30 йилда 30 ислоҳот
Яратганнинг чексиз марҳамати ва биз бандаларга кўрсатган инояти туфайли она ватанимиз ҳуррият шабадасидан баҳраманд бўлганидан буён тарихан қисқа давр мобайнида мамлакатимизда кўплаб ислоҳотлар амалга оширилди. Серқуёш юртимиз ҳар томонлама ривожланди, жаҳонга танилди, дунё ҳамжамиятида ўз ўрнига эга бўлди, фидойи халқимизнинг елкасига офтоб тегди, миллий қадриятларимиз тикланди, диний эътиқодимиз ўзимизга қайтарилди, аждодларимизнинг ким эканликларини танидик, уларнинг илмий меросларидан баҳраманд бўлдик. Сиёсий, иқтисодий, маънавий, маърифий соҳаларда мисли кўрилмаган ўзгаришлар рўй берди.
Жумладан, диний соҳада ҳам кўплаб янгиликлар, енгилликлар ва ривожланиш юзага чиқди. Тўғриси, уларни санаб саноғига етиш душвор. Шундай бўлса-да, биз қуйида Истиқлолнинг 30 йили даврида амалга оширилган диний соҳадаги энг асосий 30 та ислоҳотни келтириб ўтишни мақсад қилдик:
1. «Вақф» хайрия жамоат фонди ташкил этилди;
2. Ўзбекистон «Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти» (АЙСЕСКО)га аъзо бўлди;
3. «Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти» (АЙСЕСКО) томонидан 2007 йил Тошкент ва 2020 йил Бухоро шаҳарларига ислом олами маданияти пойтахти унвони берилди;
4. Республикамизнинг барча вилоятларида Араб тилини ўрганиш курслари фаолияти йўлга қўйилди;
5. Аэропорт, вокзал, меҳмонхона, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари каби жойларда намозхоналар очилди;
6. «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири қабул қилинди;
7. Дин ишлари бўйича қўмитанинг вилоятлардаги диний бошқармаси ташкил этилди;
8. Диний мазмундаги адабиётлар, жумладан, Қуръони карим китоби нашр этила бошлади;
9. Диний мазмундаги сайт ва телеграм каналлари орқали халқимизга шариат аҳкомлари, динимиз қоидалари, амри маъруф ва наҳйи мункарлар етказиб берилмоқда;
10. Диний саволларга жавоб берувчи Колл-марказ иш бошлади;
11. Узоқ йиллар қаровсиз қолган, харобага айланиб улгурган кўплаб зиёратгоҳ, тарихий обида ва қадамжолар обод этилди;
12. Олий ва ўрта махсус ислом билим юртлари битирувчиларига бериладиган дипломлар давлат таълим ҳужжати сифатида эътироф этилди ҳамда ана шу ҳужжат (диплом)ларга эга бўлган шахсларга давлат олий таълим тизимида ўқишни давом эттириш ҳуқуқи берилди;
13. Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфида бир қанча ўрта махсус ислом билим юртлари очилди;
14. Ўзбекистон Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ)га аъзо бўлди;
15. Ислом цивилизация маркази ташкил топди;
16. Ўзбекистон Ислом тараққиёт банки (ИТБ)га аъзо бўлди;
17. Ислом цивилизация ҳамда ислом билим юртлари қошида Қуръони каримни ўрганиш курслари ташкил этилди;
18. Олий ва ўрта махсус ислом билим юртларида қабул квоталари оширилди;
19. Масжидлар сони кескин даражада кўпайди;
20. Бухорода Мир Араб Олий мадрасаси очилди;
21. ОАВларида диний-маърифий мазмундаги кўрсатувлар намойиш этилиши йўлга қўйилди;
22. Рамазон ва Қурбон ҳайитлари байрам сифатида нишонланадиган бўлди ва бу кунлар дам олиш кунлари сифатида белгиланди;
23. Тасаввуф, фиқҳ ва ақида мактаблари ташкил этилди;
24. Тошкент ислом институти тасарруфида Таҳфизул Қуръон кафедраси фаолияти йўлга қўйилди;
25. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Дин ишлари бўйича қўмита ташкил этилди;
26. Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий каби Халқаро илмий-тадқиқот марказлари фаолияти йўлга қўйилди;
27. Халқаро ислом академияси ташкил этилди;
28. Самарқандда Ҳадис илми мактаби очилди;
29. Ҳаж ва умра квоталари оширилди;
30. Ҳидоят, Ислом нури, Мўминалар, Ҳилол каби қатор газета ва журналлар нашри йўлга қўйилди...
Бу санаб ўтганларимиз хамир учидан патир холос. Аллоҳ таолодан илтижо қилиб сўраймизки, юртимизнинг довруғи оламга достон бўлсин. Мамлакатмизнинг ҳар бир гўшасида буюк аждодларга муносиб ҳақиқий ворислар етишиб чиқсин. Ҳур ва обод Ўзбекистоннинг истиқлоли Қиёматга қадар давом этиб, барча жабҳада гуллаб яшнасин.
Эркин ҚУДРАТУЛЛОҲ,
Мир Араб ўрта махсус
ислом билим юрти мударриси