Муҳаррамда неча кун рўза тутилади?
Рамазон ойида бир ой рўза тутишимиз барчага аён. Чунки у зиммамиздаги фарздир. Бироқ айрим ойлар борки, у ойда рўза тутиш марғуб амаллар қаторига киради. Чунки унда рўза тутиш суннат ёки мустаҳабдир. Бироқ ҳаммамиз ҳам ўша кунларни аниқ билавермаймиз. Ана шулардан бири Муҳаррам ойи рўзасидир. Хўш, бу ойда неча кун рўза тутишимиз керак?
عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: أَمَرَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِصَوْمِ عَاشُورَاءَ يَوْمَ الْعَاشِرِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро рўзасини ўнинчи куни тутишга амр қилдилар» (Имом Термизий ривояти).
Шу ҳадисдан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, Муҳаррам ойининг Ашуро куни – ўнинчи куни рўза тутишимиз суннатдир.
عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: صَامَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَوْمَ عَاشُورَاءَ وَأَمَرَ بِصِيَامِهِ، قَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ إِنَّهُ يَوْمٌ تُعَظِّمُهُ الْيَهُودُ وَالنَّصَارَى، قَالَ: فَإِذَا كَانَ الْعَامُ الْمُقْبِلُ إِنْ شَاءَ اللهُ صُمْنَا الْيَوْمَ التَّاسِعَ، فَلَمْ يَأْتِ الْعَامُ الْمُقْبِلُ حَتَّى تُوُفِّيَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасини тутдилар ва у куннинг рўзасини тутишга амр қилдилар. Одамлар: «Эй Аллоҳниниг Расули, яҳудий ва насронийлар бу кунни улуғлайдилар-ку», дейишди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Янаги йил келса, иншааллоҳ, (ўнинчи билан бирга) тўққизинчи куннинг рўзасини (ҳам) тутамиз», дедилар. Келаси йил бўлмасдан туриб, У зот вафот этдилар» (Имом Муслим ва Абу Довуд ривояти).
Пайғамбар алайҳиссалом Мадинага келган вақтларида Муҳаррам ойининг 10-куни рўза тутдилар. Баъзи саҳобалар бу яҳудий ва насронийларга тақлидга ўхшаб қолаётганини айтишди. У зот эса буни яхши англаган ҳолда келаси йили ҳаёт бўлсалар 9-10-куни рўза тутишларини айтдилар. Бироқ келаси йили Муҳаррам ойига етмасдан, шу йили Рабиъул аввал ойида вафот этдилар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ашуро куни рўза тутинглар ва яҳудийларга хилоф қилинглар. Ундан олдин бир кун ёки ундан кейин бир кун қўшиб рўза тутинглар», дедилар» (Имом Аҳмад ривояти).
Шунга кўра, Ашуро кунининг рўзасига ундан олдин ёки ундан кейин яна бир кунни қўшиб рўза тутиш мустаҳабдир. Аксар уламолар бу кун фазилатли кунлардан ва бу фазилатлардан фойдаланиб қолиш мустаҳабдир деб, ёлғиз шу куни рўза тутишни ҳам макруҳ эмас, деганлар.
Нима бўлганда ҳам бу муборак ой давомида қанча кўп рўза тутилса, шунча яхши. Ҳар бир кунлик рўза ўз соҳибини жаҳаннамдан етмиш йиллик масофага узоқлаштириши ҳадисларда айтиб ўтилган.
Шунингдек, бу фазилатли ойни ғанимат билиб, 9-10-11-кунлари кетма-кет рўза тутган кишига улкан ажр-мукофотлар ато этилади. Имконияти бўлмаганлар 9-10-куни ёки 10-11-куни тутади. Бунга ҳам имкон тополмаганлар Ашуро куни – 10-куни рўза тутадилар.
ЭРКИН ҚУДРАТУЛЛОҲ,
Мир Араб ўрта махсус
ислом билим юрти мударриси