АҚИДАДА АДАШМАЙЛИК!
“Ақида” сўзининг ўзаги луғатда “ақд” яъни “тугиш”, “боғлаш”, “маҳкамлаш” маъноларини англатади. “Ақида” сўзининг шаръий атамаси эса “бирор нарсага шак-шубҳасиз даражада қатъий ишониш”га айтилади. Демак, ақида қалбда содир бўладиган жараён бўлиб, у инсон қалбидан ишонган, ўзи учун эътиқод қилиб олган нарсаларга айтилади. Агар ўша қатъий ишонган нарсаси тўғри бўлса, у тўғри ақида ҳисобланади. Агар нотўғри бўлса, ботил ақида саналади. Худди Аҳли сунна вал жамоа ақидаси – тўғри ақида ва адашган фирқалар ақидаси эса – ботил ақида деганга ўхшаб.
Ақида илми – охиратда нажот топишда аҳамиятли эканлиги сабабли ҳар бир киши ўрганиши вожиб бўлган илмдир. Кимнинг ақидаси тўғри бўлса, имони тўғри бўлади ва охиратда омонда бўлади. Кимни ақидаси тўғри бўлмаса, бунинг акси бўлади.
"Ақоид" илмининг асосий ғояси ва кўзлаган мақсади бандаларнинг динга бўлган ишончини, диний эътиқодларини мустаҳкамлаш ҳамда улар тўғрисидаги барча шак-шубҳалардан муҳофаза қилиш, энг муҳими, бошқа барча шаръий илмлар каби бандаларни икки дунё саодатига мушарраф қилишдир. Шy сабабли соф исломий ақийда, банданинг бу дунёда соғлом инсон табиатига хос ҳаёт кечириб, охиратда ҳам саодатманд бўлишига сабаб бўладиган асосий омил саналади.
Бу хусусда улуғ мутасаввиф олим Сўфи Оллоҳёр:
Диёнат беҳидур (илдизидур) илми ақоид
Томурсиз шоха сув бермак на фоид
дея ақоид илми динимизнинг асосий илдизи эканлиги, бу илдиз асосида бажарилмаган амаллар бандага ҳеч қандай наф келтирмаслигини баён қилганлар.
Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ: “Фиқҳдан олдин ақида илмига буюрилдик”, – деганлар. Имом Aбу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ эса: “Ақидада билимдон бўлиш фиқҳий аҳкомларда билимдон бўлишдан афзалроқдир”, – деганлар.
Энг аввало, қалбда ақида асослари ўрнашмас экан, шариат аҳкомларини бажаришдан фойда бўлмайди. Зеро, улуғ машойихларимиздан Сўфи Оллоёр айтганларидек:
“Ақида билмаган шайтона элдир,
Агар минг йил амал деб қилса – елдир”.
Бандаликнинг асосий таянчи ақийда ва иймонни тўғри бўлишидадир. Чунки, ақийдасига путр етган, иймонига бузуқлик ориз бўлган кишининг ибодати қабул бўлмайди ва қилган амали тўғри бўлмайди. Кимники, ақийдаси тўғри бўлса, иймони мустақийм бўлса, оз амали ҳам кўп бўлади. Яъни, Аллоҳ таоло унга ақийдаси ва иймони баракотидан нажот беради. Шунинг учун ҳам ҳар бир мусулмон ўз иймонини тўғри тутиши ва ақийдасининг саҳиҳ бўлиши учун тинмай уриниши лозим. Тўғри ақийдали бўлиш унинг ғояси ва бирдан бир сўрови бўлиши зарур.
Инсон эриша оладиган энг зўр маданият, бу - ишонч-эътиқоддир, уни ҳеч ким тортиб ололмайди. (Гёте)
Ҳозирги айрим ёшларимизнинг ақидавий билими ўта саёз экани маълум бўлиб қолмоқда. Имон-эътиқод, ўтган пайғамбарлар ва нозил қилинган илоҳий китоблар ҳақидаги оддий саволларга кўпчилик ёшлар жавоб бера олмаётгани жуда ачинарли ҳолдир. Аслида бу бир пайтлар аждодлари бутун дунёга аҳли сунна ақидасини таълим берган халқнинг бугунги кундаги авлодларига ярашмайди. Ваҳоланки, буларни билишлик ва ҳақ дея эътиқод қилишлик – ҳар бир мусулмонман деган кишининг зиммасида фарзи айндир. Бу нарса барча ота-оналарни ташвишга солиши керак. Зеро, фарзандларимизнинг имон-эътиқоди борасида Охиратда – Аллоҳ таолонинг ҳузурида масъулмиз!
Шундай экан, ўзимиз динда билишимиз ва эътиқод қилишимиз зарур бўлган илмларни ўрганиб, фарзандларимиз ва аҳли оиламизга ўргатишимиз лозим! Фарзандларимиз қалбида Ислом ақидасини мустаҳкам сингдиришимиз даркор! Мана шунда уларга турли хуружлар таъсир қилолмайди. Келажак авлодимиз учун хатарга айланаётган – миссионерлик, даҳрийлик, бесуннатлик (ҳадисни инкор қилувчилар) каби тоифа тарафдорларининг қарашлари ва шубҳалари уларни йўлдан оздиролмайди!
Мир Араб ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси
А.Нажмиддинов