْضُوبِ عَلَيْهِمْ وَلاَ الضَّالِيْنَ قَالَ: آمِيْنْ وَأَخْفَى بِهَا صَوْتَهُ")    رواه الإمامُ أحمدُ والإمامُ أبو داودَ الطيالسيُّ والإمامُ أبو يَعلى الموصلي والإمامُ الدارقطني والإمامُ الحاكمُ(

Алқама ибн Воил оталаридан ривоят қиладилар, оталари Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам билан намоз ўқидилар. Пайғамбаримиз “ғойрил мағзуби ъалайҳим валаззоллин”га етганларида оминни овоз чиқармасдан айтдилар (Имом Аҳмад, Имом Абу Довуд, Имом Абу Яъло, Имом Дорақутний, Имом Ҳоким ривоятлари).
 
عَنْ أَبِيْ وَائِلٍ رضي الله عنه قَالَ: "كَانَ عَلِيٌّ وَابْنُ مَسْعُودٍ لاَ يَجْهَرَانِ بِبِسْمِ اللهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيْمِ وَلاَ بِالتَّعَوُّذِ وَلاَ بِآمِيْنَ")  رواه الإمامُ الطبراني(

Абу Воил разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Али ва Абдуллоҳ ибн Масъудлар “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм”ни ҳам, “аъузу”ни ҳам, “омин”ни ҳам овоз чиқариб айтмас эдилар” (Имом Табароний ривояти).
Бошқа бир ривоятда ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу ҳам “омийн”ни ичларида айтиб намоз ўқишлари таъкидланади. Ҳанафий уламолар худди шу маънодаги, лекин бошқа саҳобаи киромларнинг номлари зикр қилинган ривоятларни ҳам келтирадилар.

عَنْ إِبْرَاهِيْمَ النَّخَعِي قَالَ: "أَرْبَعٌ يُخْفِيْهِنَّ الْإِمَامُ اَلتَّعَوُّذُ وَبسم الله الرحمن الرحيم وَاَللَّهُمَّ رَبَّنَا لَكَ الْحَمْدُ وَآمِيْنْ)  "رواه الإمامُ عبدُ الرزاق في مُصَنَّفِهِ وإسنادُه صحيحٌ(

Иброҳим Нахаийдан ривоят қилинади: “Тўрт нарсани имом овозини чиқармасдан айтади: “Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожим”, “Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим”, “Роббана лакал ҳамд” ва “Омин”” (Имом Абдурраззоқ “Мусаннаф” номли китобида ривоят қилган. Исноди саҳиҳ).
Кўриб ўтганимиздек, ҳанафий уламолар ҳар бир амалларини далиллар асосида қуришган. Айтиб ўтилган ва бундан бошқа қатор далиллар бунга яққол гувоҳдир. Шундай экан, биз ота-бобомизнинг йўлидан юриб, оят ва ҳадисларга қулоқ тутиб, юртимизда анъанага айланган урф-одатларга, ҳанафий мазҳабининг қонун-қоидаларига риоя этган ҳолда иш тутишимиз ҳар қандай ҳолатда шарт ва лозимдир.

Абдулбосит Раҳимов,
Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударриси