
МУЖОҲИД КИМ?
Бугунги кунда динимиз душманлари диннинг асл моҳиятини бузиб кўрсатиш, ундан ўз манфаатлари ва қабиҳ режалари йўлида фойдаланишга уринишлари дунёда авж оляпти. Бу ғаразли ҳаракатлар таъсиридан минтақамиз ҳам четда қолаётгани юқ. Кейинги пайтларда айрим диний сиёсий ва экстремистик кучлар динни сиёсийлаштиришга, шу йўл билан одамлар хусусан ёшлар онгига таъсир ўтказишга зўр бериб интилаётгани ҳеч кимга сир бўлмай қолди. Бу ҳаракатлар эса Исломнинг инсонпарваплик ғояларини обрўсизлантиришга сабаб бўлмоқда. Ислом дини зўравонлик қон тўкиш ёки бузғунчиликка тарғиб қилмаслиги, аксинча, бу дин тинчлик, инсонпарварлик, кенгбағрлик, эзгулик дини эканини яхши тушунмоқ лозим. Бугунги кунда одамларимизга соф диний манбалар асосида ташқи кучларнинг дин омилидан манфаатлари йўлида фойдаланиш учун олиб бораётган ҳаракатларини моҳиятини очиб бериш керак. Мана шу жиҳатдан олиб қарайдиган бўлсак, «жиҳод» ва «мужоҳидлик» масаласи ҳам Исломдаги энг нозик, аҳамиятли масалалардандир.
Юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб, дунё уламоларининг фикрларига таянган ҳолда «жиҳод» ва «мужоҳид» тушунчасининг Ислом таълимотидаги соф мазмун-моҳиятини эслаш мақсадга мувофиқдир. Динимизнинг кўзга кўринган барча уламолари жиҳод сўзига қуйидагича таъриф берганлар: "Жиҳод" сўзи луғатда инсон томонидан барча имкониятни ишга солиб ҳаракат қилиш маъносини англатади. Истилоҳда эса — дини, ватани, оиласи, обрўси ва моли ҳимояси учун шариат рухсат берган йўллар билан амалга ошириладиган кураш ҳаракатларини англатади.
Шундан келиб чиқадиган бўлсак, мусулмон одам жиҳод қилмоқчи бўлса, ўзининг барча куч-қувват, ақл-заковати ва моддий имкониятларини Аллоҳ йўлида, Унинг дини учун сарфлаши керак бўлади. Алоҳида таъкидлаб айтиш лозимки, жиҳод сўзи луғатда уруш маъносини англатмайди. Урушни араб тилида бошқа сўзлар билан ифода этилади. Асосан, уруш маъносини англатиш учун араб тилида «қитол» сўзи ишлатилади ёки жиҳод сўзи ёнига "фи сабилиллаҳи” қўшимчаси қўшиб ишлатилади.
Дарсини ўзлаштириш учун барча имкониятларини ишга солиб ҳаракат қилаётган толиби илмни мужтаҳид талаба деб аталади. Бинобарин, уни илмий жиҳод қилмоқда деса бўлади. Шаръий масалаларни ечишда бор имконини ишга солиб ҳаракат қилган улкан олимларни ҳам мужтаҳид деб аталган. Ундоқ кишилар шаръий илмларни ривожлантириш ва тарқатишда жиҳод қилганлар.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, жиҳод сўзининг луғатдаги хусусиятидан келиб чиқиб жиҳоднинг турлари кўп ва ўшаларнинг ичида душманга қарши жони, ватани ва динини сақлаш учун жон-жаҳди билан жанг қилиш ҳам жиҳод дейилган.
Исломнинг дастлабки босқичида мушриклар билан ақидавий тортишув қилиб турган пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга Аллоҳ таоло Фурқон сурасида қуйидаги хитобни қилади: "Кофирларга итоат этма! Уларга қарши у (Қуръон) билан катта жиҳод қил!"
Демак, Қуръон билан катта жиҳод қилинган. Бунда уруш олиб бориш маъноси йўқлигини англаш заррача ақли бор одам учун қийин эмас.
Исломда жиҳод маъноси аввало уруш маъносида эмас, Аллоҳнинг динига сўз билан даъват қилиш маъносида юзага келган ва бу маъно шу мавзуда асос бўлиб қолган. Имом Термизий, Имом Ибн Ҳиббон ва Имом Дайламий ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Жиҳоднинг афзали Аллоҳ таоло учун ҳавои-нафсингга қарши жиҳод қилмоғингдир", — деганлар.
Жомеъул аҳадис китобида (4-жуз, 741-бет) келтирилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Кичик жиҳоддан катта жиҳодга, банданинг ҳавои-нафсига қарши қиладиган жиҳодига хуш келдингиз!" — деганлар. Бундан инсоннинг ҳавойи-нафси йўлига кирмаслик, уни енгиб шариатга мувофиқ яшаш учун жон-жаҳди ила қилган ҳаракати ҳам жиҳод экани, жиҳод бўлганда ҳам афзал жиҳод экани келиб чиқади.
Машҳур аллома Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳ "жиҳод”ни нотўғри талқин қиладиганларга раддия сифатида ёзган "Ал-Жиҳод фил Ислом” номли китобида шундай дейдилар:
"Мен бу асрда баъзи бир доиралар наздида янги ислом тугилаётганини мулоҳаза қилмоқдаман. У, Аллоҳнинг ҳузуридан ваҳий бўлиб тушмайди. Лекин баъзи одамларнинг фикрлари ва мижозларидан келиб чиқади. Унинг ҳукм.лари шаръий далиллар ҳукми ила бирлашмайди ва шаръий ҳужжатларга бўйсунмайди. У фақат баъзи шахс ва жамоаларнинг мутасссублиги ёки ҳавойи нафсидан келиб чиқади”.
Жанг асосида олиб бориладиган жиҳод икки қисмдан иборат:
1. Талаб жиҳоди — фарзи кифоя. У ҳозир йўқлигига уламолар иттифоқ қилишган. Чунки, ҳозирда давлатлар ўртасида ўзаро тинчлик битими мавжуд бўлиб, уришмасликка келишилган.
2. Мудофаа жиҳоди — фарзи айн. У душманлар мусулмонлар яшайдиган юртга уруш қилиб, бостириб кирса, ҳимоя учун фарз бўлади.
Ҳозирги кунда жиҳодга чақираётганларнинг чақириқларини ҳеч қандай асосга эга эмаслигини англаб олмоқ лозим бўлади. Зеро, мен жиҳод қиламан деб ўзга юртларда бегуноҳ инсонларга қарши қурол кўтариб, уларни тинчлигига раҳна солиб, қотиллик қилиб мабодо ўлса, шаҳид эмас, балки, жоҳилият ўлимида ўлиб кетмоқда. Бугунги кунда жиҳодга тарғиб қилаётган гуруҳлар қайси сиёсий кучларга хизмат қилаётганларини ўзлари ҳам билмайди
Баъзи олимлар жиҳодни уч турга бўладилар:
• Бадан билан, яъни ҳар турли ҳарбий воситалар билан ватан, миллат, дин ва халқ ҳимояси учун кофир-душманларга қарши қилинади. Бу жиҳодни фақат давлат раҳбарларигина амалга оширади, бошқариб боради. Ҳозир минг афсуски жуда кўп мусулмонлар жиҳод деганда фақат мана шу давлат зиммасидаги вазифани тушунишади холос;
• Ҳар турли оммавий ахборот воситалари билан Исломни инсониятга ёйиш, эшиттириш орқали қилинади. Бу жиҳодни ислом олимлари қиладилар. Ислом олимларидан маҳрум замонларда яшаган оддий мусулмонларнинг, миссионерлар ва бидъат аҳдининг ҳужумларидан ҳимояланиш учун аввал яшаб ўтган аҳди суннат олимларининг асарларини, насиҳатларини китоблар орқали, ҳар турли оммавий ахборот воситалари ва нашриётлар орқали бутун дунёга тарқатишлари, эшиттиришлари керак. Исломнинг ички ва ташқи душманларининг бузғунчи, алдовчи ташвиқотларига қарши аҳди суннат олимлари билдирган ҳақиқий мусулмонликни ёйиш кунимизнинг энг қиммат жиҳодидир;
• Дуо билан қилинадиган жиҳод. Бу жиҳод умумий тарзда барча мусулмонларга ҳамиша фарзи айндир. Юқорида зикри ўтган тур жиҳодлар эса фарзи кифоядир. Мана шу учинчи жиҳодга бепарво бўлиш катта гуноҳ бўлади. Жиҳод — инқилоб қилиш, амирларга, бошлиқларга қарши чиқиш ва исён қилиш, бузиш, синдириш-қийратиш, портлатиш ва вайрон қилиш дегани эмас. Бундай ҳаракатлар фитна бўлиб Ислом ва бошқа мусулмонлар учун кулфат келтиради. Мусулмонларнинг эзилишига, ҳибсга тушишига ва дин, иймон илмларининг таъқиқланишига йўл очади. Бундай фитна чиқарганларга Пайғамбаримиз лаънат айтганлар!
Уламоларнинг хулосасига кўра, агар душман мусулмон юртига уруш очиб, бостириб кирса, барча мусулмонларга қуролли жиҳод фарзи айн, бундай ҳолат бўлмаса, фарзи кифоя ҳисобланади. Қуролли жиҳод ҳокимият раҳбари қўли остида амалга оширилади. Жиҳод ҳеч қачон қотиллик, босқинчилик, одамларни гаровга олиш, мажбуран эътиқодини ўзгартириш ёки тинч мусулмон жамиятида фитна чиқариш учун жорий қилинмаган.
Яратган буюк аждодларимизнинг бой маданият ва маърифат булоқларидан баҳраманд бўлган халқимизнинг диний бағрикенглик дину-диёнат, иймону-эътиқод, одоб-ахлоқ, меҳру-мурувват, оила, фарзанд тарбияси, ота-она ҳурмати ва иззати борасида ҳам ўзига хос кенг феъллик, саховат ва мўътадиллик тамойилларига амал қилишни бардавом қилсин. Юртимизда тинчлик-хотиржамлик бардавом бўлсин, ўзаро тотувлигимиз, иноқлигимиз янада мустаҳкам бўлсин!
Мир Араб ўрта махсус
ислом таълим муассасаси
ўқитувчиси А.Мустафоев
манбалар асосида тайёрлади