ҚУРОН ТИЛОВАТИДА МАҚОМОТ
Мақом луғатда “ўрин”, “даража” каби маъноларни англатади. Мақомот илми истилоҳида мақом деганда махсус мезон асосида тартиб топиб, муайян оҳангни ифода этувчи овоз тизими тушунилади. Мисол тариқасида олсак, хўрознинг қичқириғи сабо мақомини, шернинг ўкириши рост мақомини ифода этади.
Лаҳн-муайян тизимдаги оҳанг бўлиб, унинг кўплиги алҳон билан луҳун бўлади. Қироатдаги лаҳн деганда уни оҳанг билан ўқиш тушунилади.
Нашоз-овоз тизгинини бошқаролмаслик сабабли бир мақомдан бошқасига бетартиб ўтиб кетиш. Бу ҳолда оҳанг бузилиб тингловчидаги роҳатни кетказади.
Қарор-овоз оҳангининг тебраниш даражаси пастлиги. Яъни овознинг қуйи пардада талқин этилиши. Одатда қорилар қироатнинг бошланишида қарорда тиловат қиладилар.
Жавоб-қарордан кейинги босқич бўлиб, бу босқичда овоз оҳангидаги тебранишлар сони ортади. Жавоб қарордан кўра юқорироқ пардада жойлашади. Жавоб босқичидаги оҳанг воқеа, қисса ёки мавзунинг тугал бўлмаганини балки давоми борлигини англатади.
Муарриф-ҳар бир мақомнинг бошланғич оҳанги бўлиб, у биз учун маълум бир мақомда комил тарзда қироат қила олишимиз учун замин ҳозирлайди. Унинг воситасида мақомни учта босқичи билан тиловат қилишга киришилади.
Қуръони карим тиловатида қўлланадиган мақомлар етти мақомдан иборат бўлиб, улар қуйидагилар: 1-Сабо, 2-Наҳованд, 3-Ажам, 4-Баёт, 5-Сига, 6-Ҳижоз, 7-Рост.
Бу мақомларнинг ҳар бири алоҳида оҳанг бўлиб, бир-биридан фарқ қилади. Ана шу оҳангларни ўрганиш, кўп эшитиш ва зеҳнда сақлаш билан бўлади. Мазкур илмни пухта эгаллаш учун бу илмда мутахассис бўлган устозларнинг дарсларини тинглаш ҳамда турли мақомларда ўқилган ояти карималарни такрор ва такрор эшитиш лозим бўлади. Шуни алоҳида айтиш керакки, ҳар бир мақом оҳанги ўзига хос ҳис-туйғу ва руҳиятни ифода этади. Шунинг учун уларни Қуръон тиловати қўллаш жараёнида оятларнинг маъносига аҳамият қаратилиши ва анашу маънога мос ҳиссиётни ўзида қамраган мақомнинг оҳангини ихтиёр этмоқ мақсадга мувофиқдир. Шу жумладан истаган мақомдаги оҳангни ҳар қандай оятни тиловатида қўллаш ҳам ярамайди. Акс ҳолда оятнинг мазмунидан юзага келадиган ҳиссиёт билан оҳангнинг зимнидаги ҳиссиёт орасида номутаносиблик юзага келади. Демак, бундай ҳолатдан сақланмоқ учун тиловат қилувчи ўқиётган оятларининг маъносини биимоғи ва шу билан биргаликда ҳар бир мақом қайси мазмундаги ҳиссиётни ифода этишидан хабардор бўлмоғи шарт. Мисол тариқасида олсак, жаннат ва унинг неъматлари ҳамда мўминларга яхшилик башоратини берувчи оятлар инсонда умид ва қувонч-шодлик каби туйғуларни уйғотгани учун бундай оятларни худди шундай туйғуларни ўзида қамровчи наҳованд мақомида тиловат қилинади. Сабо ёки ҳижоз каби мақомларда бундай мазмундаги оятлар тиловат қилинмайди. Чунки бу иккала мақом азоб, шиддат ва маҳзунлик каби ҳиссиётларни ўзида мужассам этади. Бундай мақомлар билан ана шу мазмунни ифода этувчи оятлар қироат қилинади.
1.Сабо
Сабо мақомида ҳазин маъноларни ифодалайдиган оятлар ўқилади.Бунга ҳасрат-надомат, хавф, маҳзунлик, қайта тирилиш, жаҳаннамдаги азоблар каби аламли ҳолатларга далолат қиладиган оятларни мисол қилиш мумкин. Ушбу оҳангдаги тиловат тингловчида Аллоҳ таолодан қўрқув, содир этган гуноҳларига надомат чекиш каби ҳиссиётларни жумбушга келтиради. Ушбу мақомнинг юқоридаги таъсирлари овознинг юқори пардасида янада ёрқинроқ нқмоён бўлади. Мазкур мақом ажам мақоми билан осон боғланади. Қолаверса у бошқа мақомлар билан ҳам энгил тарзда боғланади.
2.Наҳованд
Наҳованд мақоми сурур, шодлик, меҳр-шафқат каби мазмунларни ўзида мужассам этади. Наҳованд мақомида ана шундай мазмунларга далолат қиладиган оятлар тиловат қилинади.
3.Ажам
Ажам мақоми куч-қувват, улуғлик, ҳайбат каби сифатларни ўзида қамровчи оҳанглардан иборат.Шу жиҳатдан Аллоҳ таолонинг исм ва сифатларини ўзида жамлаган оятлар ушбу мақомда ўқилади. Мазкур мақом сабо ва рост мақомларидан сўнг ўқилса, оҳангллар орасидаги боғлиқлик осон амалга ошади. Куч-қудрат, улуғликга далолат қиладиган оятлар бошқа мақомлардан кўра ажам мақомида ўқилиши мақсадга мувофиқдир.
4.Баёт
Баёт мақоми қувват, барқарорлик, қудрат,олийлик, раҳм-шафқат, фазлу-марҳамат, лутф, майинлик, маҳзунлик ва шодлик каби кўп ҳиссиётларни ўзида қамрайди. Бир сўз билан айтганда баёт мақоми барча ҳиссиётларни ифодаловчи оҳанглардан иборат. Шунинг учун ҳар қандай оятни ушбу мақомда тиловават қилиш мумкин. Мазкур мақом шу даражада кенг қамровлики, унинг оҳанглари барча мақомлар билан осон боғланади. Шу жиҳатдан уни барча мақомлар билан бирга қўллаш мумкин.
5.Сийга
Сийга мақоми улуғлик, олийлик, қувват, куч-қудрат, маҳзунлик каби ҳиссиётларни ифодалайди. Ушбу мақом кўпгина ўринларда қўллаш мумкин.
6.Ҳижоз
Ҳижоз мақоми Арабисттон яриморолидаги Ҳижиоз ўлкасига нисбат берилиб шу ном билан аталган. Бу мақом қолган мақомлар орасида хушу ва тазарруни ифодалашда яққол ажралиб туради. Унда маҳзунлик, Аллоҳ таолога зорланиш, илтижо, қўрқув каби ҳазин оҳанг мужассам. Бу жиҳатдан у сабо мақомига ўхшайди. Ҳижоз мақомида ҳам худди сабо мақомида келтирганимиздек, азоб, шиддат, ваийд, ўкинч каби ҳиссиётларга далолат қилувчи оятлар қироат қилинади.
7.Рост
Рост мақоми кук-қудрат, ҳайбат, виқор, салобат, барқарорлик каби кўп мазмунларни ифодалайди.Ундан олдин баёт, наҳованд, ҳижоз мақомларини, ундан кейин эса сабо, баёт, сийга ва ажам мақомларини келтириш мумкин. Одатда у баёт мақомидан кейин қироат қилинади. Шунингдек н мақомни ҳам тиловатда миҳвар қилиб олиш мумкин.
МИР АРАБ ЎРТА МАХСУС ИСЛОМ БИЛИМ ЮРТИ
МУДАРРИСИ ТОЖИДДИНОВ АБДУСАМАД АБДУЛБОСИД ЎҒЛИ