27.09.2021

Аллоҳни зикр қилишнинг жавоби

Бир киши ҳар доим “Аллоҳ, Аллоҳ” дея зикр айтар ва бу зикр билан оғзи тотли бўларди.
Кунларнинг бирида шайтон келиб унга деди:
– Нима учун бунча вақтдан бери тўхтамай “Аллоҳ, Аллоҳ” деяпсан? Бунча зикрдан кейин сенга Аллоҳ томонидан “Лаббай, қулим” деган жавоб келдими? Зикрдан чарчамадингми? Яна қанча “Аллоҳ” деб турмоқчисан?
Бу сабабдан зокир киши хафа бўлди ва зикрни тарк қилди. Кўнгли синган ҳолда ухлаб қолди. Уйқусида Ҳизр алайҳиссаломни кўрди, у зот ундан сўради:
– Нима учун у гўзал ишингни – “Аллоҳ, Аллоҳ” деб айтадиган зикрингни тарк қилдинг?
– Бунча қилган зикримга бирор жавоб ололмадим. “Лаббай, қулим” деган жавоб келмади. Қўрқдимки, менинг зикрим фойдасиз экан.
– Сенинг “Аллоҳ” деб зикр қилишинг, Аллоҳ таолонинг “Лаббай, қулим” деганидир. Аллоҳ таоло ўзининг исмини зикрини ҳаммага ҳам насиб қиладими? Буни сенга насиб этиши оз нарсами?..

Форсчадан Дилшод Алиев таржимаси